Ўзбекистон | 13:11 / 11.07.2019
62894
10 дақиқада ўқилади

АЭС, электр ва газга нархлар, йўқотилган кадрлар - энергетика вазири Алишер Султонов билан суҳбат

Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил 1 февралдаги фармони билан Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги ташкил этилди. «Ўзбекнефтгаз» бошқаруви раиси, бош вазир ўринбосари лавозимида ишлаб келган Алишер Султонов янги вазирликка раҳбар этиб тайинланди.

Kun.uz Алишер Султонов билан ёқилғи-энергетика соҳасидаги ҳозирги вазият, инвестициялар, еврооблигациялар, қайта тикланувчи энергия манбалари юзасидан интервью уюштирди. Суҳбат давомида Алишер Султонов АЭС ва нархлар бўйича ҳам қизиқ маълумотлар берди.

Видео: Youtube

Видео: Mover (tas-ix)

- Ҳозирги кунда экспертлар, банкирлар Ўзбекистон нефть-газ соҳасини инвестицион жозибадорлик нуқтаи назаридан қандай баҳолашмоқда?

- Менинг фикримча, инвестицион жозибадорлик аслида компанияларда пайдо бўлган қизиқишни исботлайди. Оддий компаниялар эмас, балки Ўзбекистон бозорига киришга тайёр турган жаҳондаги етакчи компаниялар. Улар бизнинг мамлакатда юз бераётган ўзгаришларга ишонишди. Улар давлатимизда содир бўлаётган барча жараёнлар нақадар шаффофликка эга бўлганини кўришди. Бугуннинг ўзидаёқ Ўзбекистонда British Petroleum, SOCAR компаниялари мавжудлигини кўриш мумкин. Шунингдек, Total, Mubadala, «Новатэк», «Зарубежнефть», «Татнефть», «Лукойл». «Зарубежнефть» билан Андижонда қўшма корхона ташкил этилди. «Лукойл» Навоий вилоятидаги учта янги блокда иш бошлайди. Кўплаб компаниялар бугун Ўзбекистонда нафақат геология-қидирув, углеводородлар қазиб олиш, балки углеводород ресурсларини қайта ишлашга қизиқиш билдирмоқда. Ҳозир Америка компанияси ва «Ўзбекнефтгаз», Ўзкимёсаноати билан ҳамкорликда йирик газ-кимё кластерини яратиш бўйича музокаралар олиб борилмоқда. Бу Бухоро вилояти, Газли шаҳрида амалга оширилади.

- «Ўзбекнефтгаз» илк еврооблигациялар чиқаришга тайёрланмоқда. Бу жараён ҳозир қандай кечмоқда?

- Жорий йил бизнинг миллий еврооблигацияларимиз жуда муваффақиятли чиқарилди. Менимча, бу халқаро бозорда жуда ажойиб дебютга айланди. Бу Ўзбекистоннинг рейтингини кўтарди, компанияларимизнинг ушбу қарз бозорларидаги ишини яхшилайди. «Ўзбекнефтгаз»даги иш икки йилдан бери олиб бориляпти. Бу осон эмас. Бунда компания ҳисоботларни халқаро стандартларга ўтказиши, сўнгги 2-3 йил учун халқаро компания аудитни амалга ошириши, бу аудит биржа талабларига жавоб бериши керак. Ҳа, бу бозорларга чиқиш муддатини бироз ортга суриши мумкин, лекин бу компания қиймати ошишига туртки бўлади. Сабаби бугун биз нормал, рентабелли ҳамда ишлаётган «Ўзбекнефтгаз» компаниясига эга бўлмоқчимиз.

- Бугун компания қандай баҳоланмоқда?

- Йўқ, ҳозирча баҳолар йўқ. Иш аудит бўйича Ernst & Young компанияси билан олиб борилмоқда. Тайёргарлик ишларини олиб бораётган консорциум бор, уларда юридик маслаҳатчилар, молиявий-иқтисодий маслаҳатчилар ҳам мавжуд.

- У йил охиригача тугайдими?

- Менимча, бу келаси йил амалга оширилади. Бу «Ўзбекнефтгаз» бўйича. Албатта, биз кимё саноати корхоналари ҳам бунга қўшилишини хоҳлаймиз. Кимё саноатида ҳозир катта ислоҳотлар кетмоқда. Хусусан, кимё саноатидаги энг йирик корхоналарни хусусийлаштириш бўйича топшириқ бор. Биз электр энергияси соҳаси ҳам шу бозорга чиқишини хоҳлаймиз.

