Андижон шаҳридаги Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳайкали кўчирилиши мумкин. Бу вазирлик ва идораларга келишиш учун юборилган “Андижон вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва тадбиркорлик муҳитини янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор лойиҳасида келтирилган.

Иқтисодчи Отабек Бакировнинг маълум қилишича, қарорнинг 16-бандида шундай таклиф акс этган:

“Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳайкалини Андижон шаҳридаги “Регистон” майдонига кўчириш, бунинг ҳисобига бўшайдиган 1,2 гектар ер участкасида 2 та 20 ва 16 қаватли турар жой мажмуаси барпо этилишини ҳамда 90 млн АҚШ доллари миқдорида инвестиция маблағлари киритилишини таъминлаш”.

Шунингдек, вилоят ҳокимлиги таклифи билан Алишер Навоий номидаги истироҳат боғининг 10,7 гектар қисмида Andijon city ишбилармонлик маркази, 19 та 18 қаватли ҳамда 7 та 28 қаватдан юқори турар жой ва хизмат кўрсатиш мажмуалари барпо этилиши кўзда тутилган.

Бакиров Бобур ҳайкалининг кўчирилишини Тошкент шаҳридаги Амир Темур ҳайкали кўчирилишига қиёслади.

“Ўзингизга тасаввур қилишингиз учун бу худди пойтахт қоқ марказидаги Амир Темур ҳайкалини кўчириб, хиёбонда дом қуриш билан баравар қадам бўлади. Яна солиштириш ўринли бўлса, Андижондаги Алишер Навоий боғи бу Тошкентнинг юраги Миллий боғи сингари.

Тўғриси, менда бу ғаройиб таклифларга изоҳ ва шарҳ беришга заррача кучим қолмади. Биз қаерда ва нима учун тескари оғиб кетдик, буни ўнглашнинг қандайдир иложи борми, билмайман”, деб ёзди иқтисодчи.

Журналист Шуҳрат Шокиржонов ҳам ушбу масалага муносабат билдириб, шаҳарлардаги истироҳат боғлари, парклар ва майдонларни асраб қолиш учун қонун кераклигини маълум қилди.

Андижон вилояти ҳокимлиги ҳолатга расмий муносабатида ҳайкалнинг кўчирилиши “Бобур” шоҳкўчасида жойлашган чорраҳада қурилаётган кўприк билан боғлиқлигини билдирди.

Фото: Андижон вилояти ҳокимлиги

“Ушбу кўприк қурилиши ўн минглаб аҳолининг кундалик турмуш тарзида катта қулайлик яратиб, инсонларнинг узоғини яқин қилади ва кун давомида соатлаб вақтини тежашига хизмат қилади.