Жамият | 21:10 / 04.07.2026
1022
2 дақиқада ўқилади

Талабалар турар жойларини қуриш бўйича янги тартиб жорий этилди

2026 йил 1 июлдан бошлаб давлат ОТТлари буюртмаси асосида тадбиркорлар томонидан 50 ўринли янги ётоқхоналар қуриш амалиёти бекор қилинади. Янги тартибга кўра, ДХШ асосидаги лойиҳа камида 200 ўринли талабалар турар жойи учун амалга оширилади.

Ҳукумат қарори билан талабалар турар жойларини давлат-хусусий шериклик асосида қуриш ва молиялаштириш тартиби янгиланди.

Эндиликда тадбиркорлар давлат билан ҳамкорликда замонавий талабалар турар жойларини қуради, давлат эса уларни молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлайди.

Янги тартибга кўра, ДХШ асосидаги лойиҳа камида 200 ўринли талабалар турар жойи учун амалга оширилади.

Шунингдек, ДХШ белгиланган лимит доирасида ҳар бир ётоқ ўрни учун қурилиш харажатларининг 50 фоизигача субсидия ажратади.

Талабалар турар жойи учун тўлов миқдори давлат ва хусусий шерик ўртасидаги келишув асосида белгиланади.

Давлат қабул комиссияси орқали жойлаштирилган талабалар учун ётоқхонани сақлаш ва фойдаланиш харажатларининг 50 фоизигача давлат бюджети ҳисобидан қоплаб берилади.

Агар ётоқхонада бўш ўринлар қолса, уларга бошқа олий таълим ташкилотлари талабалари ҳам жойлаштирилиши мумкин.

Шунингдек, ётоқхона учун ажратилган ер майдонида битимда белгиланган ётоқ ўринлардан ташқари бўш майдонлардан тадбиркорлик фаолияти учун фойдаланишга рухсат берилади.

Давлат субсидиялари махсус электрон платформа орқали талабаларнинг биометрик идентификацияси асосида ҳисобланади.

2026 йил 1 июлдан бошлаб давлат ОТТлари буюртмаси асосида тадбиркорлар томонидан 50 ўринли янги ётоқхоналар қуриш амалиёти бекор қилинади. Аввал бошланган лойиҳалар эса амалдаги битимлар муддати тугагунига қадар давом эттирилади.

Дилшодбек Асқаров
Тайёрлаган Дилшодбек Асқаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид