Қозоғистонда онлайн кредитни тақиқлаш бўйича петиция эълон қилинди
Фаоллар фикрига кўра, бундай кредитларни олишнинг осонлиги кўплаб ижтимоий ва иқтисодий муаммоларни келтириб чиқаради.
Қозоғистоннинг «Ҳақ-Назар» жамоат фонди ижтимоий фаоллари мамлакатда онлайн кредитни тақиқлаш бўйича петиция яратди. У Epetition.kz сайтида пайдо бўлди, деб ёзди Exclusive.
Қайд қилинишича, жамоат фонди ходимлари онлайн-кредитларнинг салбий оқибатларидан «чуқур ташвиш» билдирган. Уларнинг фикрига кўра, бундай кредитларни олишнинг осонлиги кўплаб ижтимоий ва иқтисодий муаммоларни келтириб чиқаради.
Таъкидланишича, онлайн кредитлар фуқароларнинг молиявий фаровонлигига катта хавф туғдиради.
«Уларнинг қулайлиги аҳолининг заиф қатламлари ўртасида қарз юкининг ошишига ва молиявий беқарорликка олиб келади. Юқори фоиз ставкалари ва ноаниқ кредит шартлари кўпинча одамларни оғир қарз тузоғига солиб қўяди, баъзилар ундан қутулолмайди. Бундан ташқари, онлайн-кредитлаш қарз мажбуриятларини тўлай олмаслик билан боғлиқ фирибгарлик, ўғирлик ва товламачилик каби жиноятлар сонининг кўпайиши учун шароит яратди», дейилади петицияда.
Петиция муаллифлари Қозоғистон ҳудудида онлайн кредитлар беришни тақиқлаш, шунингдек, қарз олувчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида микрокредитлар бериш соҳасидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан назоратни кучайтиришни талаб қилмоқда.
«Биз онлайн кредитларни чеклаш ва назорат қилиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар жиноят, суиистеъмоллик ва молиявий қуллик билан боғлиқ хавфларни сезиларли даражада камайтиришига аминмиз. Биз Қозоғистон ҳукуматини фуқароларни ҳимоя қилиш ва иқтисодий барқарорликни таъминлаш учун зудлик билан чоралар кўришга чақирамиз», дейилади петицияда.
Мавзуга оид
12:47 / 22.11.2024
Қозоғистон Украина атрофидаги вазият туфайли ҳарбий ва фуқаролик объектлари хавфсизлигини кучайтирди
12:33 / 21.11.2024
Қозоғистон ҳолдинги Ўзбекистондан 169 нафар мутахассисни иш билан таъминлайди
16:29 / 19.11.2024
Қозоғистонда магистрал йўлда ўртача тезликни оширганлар жаримага тортилади
20:59 / 18.11.2024