Вазирлар Маҳкамасининг “Фуқаролар ташаббуси асосида шакллантирилган тадбирларни молиялаштиришга туман (шаҳар)лар бюджетлари маблағларини ажратиш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги намунавий низомни тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.
Низомга кўра, туман (шаҳар) бюджети маблағлари қонунчиликда белгиланган миқдорда, жамоатчилик томонидан овоз бериш натижаларига кўра, фуқаролар ташаббуси асосида шакллантирилган тадбирларни молиялаштиришга йўналтирилади.
Фуқаролар ташаббуси жараёнининг ўтказилиши, саралаб олиниши ва туман (шаҳар) бюджети маблағлари йўналтирилиши намунавий схема асосида амалга оширилади.
Туман (шаҳар) бюджетларининг қонунчиликда белгиланган миқдоридаги маблағлари тегишли ҳокимликлар қошида очилган “Фуқаролар ташаббуси жамғармаси” махсус ғазна ҳисобрақамида жамланади. Махсус ғазна ҳисобрақамида жамланган маблағлар фақатгина фуқаролар ташаббуси асосида шаклланган тадбирларни молиялаштириш учун йўналтирилади. Ушбу ҳисобрақамга нисбатан харажатларни вақтинчалик чеклаш ёки мавжуд маблағларга инкассо қўллаш, ёхуд суд ва бошқа органлар қарорларига кўра эҳтиёт чораси сифатида харажатлари тўхтатиб қўйилишига йўл қўйилмайди.
Туман (шаҳар)лар бюджетларининг “Фуқаролар ташаббуси жамғармаси” махсус ғазна ҳисобрақамига мазкур маблағлар:
туман (шаҳар)лар бюджетларининг шаклланган қўшимча маблағларини ташаббусли бюджет жараёни учун йўналтириш мақсадида маблағлар шаклланган кундан бошлаб 3 иш кунида;
тегишли туман (шаҳар) бюджетлари ёйилмасида жорий йил учун кўзда тутилган маблағларнинг 50 фоиздан кам бўлмаган миқдорида феврал ойида, қолган қисми июл ойида ўтказилади.
Ташаббусли бюджет жараёнига сўровнома ўтказилаётган даврдаги “Фуқаролар ташаббуси жамғармаси” махсус ҳисобрақамидаги мавжуд жами маблағлар йўналтирилади.
Сўровнома якунларига кўра ғолиб чиққан тадбир(лар) молиялаштирилгандан сўнг, эълон берилган маблағга нисбатан қолдиқ вужудга келса, ушбу маблағлар кейинги чоракда ташаббусли бюджет жараёни учун қайта йўналтирилади.
Ташаббусли бюджет жараёни йилига камида икки маротаба (феврал ва июл ойларида) ўтказилади.
Жамоатчилик фикри “Очиқ бюджет” ахборот порталида овоз бериш йўли орқали шакллантирилади.
Туман (шаҳар)лар бюджетлари маблағларини фуқаролар ташаббуси асосида шакллантирилган тадбирларга ажратиш жараёнини мувофиқлаштириш мақсадида туман (шаҳар) бюджети ҳисобидан амалга ошириладиган, фуқаролар ташаббуси асосида шакллантирилган тадбирларни умумлаштирувчи комиссия тузилади.
Бунда, туман ва шаҳар ҳокимлари томонидан комиссия таркибига ўзгартиришлар киритилиши мумкин.
Фуқаролар ташаббуси жараёнини амалга ошириш мақсадида туман (шаҳар) бюджетлари маблағларини йўналтирилиши ҳамда унинг сарфланишини бошқариш бўйича ишчи орган этиб тегишли туман (шаҳар) ҳокимлиги молия бўлимлари белгиланади. Мазкур вазифаларни бажариш учун туман (шаҳар) ҳокимлиги молия бўлимлари таркибий тузилмасига 1 штат бирлиги киритилади.
Фуқаролар ташаббуси асосида шакллантирилган тадбирларни молиялаштиришга туман (шаҳар)лар бюджет маблағларини ажратиш билан боғлиқ жараёнларни оммавий ахборот воситаларида ёритиш (ҳудудий телеканаллар ва радиоканалларда чиқишлар, турли кўргазмавий буклет ва тарқатма материаллар тайёрлаш, нашрлар чоп этиш) билан боғлиқ харажатлар тегишли туман (шаҳар) ҳокимликлари захира жамғармалари ҳисобидан амалга оширилади.
Эслатиб ўтамиз, куни кеча «Бюджет жараёнида фуқароларнинг фаол иштирокини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги президент қарори лойиҳаси ҳам муҳокамага қўйилганди.
Унга асосан, 2022 йилдан бошлаб фуқаролар ташаббуси жараёни учун барча туманлар ва шаҳарлар бюджетлари тасдиқланган харажатларининг 5 фоизига тенг миқдордаги маблағлар ҳамда қўшимча маблағларининг камида 30 фоизи йўналтирилиши мумкин.

