Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Актёр Сэм Нил вафот этди
Ушбу янги зеландиялик актёр «Буюк Мерлин», «Юра даври парки» ва «Ўткир виқорлилар» каби филмлар орқали машҳурликка эришганди.
Янги зеландиялик актёр Сэм Нил 78 ёшда вафот этди. Нилнинг оиласи актёр Сиднейдаги клиникалардан бирида, оила аъзолари ва бошқа яқинлари даврасида кўз юмганини билдирган. Унга 2022 йилда онкологик касаллик ташхиси қўйилган, 2026 йил апрел ойи охирида унинг ўзи бу касалликни муваффақиятли енгиб ўтганини хабар қилганди.
Австралия бош вазири Энтони Албаниз ҳам актёрнинг ўлими юзасидан ҳамдардлик билдирди. «Сэм касалликка қарши ҳар бир нутқига куч бағишлаган ўша қадр-қиммат, юмор ва ишонч билан курашди. Унга қаттиқ аза тутишади ва уни узоқ вақт ёдда сақлашади», – дея ёзган Албаниз X ижтимоий тармоғида.
Сэм Нил (тўлиқ исми Найжел Жон Дермот Нил) 1947 йил 14 сентябрда Шимолий Ирландияда дунёга келган, ўша вақтда унинг отаси ҳарбий хизматни шу ерда ўтаётганди. 1954 йилда Ниллар оиласи отасининг ватанига – Янги Зеландияга қайтади. Нил фаолиятини театр актёри сифатида бошлаган. «Ухлаётган итлар» (Sleeping Dogs, 1977) филмидаги ижроси унинг фаолиятида бурилиш ясайди – бу янги зеландияликларнинг АҚШда кенг миқёсда намойиш этилган илк филми бўлганди. Шундан кейин Нил Ҳолливуд филмларида кўриниш беришни бошлайди.
«Рейли: Жосуслар қироли» (1983 йил) мини-сериалидаги роли учун уни «Олтин глобус» учун номзод сифатида кўрсатишганди.
1993 йилда Нил «Пианино» филмида (режиссёр ва сценарийнавис Жейн Кэмпион) суратга тушади. Ушбу картина дастлаб Канн кинофестивалида «Олтин палма япроғи» мукофотини қўлга киритади, кейинроқ бир неча йўналишда «Оскар» ғолиби бўлади. Худди ўша йили Стивен Спилберг томонидан суратга олинган ва бош роллардан бирини Нил ижро этган «Юра даври парки» филми катта экранларга чиқади. Кейинги йилларда актёр ушбу франшизанинг бир неча сиквелларида суратга тушади.

Ўзбек томошабини уни 1998 йилда ишланган «Буюк Мерлин» телесериали (бош қаҳрамон, сеҳргар Мерлин ролини ўйнаган) орқали таниган. Нил кейинроқ «Тюдорлар» (The Tudors, 2007-2010) ва «Ўткир виқорлилар» (Peaky Blinders, 2013-2022) каби машҳур сериалларда ҳам рол ижро этди, «Симпсонлар» ва «Рик ва Морти» эпизодларида кўриниш берди.
Умуман, актёр 50 йиллик фаолияти мобайнида 150 дан ортиқ филм ва сериалларда роллар ижро этган.