Ўзбекистоннинг Екатеринбург шаҳридаги Бош консулхонаси берган маълумотга кўра, 7 февраль, жума куни, Челябинск вилояти ҳудудидан ўтувчи Южноуральск—Магнитогорск трассасида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисасида уч киши, шу жумладан, Ўзбекистон фуқароси М.Р. вафот этган. Шунингдек, Ўзбекистон фуқаролари М.Н. ва А.Р. тан жароҳат олган ва касалхонага ётқизилган.

ТИВ томонидан қайд этилишича, Бош консулхона вазиятни назоратга олган, жароҳатланганлар ва уларнинг яқинлари билан алоқа ўрнатилган, Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги Москва шаҳридаги ваколатхонаси билан биргаликда марҳум аёлнинг жасадини турмуш ўртоғи ҳамроҳлигида Ўзбекистонга жўнатиш билан боғлиқ консуллик-ҳуқуқий ва ташкилий масалаларни ҳал қилмоқда.