Ўзбекистон | 00:16 / 21.07.2021
26422
2 дақиқада ўқилади

Тошкент шаҳрида икки ҳафталик комендантлик соати жорий қилиниши рад этилди

Адлия вазирлигининг маълум қилишича, бу борадаги тегишли қарор фақат Махсус комиссия томонидан қабул қилиниши мумкин.

Фото: KUN.UZ/Архив

Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳрида карантин кучайтирилиши тўғрисида турли хабарлар тарқалди. Адлия вазири матбуот котиби Севара Ўринбоеванинг маълум қилишича, бу борадаги тегишли қарор фақат Махсус комиссия томонидан қабул қилиниши мумкин. 

Вазирлик мулозими аҳоли ўртасида ёлғон ахборот тарқатганлик учун жавобгарлик мавжудлигини эслатган. Унинг таъкидлашича, ёлғон хабарлар тарқалишининг олдини олиш ва уни тарқатган шахсларни жавобгарликка тортиш мақсадида қонун билан жавобгарлик белгиланган.

«Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга кўра, жамоат тартибига ёки хавфсизлигига таҳдид солувчи ёлғон ахборотни тарқатиш, шу жумладан, ОАВ, телекоммуникация тармоқлари ёки Интернетда тарқатиш БҲМнинг 50 бараваридан 100 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Жиноят кодексига мувофиқ, маъмурий жазо қўллангандан кейин ҳам ушбу хатти-ҳаракатлар такрор содир этилса, БҲМнинг 200 бараваригача миқдорда жарима ёки 300 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 2 йилгача озодликни чеклаш билан жазоланади», дейди Севара Ўринбоева.

Аввалроқ Соғлиқни сақлаш вазирлиги аҳоли ўртасида тарқалган коронавирус юқтириш ҳолатлари кескин кўпайгани ортидан шифохоналарда «жой қолмагани», айниқса, Зангиотадаги юқумли касалликлар шифохоналари «тўлиб кетгани», реанимация бўлимларида беморлар оғир аҳволда экани ҳақида аудиохабарларни рад этиб чиққанди.

Мавзуга оид