Ўзбекистон | 20:05 / 13.11.2022
88029
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда блэкаут хавфи юзага келди

Энергетика вазирлиги ҳузуридаги «Миллий диспетчерлик маркази» давлат унитар корхонаси барча ҳудудий электр тармоқлари корхоналари раҳбарларига ИЭСларнинг ёқилғи таъминоти билан боғлиқ оғир ҳолат вужудга келгани ҳақида хат чиқарди. Хатда блэкаут юзага келмаслиги учун соатлик электр энергияси истеъмоли топшириғини қатъий равишда бажариш сўралган.

Фото: Sputnik / Илья Наймушин

Ижтимоий тармоқларда Энергетика вазирлиги ҳузуридаги «Миллий диспетчерлик маркази» давлат унитар корхонаси директори томонидан 2022 йил 12 ноябр куни барча ҳудудий электр тармоқлари корхоналари раҳбарлари, «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ бошқарув раиси, Энергетика вазирлиги ҳамда «Ўзэнергоинспекция»га юборилган хат тарқалди. Унда 2022 йил 9 ноябрдан бошлаб энергетика тизими иссиқлик электр станциялари ёғилғи таъминоти билан боғлиқ оғир ҳолат вужудга келгани маълум қилинган.

Хатда ёзилишича, 12 ноябр куни электр станцияларга келишилган жадвалга нисбатан жами соатига 350 минг куб метр (1200 МВт электр энергияси эквивалентида), шу жумладан, Тошкент ИЭСга режадан соатига 270 минг куб метр кам газ етказиб берилган. Тошкент ИЭСга 50 минг куб метр табиий газ етказилиб, станцияда энергоблоклар технологик параметрлари меъёр кўрсаткичларидан тушиши ва ускуналар шикастланишининг олдини олиш мақсадида 1-сон БГҚ (360 МВт) ва икки дона энергоблоклар тўхтатилган.

«Станцияда умумий электр энергияси ишлаб чиқарилиши мазут ёқилғиси ёқиш ҳисобига 500 МВт.гача (белгиланган режага нисбатан 600 МВт кам) тушиб кетди. Электр энергияси балансини таъминлаш ва энергетика тизимида оғир оқибатли йирик фавқулодда авария ҳолатлари (блэкаут) юзага келишининг олдини олиш мақсадида ҳамда туман электр таъминоти корхоналари томонидан 6,10 кВ тармоқлардан киритилаётган чекловлар самарасизлиги сабабли «Миллий диспетчерлик маркази» ДУК томонидан махсус жадвалга асосан юқори кучланишли тармоқлардан ўчирилиб, электр энергияси истеъмоли камайтирилди.

Юзага келган фавқулодда вазият сабаб тизимда оғир оқибатли авария ҳолатларининг олдини олиш ҳамда истеъмолчилар таъминотида тартибсиз узилишларни бартараф этиш мақсадида 12 ноябр санасидан бошлаб алоҳида топшириқ бўлгунга қадар «Миллий диспетчерлик маркази» ДУК томонидан берилаётган соатлик электр энергияси истеъмоли топшириғини қатъий бажаришингиз сўралади.

«Миллий диспетчерлик маркази»нинг минтақавий ва ҳудудий бўлинмалари томонидан электр талаб қилинган қийматларга тушириш бўйича берилган топшириқларни бажармаслик Ўзбекистон энерготизимининг айби билан Марказий Осиё ягона электр энергетикаси тизимида йирик оқибатли аварияларга сабаб бўлиши мумкин», — дейилади ДУК хатида.

Kun.uz’нинг Энергетика вазирлигидаги манбаси мазкур маълумотлар тўғрилиги ва ИЭСларнинг ёқилғи таъминоти билан боғлиқ оғир ҳолат вужудга келганини тасдиқлади.

Сўнгги кунларда Ўзбекистоннинг кўплаб ҳудудларида электр таъминотида узилишлар кўпайган.

Энергетика вазирлиги электр ва газ таъминотидаги чекловларга берган изоҳида ҳам электр энергиясини ишлаб чиқарувчи айрим иссиқлик электр станцияларига белгиланган ҳажмлардан кам миқдорда табиий газ етиб бораётгани, бу эса, ўз навбатида, электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми пасайишига олиб келаётганини таъкидлаган.

Мавзуга оид