Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўзбекистонда алифбо ислоҳоти бўйича қонун қабул қилинди
Gʻ ҳарфи Ğ шаклида, Oʻ ҳарфи Ö шаклида, Sh ҳарфи Ş шаклида, Ch ҳарфи Ç шаклида ифодаланиши мумкин. Қонунчилик палатаси тегишли қонунни қабул қилиб, Сенатга юборди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси 7 июн кунги мажлисида “Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартириш киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳасини қабул қилди.
Лойиҳада лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбоси 26 та ҳарф ва 3 та ҳарфлар бирикмаси ўрнига, 28 та ҳарф ва 1 та тутуқ белгисидан ташкил топиши, шунингдек, айрим ҳарфларнинг қўлланилишига аниқлик киритилиши назарда тутилмоқда.
Кўзда тутилган ўзгаришлар:
- Gʻ gʻ → Ğ ğ
- Oʻ oʻ → Ö ö
- Sh sh → Ş ş
- Ch ch → Ç ç
- ng ҳарфи алифбодан чиқарилади.
Ўзгаришлар кучга кириши учун қонун Сенат томонидан маъқулланиб, Президент томонидан имзоланиши керак бўлади.
Қайд этиш лозим, қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилмади. Шунингдек, айнан қандай ўзгаришлар ҳақида гап кетаётгани ҳам бир муддат аниқ бўлмай турди – палата расмий ахборотида бунга аниқлик киритилмаган. Қолаверса, ялпи мажлис фақатгина Қонунчилик палатасининг расмий сайтидагина эфирга узатилган бўлиб, сайтда эфирни ортга қайтариб томоша қилиш имконияти йўқ. Бундай имконият YouTube'да бор эди, лекин Қонунчилик палатаси – Сенатдан фарқли ўлароқ – ўз мажлисларини YouTube'да жонли эфирга узатиш амалиётини тўхтатиб қўйган.
“Босқичма-босқич жорий этилади”

Расмий хабарда айтилишича, қонун лойиҳаси амалиётда босқичма-босқич жорий этилади. Хусусан, қонун кучга киргунига қадар расмийлаштирилган ҳужжатлар, миллий валюта ва қимматли қоғозларнинг амал қилиши сақлаб қолинади.
Шунингдек, давлат органлари ва ташкилотларининг рамзий белгилари, пешлавҳа ва кўрсаткичлари ҳамда бошқа атрибутлардан белгиланган муддатгача ўзгаришсиз фойдаланилади.
“Бу ёндашув давлат органлари ва ташкилотларида амалда фойдаланилаётган ҳужжатлар, бланкалар, пешлавҳалар, кўрсаткичлар ва бошқа моддий воситаларни бир вақтнинг ўзида алмаштириш заруратини бартараф этади. Натижада давлат бюджети маблағларининг асоссиз сарфланишининг олди олинади, қўшимча давлат харажатлари юзага келишига йўл қўйилмайди ҳамда алифбодаги ўзгаришларни амалга ошириш давлат органлари ва ташкилотлари учун молиявий жиҳатдан мақбул, босқичма-босқич тартибда таъминланади”, – дейилади парламент ахборотида.

Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилиниб, Сенатга юборилди.
Мавзуга оид
12:23 / 27.06.2026
Ўзбекистонда 425 та ташкилот жамоат аҳамиятига молик деб топилди
17:55 / 09.06.2026
«Светофор - йўлчироқ, пароль - ўрон» — депутатлар янги қонунни маъқуллади
11:57 / 17.05.2026
Оқбўйрадаги портлаш юзасидан Қонунчилик палатаси депутати вазирликка сўров жўнатди
14:17 / 25.03.2026