Ўзбекистон | 15:56 / 25.11.2024
2288
2 дақиқада ўқилади

Андижон давлат техника институти ташкил этилади

Андижон машинасозлик институти, Андижон иқтисодиёт ва қурилиш институти ҳамда Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институтининг Андижон факултетида таҳсил олаётган барча талабалар ўқишини янги институтда давом эттиради.

“Андижон давлат техника институтини ташкил этиш тўғрисида”ги президент қарори қабул қилинди. Унга кўра, Андижон давлат техника институти Андижон машинасозлик институти, Андижон иқтисодиёт ва қурилиш институти ҳамда Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институтининг Андижон факултети негизида ташкил этилади.

Институтнинг асосий вазифаларига автомобилсозлик, электротехника, энергетика, тўқимачилик, муҳандислик, қурилиш ва бошқа саноат соҳалари бўйича кадрлар тайёрлаш киритилган.

2025/2026 ўқув йилидан бошлаб:

– энергетика муҳандислиги, сунъий интеллект, мехатроника ва робототехника каби йўналишларда кадрлар тайёрлаш ҳажми оширилади;

– талабаларининг фанларни ўзлаштириш кўрсаткичи ва профессор-ўқитувчиларнинг фаолият самарадорлигини халқаро стандартлар асосида баҳолаш тизими жорий этилади;

– талабаларга ўқиш давомида юзага келадиган ташкилий ва ҳуқуқий масалалар бўйича барча зарур хизматлар “ягона дарча” тамойили асосида кўрсатилиши йўлга қўйилади;

– бакалавриат ва магистратура босқичларига ўқишга қабул қилинган иқтидорли талабалар учун алоҳида гуруҳларда дарсларни хорижий тилларда ўтказиш белгиланди.

Андижон машинасозлик институти, Андижон иқтисодиёт ва қурилиш институти ҳамда Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институтининг Андижон факултетида таҳсил олаётган барча талабалар ўқишини янги институтда давом эттиради.

Битирувчи курс талабаларига 2024/2025 ўқув йилидан бошлаб Андижон давлат техника институти дипломи берилади.

Мавзуга оид