- «Ўзбекнефтгаз»дан бошқа яна қайси компанияларни айта оласиз?

- Шуни айтишим мумкинки, барча компаниялар бунга интилиши лозим. Лекин ҳозирги кунда фақат «Ўзбекнефтгаз» бўйича иш бошланди.

- «Ўзбекнефтгаз»нинг хорижий лойиҳалари борасида ишлар қандай ҳолатда?

- Биз бир нарсани аниқ тушунишимиз керак: ер қаъри билан боғлиқ лойиҳалар амалга оширилиши бўйича жуда ҳам узоқ муддатли бўлган лойиҳалардир. Кўплаб ҳамкорлар билан музокаралар олиб боряпмиз. Бу ҳам «Ўзбекнефтгаз»нинг Каспийга, ҳам «Ўзбекнефтгаз»нинг қўшни давлатлар халқаро бозорларига чиқиши бўйича. Куни кеча афғон ҳамкорларимиз билан Афғонистондаги ишлар бўйича мулоқот қилдик. «Ўзбекнефтгаз» халқаро бозорларга чиқиш бўйича ишламоқда.

- Аниқ қарорлар йўқми?

- Туркманистонлик ҳамкорлар билан Каспий шельфида конларни биргаликда ўзлаштириш юзасидан ўрганиш олиб борилмоқда. Бу маълум бир молиявий ресурслар киритишни талаб қилади. Биз ҳамкорларимиз таклиф қилаётган блокларни жиддий ўрганиб чиқишимиз лозим. Озарбойжоннинг SOCAR компанияси билан ҳам иш олиб бориляпти. Бунда ҳам Каспийдаги лойиҳаларда иштирок этиш масаласи мавжуд.

- Қайта тикланувчи энергия манбалари борасида қандай ривожланиш стратегияси бор?

- Нарх шаклланиши қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш бўйича энг асосий масала. Сабаби, инвестор келиб, ўз пулини киритганда, у ўзида ишлаб чиқариладиган электр энергияси кафолатланган ҳолда олинишига ишонч ҳосил қилиши керак. Бу тарифларга алоқадор масала. Тарифлар якуний истеъмолчи учун ҳамёнбоп бўлиши, тарифлар ишлаб чиқарувчилар рентабеллигини таъминлаши лозим. Ҳозирга келиб яратилган тизим - электр энергиясини ишлаб чиқарувчилардан марказлашган ҳолда харид қилиш - сиз ва биз томонидан яратилмаган, у халқаро жиҳатдан мавжуд. Яхши биламизки, қайта тикланувчи энергия манбалари бўйича станцияларда ишлаб чиқарилган электр энергия анъанавий йўналишдан анча қиммат. Ким энг яхши тариф берса, биз ўша билан ишлаймиз. Бу Ўзбекистон ҳозир кетаётган йўл. Бизда 2030 йилгача мамлакат энергетика соҳасини ривожлантириш стратегияси мавжуд. У халқаро маслаҳатчилар билан бирга ишлаб чиқилмоқда. Унда қайта тикланувчи энергия манбалари генерациясини яратиш назарда тутилади, бу эса, 2030 йилда мамлакат умумий генерациясидан 25 фоизни ташкил этади.

- Бу катта силжиш бўлади. Ҳозир бизда 1 фоизгача ҳам етмайди, шекилли?

- Ҳа. Бу технологиялар ҳозирда ривожланаётгани билан ҳам боғлиқ. Сўнгги 10 йилда қайта тикланувчи энергия манбалари бўйича энергияга тарифлар қуёш бўйича 69 фоизга, шамол бўйича 87 фоизга тушиб кетди. Агар 2017 йилда биз билан қуёш станциялари қуриш борасида гаплашган компаниялар 19 цент таклиф қилган бўлса, ҳозир бу 4 цент даражасида. Ўтказиладиган тендер натижалари бўйича янада пастроқ нархлар бўлиши мумкин. Бу реал нархга айланади.

- Қайта тикланувчи энергия манбалари кескин ривожлангани ҳисобга олинса, сизнинг фикрча, АЭСда яна қўшимча энергоблоклар қуриш эҳтиёжи юзага келадими?

