Жамият | 08:49
3746
2 дақиқада ўқилади

Ўзгидромет: июл ойида Ўзбекистонда кучли иссиқлар кутилмоқда

Ўзгидрометнинг дастлабки прогнозига кўра, июл ойида Ўзбекистонда ҳаво ҳарорати иқлим меъёридан юқори бўлади. Айрим кунлари республика шимоли, жануби ва чўл ҳудудларида ҳарорат 45 даражагача кўтарилиши, ой давомида эса асосан қуруқ ва ёғингарчиликсиз об-ҳаво сақланиши кутилмоқда.

Фото: Kun.uz

Ўзгидромет маълум қилишича, июл ойи Ўзбекистонда йилнинг энг иссиқ ойи ҳисобланади. Одатда ушбу ойда республика ҳудудининг катта қисмида кундузги ўртача максимал ҳаво ҳарорати 35–37 даражани, жанубий ва чўл ҳудудларида эса 38–40 даражани ташкил этади.

Синоптиклар маълумотига кўра, деярли ҳар йили июл ойида ҳаво ҳарорати 40–42 даражагача, айрим шимолий, жанубий ва чўл ҳудудларида эса 43–45 даражагача кўтарилади. Энг иссиқ йилларда эса ҳарорат 47–50 даражагача етган ҳолатлар ҳам кузатилган.

Бу йил июл ойининг дастлабки беш кунида ҳаво нисбатан қулай бўлиши кутилмоқда. Кундузи ҳарорат 30–35 даража, жанубда 36–39 даража атрофида бўлади. Биринчи ўн кунликнинг охирига келиб эса иссиқ кучайиб, кундузги ҳарорат 37–40 даражага, жанубда 41–43 даражагача кўтарилиши мумкин. Кейинги даврда ой охиригача ҳарорат асосан 33–43 даража оралиғида бўлиб, республика шимоли, жануби ва чўл ҳудудларининг айрим жойларида 45 даражагача етиши эҳтимол қилинмоқда.

Прогнозга кўра, июл ойида ўртача ҳаво ҳарорати иқлим меъёридан 1,5–3 даражага юқори бўлади. Энг катта мусбат оғиш шимолий ва чўл ҳудудларида кузатилиши кутилмоқда.

Ўзгидромет сўнгги йилларда 40 даража ва ундан юқори ҳароратли кунлар сони ортиб бораётганини қайд этди. Масалан, Тошкентда 2019 йил июл ойида кетма-кет 14 кун давомида ҳаво ҳарорати 40 даражадан юқори бўлган. 2025 йил июл ойи ҳам шунга яқин даражада иссиқ кечган.

Июл ойида республика бўйича асосан қуруқ об-ҳаво ҳукм суради. Фақат айрим кунларда тоғолди ва тоғли ҳудудларда қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ кузатилиши мумкин. Ойлик ёғингарчилик миқдори эса кўп йиллик меъёрдан кам бўлиши прогноз қилинмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид