Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ҳафта давомида ҳарорат пасайиб, ёмғир ёғиши кутилмоқда
Мамлакатнинг аксарият ҳудудларида ва пойтахтда вақти-вақти билан қисқа муддатли ёмғир ёғиб, момақалдироқ бўлиши, баъзи жойларда эса чанг-тўзонлар кузатилиши кутилмоқда.
Ўтган ҳафтада кузатилган жуда иссиқ об-ҳаводан сўнг ушбу иш ҳафтаси давомида Ўзбекистон бўйича ҳарорат фони пасаяди. Республика ҳудудининг катта қисмида кундузги ҳаво ҳарорати +30…+35 даража атрофида, жанубда +37 даражагача бўлади, дея хабар бермоқда Ўзгидромет.
Душанба куни кундузи Ўзбекистон ҳудудининг катта қитсмида ёғингарчиликсиз об-ҳаво бўлиши кутилмоқда, фақат Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Навоий, Тошкент вилоятларида айрим жойларда қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин.
Сешанба куни Тошкент, Самарқанд, Жиззах, Сирдарё вилоятларида баъзи жойларда момақалдироқ билан қисқа муддатли ёмғир ёғади. Республиканинг қолган ҳудудларида ёғингарчилик кутилмайди.
Чоршанба куни республиканинг шимоли-ғарбий ҳудудларида қисқа муддатли ёмғир ёғади, баъзи жойларда момақалдироқ билан кузатилади.
Пайшанба куни марказий вилоятларнинг асосан айрим тоғолди ва тоғли ҳудудларида, жума куни эса Ўзбекистоннинг шимоли-ғарбий ва чўл ҳудудларида момақалдироқ билан қисқа муддатли ёмғир ёғиши мумкин.
Шамол 7–12 метр/сония тезликда эсади, баъзи жойларда 13–18 метр/сониягача кучаяди, шимолда, жанубда ва чўл ҳудудларда 29–30 июн кунлари баъзида 20–22 метр/сониягача кучайиши, айрим жойларда чанг-тўзонлар билан кузатилиши мумкин.
Республиканинг тоғолди ва тоғли ҳудудларида вақти-вақти билан қисқа муддатли ёмғир ёғади, момақалдироқ кузатилади. Сел-сув тошқин ҳодисалари юзага келиши мумкин.
Тошкент шаҳрида душанбанинг иккинчи ярмида қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин. Ҳарорат +32…+34 даража бўлади. 30 июнда вақти-вақти билан қисқа муддатли ёмғир ёғади, момақалдироқ бўлиши мумкин. Ҳарорат кундузи +30…+32 даража бўлади.
1–3 июл кунлари асосан ёғингарчиликсиз об-ҳаво кузатилади, фақат 2 июлда қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин. Ҳарорат асосан кундузи +31…+34 даража бўлади. Ҳарорат кечалари +20…+23 даража атрофида бўлади.
29–30 июн ва 2 июлда шамол тезлиги вақти-вақти билан 12–15 метр/сониягача кучайиши, шаҳарнинг айрим жойларида чанг-тўзонлар билан кузатилиши мумкин.