- АЭС қуриш бўйича биз кечикдик. 15-20 йилга кечикдик. Буни президент ҳам бир неча бор айтди. Биз ўтган вақт давомида жуда кўп кадрларни ҳам йўқотдик, илм-фанни, ядро физикасини бутунлай йўқотиб қўйишимиз мумкин эди. Тадқиқот реакторимиз ёпилиш арафасида эди. Президентимиз саъй-ҳаракати билан бу сақлаб қолинди. Албатта, ядро қурилмалари учун табиий ресурслар - уранга эга бўлган ҳолда, мамлакатда АЭС қуриш масаласини кўриб чиқмаслик хато бўлган бўларди. Бу масала жуда чуқур ўйланди, бир лаҳзада қабул қилинмади. Уни халқ муҳокамасига чиқаришдан аввал жуда чуқур таҳлил қилинди. Биз бир ярим - икки йил давомида маслаҳатлашдик. Уларда атом энергетикасини ривожлантириш стратегияси белгиланди.

- Блоклар битта ҳудудда бўладими?

- Ҳа, майдонча у ерда тўртта блокни жойлаштириш ҳисобидан келиб чиқиб танланмоқда. Нега? Чунки кейинги икки блокка камроқ вақт кетади ҳамда нисбатан озроқ харажатларни талаб қилади. Сабаби инфратузилма йўлга қўйилиб, механизм ишга тушган бўлади. Энг қийини: қонунчилик базасини яратиш. Бунда тартибга солувчининг ўрни жуда катта. Президент бу йўналишда бизнинг техник назорат бўйича давлат органлари, саноат хавфсизлиги бўйича қўмитани қайта ташкил этиш юзасидан фармон қабул қилди. Яъни, қўмита мақоми кўтарилиб, унда атом энергетикаси билан шуғулланувчи алоҳида департамент тузилди. Катта иш кутилмоқда, лекин у олиб борилмоқда. Бу станцияларни қуриш масаласи ҳозирги кунда жуда долзарб. Бу бизда ишлаб чиқариладиган энг арзон энергия ва узоқ муддатли кафолатлангани бўлади. Бундай лойиҳалар камида 100 йилга қилинади. Қурилишнинг ўзи 10 йилгача. Бу бизнинг фарзандлар ва набиралар ҳам шуғулланадиган лойиҳа.

- Демак, қолганлари ҳам шундай блок бўлади?

- Бу 3+ синфидаги, ҳозирги кунда энг замонавий бўлган блоклар. Хавфсизлик масалалари бўйича энг юқори даражани таъминлаб беради. Аҳоли билан ҳам катта тушунтириш ишлари ўтказмоқда, қўшни давлатлар билан ҳам бу борада ишлар амалга оширилмоқда. Бу Ўзбекистон энергетик соҳасида революцион ўзгариш. Қайта тикланувчи энергия манбаларини ҳам ривожлантириш, АЭСни ҳам қуриш бир-бирига халақит бермайди. Ҳозир мутахассислар ушбу масала юзасидан фикри турлича.

- Тарифлар сиёсатида мораторий уч йилга бўладими?

- Бу мораторий эмас, бу халқаро амалиёт. Сўнгги 2 йилдаги асосий ўзгаришлар нимадан: бу чуқур таҳлил, халқаро тажриба натижаси. Иқтисодиётимиз кучли ривожланмоқда, биз иш ўринларини яратишимиз керак. Бу эса энерготашувчилар ишлаб чиқаришни оширишсиз имконсиз. Ёки ўзимиз ишлаб чиқаришимиз, ёки сотиб олишимиз керак. Мораторий эса халқаро тажриба. Келажакда тарифлар бозор томонидан тартибга олинади, тарифлар уч йилга ўрнатилиши нормал ҳисобланади. Бу иқтисодий сектор қисқа муддатли истиқболда нималар қилиши, нималар ишлаб чиқариши мумкинлигини белгилаб олишда қўл келади. Оддий бизнес режа.

- Вазирлик вакиллари тарифлар бошқа давлатларда янада баландроқ эканини айтади. Лекин уларда даромад ҳам кўп эканини айтишмайди.

- Ҳа, уларда даромад кўп. Лекин харажатлари ҳам катта. Бюджетга тўловларини бир кўринг. Германияда электр энергияси нархи биздан 10 баробар катта экани бўйича: биз ўз энергоресурсларимизни қадрлашимиз керак. Ҳозир биздаги нарх жуда паст даражада ўрнатилган. Давлат томонидан таъминланиб берилаётган ресурслар учун ўз нархини тўламагунимизга қадар, биз бу ресурсларни қадрламаймиз. Бозорга келиб нонни текинга олишингиз нормал эмас, деб ҳисобланади. Лекин электр энергияси, газ, сувга тўламаслик нормал саналади. Шунинг учун ҳам менталитет ўзгариши керак.

Мавзуга оид