Ўзбекистон | 17:00 / 24.01.2018
8636
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда жамоавий мурожаатлар учун «Mening fikrim» онлайн петиция майдони яратилади

Ўзбекистонда 2018 йилда «Mening fikrim» махсус веб-портали орқали Олий Мажлис палаталарига, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига электрон жамоавий мурожаат қилиш тартибини жорий этиш режалаштирилмоқда.

2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили»да амалга оширишга оид Давлат дастурида белгилаб қўйилган.

Келишув асосида Олий Мажлис палаталари, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлиги, Адлия вазирлиги, Бош прокуратура, «Ижтимоий фикр» жамоатчилик маркази масъуллигида 2018 йилнинг 20 апрелигача амалга оширилиши мўлжалланаётган ушбу тартиб учун Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармасининг 2,0 миллиард сўм маблағи сарфланиши кўзда тутилган.

Тадбир юзасидан белгиланган муддатгача норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ва амалий чора-тадбирлар ишлаб чиқилади.

Бунда, интернет тармоғида аҳоли долзарб деб ҳисоблаган ташаббусларни билдириш мумкин бўлган махсус майдонни ташкил этиш ҳамда тегишли ташаббусни муайян миқдордаги фуқаролар қўллаб-қувватлаганда уни Олий Мажлис палаталари ва халқ депутатлари Кенгашлари томонидан кўриб чиқиш мажбурийлиги назарда тутилади.

UzA Shokirjonov Shuhrat
Тайёрлаган UzA Shokirjonov Shuhrat
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид