14:14 / 30.06.2024
8583

Доллар қадрсизланди, Bitcoin арзонлашишда давом этяпти – халқаро молия бозори шарҳи

Ҳафта давомида доллар қадрсизланди. Бунинг оқибатида евро, рубл, лира ва сўм мустаҳкамланди. Криптовалюталар бозоридаги турғунлик давом этяпти. Bitcoin 5 кунлик савдоларда 4,27 фоизга, Ethereum эса 1,30 фоизга арзонлашди. 

Фото: Getty Images

Жорий ҳафта ҳам бозорлар учун муҳим воқеаларга бой бўлди. Хусусан, биринчи чоракда АҚШ иқтисодиёти кичик бўлса-да, ўсиш суръатини қайд этди. Мамлакат ялпи ички маҳсулотининг ўсиши прогнозга нисбатан 0,1 фоиз баландроқ бўлиб, 1,4 фоизни ташкил этди. Инфляция кўрсаткичини кузатиб борувчи индекслардан бири Шахсий истеъмол харажатлари индекси ҳам сўнгги ой қониқарли натижа тақдим этиб, экспертлар прогноз қилганидек 2,6 фоиз бўлган. Бу маълумотлар АҚШ фонд индексларининг ўсишига олиб келди.

Jahon Insights канали экспертлари 24 июндан 28 июнгача бўлган даврда халқаро молия бозорида содир бўлган энг муҳим воқеаларни таҳлил қилиб чиқди.      

АҚШ топ фонд бозорлари индекси:

  • S&P500 – 5460 (ҳафта бошидан -0,08 фоиз, йил бошидан +14,48 фоиз);
  • NASDAQ – 19682 (ҳафта бошидан -0,09 фоиз, йил бошидан +16,98 фоиз);
  • DJI – 39118 (ҳафта бошидан -0,08 фоиз, йил бошидан +3,79

фоиз).

АҚШ фонд индекслари навбатдаги ҳафтани турли яхши хабар ва янгиликлар чиқишига қарамай, қизил зонада ёпди. Хусусан, Dow Jones индекси 31 пунктга, NASDAQ 18 пунктга ва S&P500 4 пунктга пасайди.

Асосий қимматбаҳо металлар:

  • Олтин – 2325 доллар (1 унцияси) ҳафта бошидан +0,17 фоиз, йил бошидан +12,76 фоиз;
  • Кумуш – 29,1 доллар (1 унцияси) ҳафта бошидан -1,37 фоиз, йил бошидан +22,7 фоиз;
  • Алюминий – 2493 доллар (1 тоннаси) ҳафта бошидан +0,26 фоиз, йил бошидан +4,71 фоиз:
  • Мис – 4,37 доллар (1 фунти) ҳафта бошидан -1,04 фоиз, йил бошидан +12,2 фоиз.

Қимматбаҳо металлар ҳам тебранувчан ҳафтани бошдан кечирди. Олтин ва алюминий мос равишда 4 доллар ва 7 долларга ошди, кумуш ва мис 40 ва 4 центга арзонлашди.

Нефт

  • WTI – 81,44 доллар(ҳафта бошидан +1,14 фоиз, йил бошидан +14,23 фоиз);
  • BRENT – 84,86 доллар(ҳафта бошидан -0,18 фоиз, йил бошидан +10,15 фоиз).

Ҳафта давомида нефтнинг WTI маркаси 91 центга қимматлашди, BRENT эса 15 центга арзонлашди.

Валюталар

  • USD/EUR:  +0,19 фоиз (йил бошидан -2, 96 фоиз);
  • CNY/USD:   +0,08 фоиз (йил бошидан +2,39 фоиз);
  • TRY/USD:  -0,55 фоиз (йил бошидан +10,78 фоиз);
  • UZS/USD:   -0,53 фоиз (йил бошидан +2,05 фоиз);
  • RUB/USD:  -3,73 фоиз (йил бошидан -4,03 фоиз).

Валюталар бозорида доллар тебраниш аломатларини кўрсатди. Бунинг оқибатида евро ва лира 0,19 ва 0,55 фоизга, сўм ва рубл 0,53 ва 3,73 фоизга мустаҳкамланди. Фақатгина юан 0,08 фоизга ўз қадрини йўқотди.

Криптовалюта

  • Bitcoin – 60412 доллар (ҳафта бошидан -4,27 фоиз, йил бошидан +42, 45 фоиз);
  • Ethereum – 3376 доллар (ҳафта бошидан -1,30 фоиз, йил бошидан +47,91 фоиз). 

Bitcoin 5 кунлик савдоларда 4,27 фоизга, Ethereum эса 1,30 фоизга арзонлашди. 

Бозорлар ҳақида қисқача

АҚШ фонд бозоридаги сунъий интеллект раллисининг асосий юлдузи Nvidia акциялари 13 фоизга (400 миллиард доллардан ортиқ бозор капитализациясини йўқотди) арзонлашди ва расман коррекция циклига кириб, бозорда хавотирни уйғотди. Шунингдек, сунъий интеллект соҳасида ишловчи бошқа бир компания Micron Texnology ижобий даромадларга эга чораклик ҳисобот тақдим этишига қарамай, ҳафта сўнгига бориб унинг ҳам акциялари 8 фоиздан кўпроққа пасайди. Бу ҳодисалар, сунъий интеллект борасида ўсиш кузатилаётган бўлса-да, ноаниқ бўлган турли сиёсий (монетар ва президентлик сайлови) ва иқтисодий масалалар авж олиши оқибатида акцияларнинг тебранувчанлик даражасини ошириб, тобора катта пасайишларни келтириб чиқармоқда.

Эслатма! Тақдим қилинган маълумотлар муаллифга тегишли бўлиб, 24 июндан 28 июнгача бўлган вақт оралиғидаги молия бозорида юз берган ўзгаришлар асосида тайёрланган. Ушбу мақола инвестицион маслаҳат эмас.

Top