Сенатнинг халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитасининг кенгайтирилган йиғилишида Ўзбекистоннинг АҚШдаги дипломатик ваколатхонаси раҳбари Жавлон Ваҳобов амалга оширилган ишлар ва истиқболли режалар ҳақида маълумот берди.

Жавлон Ваҳобов Канадада Ўзбекистоннинг дипломатик ваколатхонасини очишни таклиф қилди.

«Бутун Америка қитъасида фақат Вашингтонда Ўзбекистоннинг дипломатик ваколатхонаси мавжуд. Барча ишларни бу ердан туриб ҳал қилиш, менимча, нотўғри. Бу таклифни Тошкентга киритганмиз ва бу масала ҳозирда кўриб чиқилмоқда. Элчихона бўлмаса ҳам камида бош консулхонани очиш таклифини берганмиз. Сенат томонидан ҳам ушбу таклиф қўллаб-қувватланса, мен жуда миннатдор бўлардим.

Канада улкан салоҳиятга эга бўлган давлат. G20 ва G7’га кирадиган давлатга алоҳида эътибор қаратилса, мақсадга мувофиқ бўларди», — деди Жавлон Ваҳобов.

АҚШ қишлоқ хўжалиги вазирлигидан 10та, хусусан, ловия, мош, нўхaт, ерёнғоқ, бодом, грек ёнғоғи, майиз, қуритилган ўрик, олхўри, анжир маҳсулотларини Америка бозорига экспорт қилиш бўйича фитосанитария рухсатномалари олингани айтиб ўтилди.

Маълумот учун, АҚШ ва Ўзбекистон ўртасидаги ташқи савдо айланмаси 2018 йилда 415 миллион доллар, 2019 йилда 603,9 миллион доллар, 2020 йилда эса 275,1 миллион долларга тенг бўлган. Ўтган йил давомида икки ўртадаги савдо айланмаси ҳажми 2019 йилга нисбатан икки бараварга камайиб кетган.

Ўзбекистон Канадага 2019 йилда 6,5 миллион долларлик, 2020 йилда эса 142,1 миллион долларлик маҳсулотлар экспорт қилган. 2020 йилда экспорт ҳажми 2019 йилга нисбатан 21,9 бараварга ошган.