Жаҳон | 23:09 / 02.07.2026
765
2 дақиқада ўқилади

Литва ядро қуролини жойлаштиришга қўйилган тақиқни бекор қилмоқчи

Литва Конституциясининг 137-моддаси оммавий қирғин қуролларини жойлаштиришни ва Литва ҳудудида хорижий ҳарбий базаларни ташкил этишни тақиқлайди.

Гитанас Науседа Фото: Bloomberg | Getty Images

Литва президенти Гитанас Науседа 2 июль куни ўз давлатининг сиёсий етакчилари мамлакат ҳудудида ядро қуролини жойлаштиришга қўйилган конституциявий тақиқни бекор қилиш зарурлиги тўғрисида келишувга эришганини маълум қилди, деб хабар берди CNBC News.

Нашрнинг таъкидлашича, бу қарор Россия билан чегарадош бўлган яна бир НАТО аъзоси - Финляндия қонунчилари ядро қуролига қўйилган узоқ йиллик тақиқни бекор этиш учун овоз берганидан кўп ўтмай қабул қилинган.

LRT давлат телерадиокомпанияси хабарига кўра, Науседа журналистларга Литва Конституциясининг 137-моддаси эскирганини тушунтирди.

Унинг қўшимча қилишича, парламент ва ҳукумат раҳбарлари «деярли бир овоздан» бу сиёсатни бекор қилишни қўллаб-қувватладилар.

Литва Конституциясининг 137-моддаси оммавий қирғин қуролларини жойлаштиришни ва Литва ҳудудида хорижий ҳарбий базаларни ташкил этишни тақиқлаган.

«Геосиёсий вазият ёмонлашмоқда. Бизнинг конституциямиз геосиёсий шароитлар бутунлай бошқача бўлган пайтда ёзилган эди», деди Науседа.

Литва президенти сўзларига кўра, ушбу қоиданинг бекор қилиниши Вилнюс келажакда хавфсизлик вазиятидаги ўзгаришларга мослаша олишини англатади. Шу билан бирга, у ҳозир мамлакат ҳудудида ядро қуролини жойлаштириш режалари йўқлигини қўшимча қилди.

Мақолада таъкидланишича, Россиянинг Калининград шаҳри билан чегарадош Литва Россия президенти Владимир Путин ва Киев ўртасидаги тўрт йилдан ортиқ давом этаётган можаро давомида Украинанинг энг содиқ иттифоқчиларидан бири бўлиб, сезиларли ҳарбий техника ва молиявий ёрдам кўрсатган.

Ўтган ой Financial Times муҳокамалардан хабардор бўлган учта аноним манбага таяниб, АҚШ Европада ядро қуроли олиб юришга қодир янги ҳарбий объектларни жойлаштириш бўйича музокаралар олиб бораётганини хабар қилди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид