Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Давлат архив ҳужжатлари электрон шаклда сақланади
Ўзбекистонда давлат органлари ва ташкилотларининг архив ҳужжатларини Ягона миллий архив ахборот тизимида электрон шаклда сақлаш ва юритиш тартиби белгиланди. Тегишли низом ҳукумат қарори билан тасдиқланди.
Ҳукуматнинг 2026 йил 30 июндаги 352-сон қарори билан «Давлат органлари ва ташкилотларининг архив ҳужжатларини Ягона миллий архив ахборот тизимида электрон шаклда сақлаш тартиби тўғрисида»ги низом тасдиқланди.
Мазкур низом республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, хўжалик бирлашмалари ҳамда бошқа давлат ташкилотларининг архив ҳужжатларини электрон шаклда шакллантириш, юритиш ва сақлаш, шунингдек, Ягона миллий архив ахборот тизимидан фойдаланиш тартибини белгилайди.
Низомга мувофиқ, архив ахборот тизимидан давлат органлари ва ташкилотлари ҳамда оператор ўртасида тузиладиган шартнома асосида фойдаланилади.
Тизимга уланиш учун давлат органлари ва ташкилотлари махсус электрон ойна орқали операторга ариза юборади. Оператор ариза келиб тушган кундан эътиборан икки иш куни ичида уни кўриб чиқади.
Агар ариза низом талабларига мувофиқ деб топилса, оператор давлат органи ёки ташкилотга электрон шаклда шартнома юборади.
Шартнома имзоланиб, унда назарда тутилган тўловлар амалга оширилганидан кейин оператор фойдаланувчини икки иш куни ичида Ягона миллий архив ахборот тизимига улаш чораларини кўради.