Ўзбекистон | 10:48 / 16.01.2022
23709
3 дақиқада ўқилади

«Муносабат – салбий» — Ўзбекистонга кириб келаётганлар икки жойга пул тўлашаётганидан норози

15 январдан бошлаб Ўзбекистонга кириб келаётган аксарият йўловчилар ҳам олдиндан ПЗР-тест топшириши, ҳам кириб келгач экспресс-тестдан ўтиши талаб этилади. Аэропортларда экспресс-тест нархи 5 доллар деб белгиланган.

Шу кунларда ижтимоий тармоқлардаги муҳокамаларнинг асосий мавзуларидан бири — Республика махсус комиссияси қарори билан Ўзбекистонга кириб келишда коронавирусни аниқлаш учун мажбурий тест олиниши бўлмоқда.

Тошкент халқаро аэропортидаги йўловчилар такрорий тест олиниши ва узун навбатлар юзага келганидан норози бўлгани акс этган видеолар хорижий телеграм каналларда ҳам айланмоқда. Видеоларда ўтказиш пунктида юзлаб одамлар тўпланиб қолиши вирус тарқалиши учун қулай шароит ҳосил қилганини кўриш мумкин.

Kun.uz мухбири Тошкент халқаро аэропортида бўлиб, йўловчиларнинг ҳолат бўйича фикрларини олди. Йўловчиларнинг кўпчилиги тест учун икки марта харажат қилаётгани, пойтахтдаги аэропортдаги шароитлар талаб даражасида эмаслиги, бу талаб туфайли кўп вақт ютқазаётгани бўйича эътирозларини билдиришди.

Қуйида уларнинг айримларининг фикрлари келтирилади:

«Бир томонда тест олиш етарли. Оворагарчилик бўляпти. Уёқда тез бўлди, бу ерда аэропорт кичиклик қиляпти. Бир рейс йўловчилари 10-15 гуруҳга бўлинган...»

«Келаётганда шарт эмасди. Ҳозир ҳамма кутиб қолди. Энг охирги бўлиб чиқдим...»

«Менимча, бир марта етарли. Қайси шаҳардан чиқаётган бўлса, ўша ерда тест топшириб, манфий натижа билан чиқиб кетавериш керак. Бир томонлама қилса бўлади...»

«Истанбул орқали келяпман. Тестни Ригада топширганман, ҳозиргача 24 соат ўтмади. Лекин бу ерда ҳам тест топширишга мажбур бўлдим. Бунга муносабатим салбий. Керак эмас. Ҳали 24 соат бўлмади... Ортиқча харажат»

«Бу ғалати. Уёқда топширганмиз, бўлди-ку. Ғалати иш қилиб қўйишибди»

«Буни ошиқча тўлов деб ўйлайман. Буни бир жойда ташкиллаштириш керак, ёки Туркияда ёки Ўзбекистонда. Икки ҳукумат келишган ҳолда қилса бўлади...»

«Домодедово» аэропортида 2 минг рублга тест топшириб, самолётга чиқувдим. Ўзбекистонга келиб тушдик ҳамки, яна 5 доллар тўлаб, қайтадан экспресс-тест топширтиришяпти. Рост, охирги пулимни шунга тўладим, бошқа пулим йўқ, таксилар эса пулсиз олмаяпти. Умуман, бунинг ҳаммаси пул учун бўлаётганини биламан. Жин урсин бунақа қароқчиликни»

Kun.uz яна бир бор Махсус комиссия йўловчиларга ноқулайлик туғдираётган қарорини қайта кўриб чиқиши ва барча учун қулай ечим топишига умид билдиради.

Kun.uz мухбири Илёс Сафаров

Мавзуга оид