Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Темир рудаси бўйича дунё етакчилари: энг йирик 10 та кон
Темир рудаси жаҳон металлургия саноатининг асосий хомашёси ҳисобланади. Сўнгги маълумотларга кўра, дунёдаги энг йирик темир рудаси конларининг аксарияти Австралия ва Бразилияда жойлашган бўлиб, айнан шу икки мамлакат глобал темир рудаси ишлаб чиқаришида етакчилик қилмоқда.
Темир инсоният энг кўп фойдаланадиган металлардан бири бўлиб, ундан тайёрланадиган пўлат қурилиш, машинасозлик, транспорт ва бошқа кўплаб тармоқларнинг асосини ташкил этади. Ўтган йил давомида жаҳонда қарийб 2,5 миллиард тонна тижорат темир рудаси қазиб олинган.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, дунёдаги энг йирик ўнта темир рудаси конининг саккизтаси Австралиянинг Ғарбий Австралия штатидаги Пилбара минтақасида, қолган иккитаси эса Бразилиянинг Каражас ҳавзасида жойлашган. Бу икки ҳудуд глобал темир рудаси саноатининг асосий марказлари ҳисобланади.
Рейтингда биринчи ўринни Бразилиянинг Serra Norte кони эгаллади. Vale компаниясига тегишли мазкур мажмуа йилига 102,8 миллион тонна темир рудаси қазиб чиқаради. Бу ердаги руда таркибида темир улуши 66 фоизгача етади ва у дунёдаги энг юқори сифатли конлардан бири сифатида эътироф этилади.
Иккинчи ўринда яна Vale компаниясининг Carajás Serra Sul S11D лойиҳаси қайд этилган. Унинг йиллик ишлаб чиқариш ҳажми 76,67 миллион тоннани ташкил этади. Қарийб 19,5 миллиард доллар сарфланган мазкур лойиҳа конвейер тизими асосида ишлаши билан ажралиб туради ва дизель юк машиналаридан деярли фойдаланмайди.
Учинчи ўрин Австралиядаги Mt Newman Joint Venture конига насиб этган. BHP компанияси томонидан бошқариладиган ушбу мажмуа йилига 66,99 миллион тонна темир рудаси қазиб чиқаради. У Пилбарадаги энг йирик темир рудаси ишлаб чиқариш объектларидан бири ҳисобланади.
Шунингдек, рейтингдан Австралиянинг Jimblebar Hub, Area C Mine, South Flank, Greater Tom Price, Kings Valley, Yandicoogina Mine ва Christmas Creek Mine каби йирик конлари ҳам ўрин олган. Бу конлар BHP, Rio Tinto ва Fortescue каби халқаро компаниялар томонидан ўзлаштирилмоқда ва жаҳон бозорига миллионлаб тонна темир рудаси етказиб бермоқда.
Таҳлилчиларга кўра, айрим конларнинг ишлаш муддати 2030-йиллардан бошлаб якунланиши кутилмоқда. Масалан, Christmas Creek конини 2031 йилгача ёпиш режалаштирилган бўлса, энг янги ва истиқболли S11D лойиҳаси 2059 йилгача ишлаши кўзда тутилган.
Мутахассислар йирик конларда автоном карер самосваллари, ҳайдовчисиз темирйўл таркиблари ва узун конвейер тизимлари каби замонавий технологиялар жорий этилаётганини таъкидламоқда. Бу ишлаб чиқариш харажатларини камайтириш, ёнилғи сарфини қисқартириш ҳамда пастроқ таркибли рудаларни ҳам иқтисодий жиҳатдан самарали ўзлаштириш имконини бермоқда.
Таъкидланишича, жаҳонда темир рудасига бўлган талаб ҳали ҳам юқори даражада сақланиб турибди. Шу боис кончилик компаниялари мавжуд захиралардан самарали фойдаланиш билан бир қаторда, келажакда янги йирик темир рудаси ҳавзаларини аниқлаш ва ўзлаштиришга ҳам катта эътибор қаратмоқда.