Ўзбекистон | 00:44 / 15.06.2019
27960
4 дақиқада ўқилади

15 июндан барча олий таълим муассасаларига ҳужжатларни қабул қилиш жараёни бошланади

Фото: KUN.UZ

15 июндан бошлаб барча олий таълим муассасаларига абитуриентлардан ҳужжатларни қабул қилиш жараёни бошланади.

2019-2020 ўқув йили қабулида абитуриентлар учун кўплаб янгиликлар ва қулайликлар яратилган:

Биринчидан, Ўзбекистонда қатор янги олий таълим муассасалари ташкил этилди. Жумладан, 8 та хорижий ҳамда 8 та маҳаллий олий таълим муассасаси ташкил этилиб, жорий ўқув йилидан ўз фаолиятини бошлайди;

Иккинчидан, Президентимизнинг ташаббусига кўра, республика олий таълим муассасаларига қабул квоталари қарийб 20 фоизга оширилиб, 120 мингдан ортиқ абитуриентларни талабаликка қабул қилиш имконияти яратилди. Жумладан, абитуриентлар Амалий коинот технологиялари, Рақамли иқтисодиёт, Технологик таълим, Мактабгача таълим психологияси ва педагогикаси, Урбанистика, Гид ҳамроҳлиги ва таржимонлик фаолияти, Деворбоп ва пардозбоп қурилиш материаллари технологияси, Саноат корхоналарида инновацион лойиҳалар бошқаруви каби янги замонавий бакалавриат таълим йўналишларида танловда қатнашиш имкониятига эга бўладилар;

Учинчидан, барча абитуриентлар олий таълим муассасаларига ўқишга киришда учтагача бакалавриат таълим йўналишида танловда иштирок этишлари мумкин, бу дегани – абитуриентлар ўз куч ва билимларини бир вақтнинг ўзида учта турли олий таълим муассасасида синаб кўришлари мумкин бўлади;

Тўртинчидан, чет тилини билиш даражаси тўғрисидаги миллий (CEFR тизими бўйича) сертификат ёки халқаро тан олинган имтиҳон тизимларининг (IELTS, TOEFL, JLPT, DSD, DELF каби) сертификатига эга бўлган абитуриентларга тест синовларини топширишда чет тили фанидан максимал балл берилади ва улар ушбу фандан имтиҳон топширишдан озод этилади;

Бешинчидан, кириш тест синовлари июль-август ойларида ўтказилиши абитуриентларга ортиқча навбатларсиз ва одамлар бир жойда тўпланиб қолишининг олдини олган ҳолда имтиҳонларни топширишга имконият яратади;

Олтинчидан, кўплаб абитуриентлар ва уларнинг ота-оналари томонидан билдирилган таклиф ва эътирозлардан келиб чиқиб, Қуролли Кучлар сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб, ҳарбий қисм қўмондонлигининг тавсияномаларига эга бўлган абитуриентлар учун асосий қабул квоталарига қўшимча равишда алоҳида қабул квоталари белгиланди;

Еттинчидан, Адлия вазирлигининг ташаббусига кўра, абитуриентлар танланган 5 та олий таълим муассасасига Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали (онлайн тарзда) орқали ҳужжатларини бепул топширадилар;

Саккизинчидан, фақат олдинги йиллар битирувчилари тест синовларида иштирок этишлари учун энг кам иш ҳақининг ярим баравари миқдорида тўловни амалга оширадилар. Бунда, ногиронлиги бўлган ёки тўлиқ давлат таъминотидаги шахслар тўловдан озод этиладилар;

Тўққизинчидан, бўлажак талабаларга, ўз хоҳишларига кўра тўлов-контракт қийматини стипендияли ёки стипендиясиз шаклда тўлаш ҳуқуқи берилади;

Ўнинчидан, бакалавриат битирувчилари, бакалавриат таълим йўналишига турдош бўлмаган магистратура мутахассисликлари бўйича ҳам танловда иштирок этишлари мумкин.

Ушбу ўқув йилида ҳам тест синовлари адолатли ва шаффоф ўтказилади ва тест синовларини катта сиғимли салқин биноларда кузатув камералари остида хотиржам топшириш учун барча шарт-шароитлар яратилади.

Тест синовлари жараёни катта мониторларда ҳамда телевидениеда ҳар куни онлайн тарзда узатиб борилади.

Мавзуга оид