Апрел ойининг навбатдаги ҳафтаси АҚШда инфляция маълумотларининг эълон қилиниши ва янги геосиёсий можароларнинг авж олиши билан характерланди. Расмий маълумотларга кўра, Қўшма Штатларда инфляция ҳолати март ойида ёмонлашишда давом этган ва йиллик кўрсаткич 0,3 фоизга кўтарилиб, 3,5 фоизни ташкил этган. Баъзи таҳлилчилар буни Яқин Шарқдаги можаролар кескинлашиши оқибатида ёқилғи нархи ошиши билан боғламоқда. Чунки энергия ресурслари инфляцияда катта таъсир кучига эга ҳисобланади. Эрон ва Исроил муносабатларидаги кескинликнинг ортиши ёнилғи бозорида юқори тебранувчанликни юзага келтирди. Дунёда бўлиб ўтаётган воқеа ва ҳодисаларни инобатга олган ҳолда бир қатор инвестицион компаниялар, хомашё трейдерлари ва энергия секторининг йирик вакиллари яқин келажакда нефт нархи ўсишини прогноз қилмоқда.

Jahon Insights канали экспертлари 8 апрелдан 12 апрелгача бўлган даврда Халқаро молия бозорида содир бўлган энг муҳим воқеаларни таҳлил қилиб чиқди.  

АҚШ топ фонд бозорлари индекси:

  • S&P500 – 5123 (ҳафта бошидан -1,56 фоиз, йил бошидан +7,41 фоиз);
  • NASDAQ – 18003 (ҳафта бошидан -0,58 фоиз, йил бошидан +7 фоиз);
  • DJI – 37983 (ҳафта бошидан -2,37 фоиз, йил бошидан +0,78 фоиз).

500 та энг йирик компаниялардан таркиб топган S&P500 индекси 81 пунктга, Dow Jones индекси 921 пунктга, NASDAQ индекси эса 105 пунктга пасайди.

Асосий қимматбаҳо металлар:

  • Олтин – 2343 доллар (1 унцияси) ҳафта бошидан +0,59 фоиз, йил бошидан +13,6 фоиз;
  • Кумуш – 27,9 доллар (1 унцияси) ҳафта бошидан +1,88 фоиз, йил бошидан +17,74 фоиз;
  • Алюминий – 2471 доллар (1 тоннаси) ҳафта бошидан +1,17 фоиз, йил бошидан +3,8 фоиз:
  • Мис – 4,3 доллар (1 фунти) ҳафта бошидан +1,85 фоиз, йил бошидан +11,31 фоиз.

Қимматбаҳо металларнинг барчаси ўсиш суръатини тақдим этди. Масалан, алюминий ва олтин мос равишда 29 доллар ва 14 долларга ўсган бўлса, кумуш ва мис 52 ва 8 сентга қимматлашди.

Нефт

  • WTI – 85,4 доллар (ҳафта бошидан -1,47 фоиз, йил бошидан +19,79 фоиз);
  • BRENT – 90,15 доллар (ҳафта бошидан -0,79 фоиз, йил бошидан +17,02 фоиз).

Ҳафта давимида нефтнинг WTI маркаси 1,2 долларга, BRENT эса 72 сентга арзонлашди.