Жамият | 09:45
1639
2 дақиқада ўқилади

Собиқ давлат хизматчиларини ишга олиш тартиби ўзгарди

Ўзбекистонда собиқ давлат хизматчиларини айрим ташкилотларга ишга қабул қилиш тартиби кучайтирилди. Энди уларни ишга олишдан аввал коррупцияга қарши ички назорат бўлинмасининг хулосасини олиш мажбурий ҳисобланади.

Фото: Kun.uz

Адлия вазирлиги собиқ давлат хизматчиларини ишга қабул қилишда коррупцияга қарши ички назорат бўлинмасидан хулоса олиш тартибини белгиловчи идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатни давлат рўйхатидан ўтказди. Ҳужжат 2026 йил 8 июл куни 3894-сон билан рўйхатдан ўтказилди.

Мазкур тартиб «Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида»ги қонун ижросини таъминлаш мақсадида қабул қилинган.

Қонунга мувофиқ, давлат органи ёки ташкилотида ишлаган шахс ишдан бўшаганидан кейин икки йил давомида ўзи назорат қилган ташкилотга ишга қабул қилиниши учун аввалги иш жойининг коррупцияга қарши ички назорат бўлинмасидан мажбурий хулоса олиниши шарт.

Янги тартибга кўра, назорат остида бўлган ташкилот собиқ давлат хизматчисини ишга қабул қилишни режалаштирса, унинг кадрлар хизмати бир иш куни ичида коррупцияга қарши ички назорат бўлинмасига мурожаат қилиши лозим.

Ички назорат бўлинмаси қуйидаги уч турдаги хулосалардан бирини тақдим этади:

  • ижобий хулоса — номзодни ишга қабул қилиш мумкин;

  • чекловли ижобий хулоса — белгиланган чекловлар асосида ишга қабул қилиш мумкин;

  • салбий хулоса — ишга қабул қилиш рад этилади.

Ҳужжатга мувофиқ, ички назорат бўлинмасининг хулосаси олинмаган ёки салбий хулоса берилган тақдирда номзодни ишга қабул қилишга йўл қўйилмайди.

Агар чекловли ижобий хулоса берилса, ходим уч ой давомида аввал назорат қилган ташкилотга оид қарорларни қабул қилиш жараёнида иштирок этмайди. Шунингдек, манфаатлар тўқнашувига сабаб бўлиши мумкин бўлган вазифалари қайта тақсимланади ва унинг фаолияти коррупцияга қарши ички назорат бўлинмаси томонидан мониторинг қилинади.

Собиқ давлат хизматчиси ички назорат бўлинмасининг хулосасидан норози бўлса, юқори турувчи ташкилотга ёки Коррупцияга қарши курашиш агентлигига шикоят қилиш ҳуқуқига эга.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид