Ўзбекистон | 10:47
1742
2 дақиқада ўқилади

«Қўқон патири» расман географик кўрсаткич мақомини олди

Адлия вазирлиги Фарғона вилоятига хос бўлган машҳур миллий нон тури — «Қўқон патири»ни географик кўрсаткич сифатида давлат рўйхатидан ўтказди. Бу қарор маҳсулотнинг анъанавий номи ва тайёрлаш технологиясини ҳуқуқий ҳимоя қилишга хизмат қилади.

Фото: Очиқ манбалар

Қўқон шаҳри азалдан ҳунармандчилик, савдо ва миллий пазандачилик ривожланган йирик маданий марказлардан бири ҳисобланади. Унинг гастрономик меросининг ажралмас қисми бўлган «Қўқон патири» бетакрор таъми, ўзига хос рецепти ва анъанавий тайёрлаш усули билан машҳур.

Ушбу ноннинг муҳим хусусиятларидан бири — махсус тайёрлаш технологияси туфайли бир неча ҳафта давомида ўз таъми ва сифатини йўқотмасдан сақланишидир.

Адлия вазирлиги таъкидлашича, «Қўқон патири»нинг географик кўрсаткич сифатида давлат рўйхатидан ўтказилиши маҳсулот номи ҳамда уни тайёрлашнинг анъанавий технологиясини ҳуқуқий муҳофаза қилиш, сифат стандартларини мустаҳкамлаш ва Фарғона вилоятининг гастрономик брендини халқаро миқёсда кенг тарғиб этишга хизмат қилади.

Маълумот учун, географик кўрсаткич — маҳсулотнинг муайян ҳудудга мансублиги, унинг сифати, шуҳрати ва ўзига хос хусусиятлари айнан ўша ҳудуднинг табиий-иқлимий ҳамда ижтимоий-маданий омиллари билан боғлиқ эканини тасдиқловчи интеллектуал мулк объекти ҳисобланади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид