Жаҳон | 08:40
5568
3 дақиқада ўқилади

Дунё икки демографик гуруҳга бўлинмоқда

Дунё давлатлари туғилиш даражаси бўйича тобора икки гуруҳга ажралмоқда. Биринчи гуруҳда аҳоли сонининг табиий тикланиши учун етарли туғилиш даражаси сақланиб қолаётган давлатлар бўлса, иккинчи гуруҳга туғилиш коэффициенти аҳоли ўзини қайта тиклаш даражасидан пастга тушиб кетган мамлакатлар киради.

Фото: REUTERS

Visual Capitalist нашри Бирлашган Миллатлар Ташкилоти прогнозлари асосида тайёрлаган янги инфографикада дунё давлатлари туғилиш коэффициенти бўйича тақсимланди. Харитада ҳар бир аёл ҳиссасига тўғри келадиган фарзандлар сони аҳоли табиий тикланиши учун зарур бўлган 2,1 кўрсаткичдан юқори ёки паст экани акс эттирилган.

Мутахассислар таъкидлашича, бу демографик бўлиниш келажакда аҳолининг қариши, меҳнат бозорида ишчи кучи етишмаслиги, миграция оқимларининг кучайиши ҳамда иқтисодий ўсиш суръатларига жиддий таъсир кўрсатиши мумкин.

Ҳисоботга кўра, Европанинг деярли барча давлатлари аҳоли ўзини табиий тиклаш даражасидан паст кўрсаткичга тушиб бўлган. Шунингдек, Шимолий ва Жанубий Американинг катта қисми ҳамда Шарқий Осиё мамлакатларида ҳам худди шундай вазият кузатилмоқда.



Айни пайтда Африка қитъасининг аксарият давлатлари, Яқин Шарқнинг бир қисми, Марказий Осиё, Жанубий Осиё ва Жануби-Шарқий Осиёнинг қатор мамлакатларида туғилиш даражаси ҳали ҳам аҳолининг табиий ўсишини таъминлайдиган меъёрдан юқори бўлиб қолмоқда.

Шу билан бирга, минтақавий манзарада айрим истиснолар ҳам мавжуд.

Марказий Америкада Ҳондурас, Никарагуа ва Гватемалада туғилиш коэффициенти ҳали ҳам 2,1 кўрсаткичидан юқори. Бу ҳолат қитъанинг бошқа давлатларидан кескин фарқ қилади.

Африкада эса Тунис материкдаги ягона давлат бўлиб, унда туғилиш даражаси аҳоли табиий тикланиши учун зарур бўлган чегарадан пастга тушган.

Жанубий Америкада Боливия ва Парагвай, шунингдек, Гайана, Суринам ҳамда Француз Гвианаси юқори туғилиш кўрсаткичлари билан ажралиб туради.

Яқин Шарқда Бирлашган Араб Амирликлари, Қатар ва Баҳрайнда туғилиш даражаси аллақачон аҳоли тикланиш даражасидан паст. Бироқ уларни ўраб турган давлатларнинг кўпчилигида бу кўрсаткич ҳали ҳам юқори бўлиб қолмоқда.

Жанубий ва Марказий Осиёда Покистондан бошланиб, Қозоғистон орқали Мўғулистонгача чўзилган ҳудудда туғилиш коэффициенти 2,1 дан юқори бўлиб қолмоқда. Бу гуруҳга Бангладеш ҳам киради.

Жануби-Шарқий Осиёда Лаос ва Камбожа юқори туғилиш даражасини сақлаб қолган. Индонезия эса алоҳида ўрин тутади — бу мамлакатда туғилиш коэффициенти айнан 2,1 ни ташкил этиб, аҳоли ўзини табиий тиклаш даражасига тўлиқ мос келади.

Таҳлилчиларнинг фикрича, бундай фарқлар мамлакатларнинг демографик ривожланиш босқичлари турлича экани билан изоҳланади. Айрим давлатлар демографик ўтиш жараёнининг кейинги босқичига ўтиб бўлган бўлса, бошқалари ҳали ҳам юқори туғилиш даражасини сақлаб турибди. Шу боис дунё харитасида умумий минтақавий манзарадан кескин ажралиб турувчи ўзига хос «демографик ороллар» шаклланмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид