Ўзбекистон | 11:14 / 31.01.2023
12739
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон коррупцияга қарши кураш рейтингида ўз ўрнини 14 поғонага яхшилади

Transparency International халқаро нодавлат-нотижорат ташкилоти 2022 йил якунлари бўйича ўзининг анъанавий Коррупцияни қабул қилиш индексини эълон қилди. Унда Ўзбекистон бир йил олдингига қараганда 14 поғона юқорилаб, 180 та давлат орасида 126-ўринда қайд этилган.

Фото: iStock

Таҳлилчилар 2022 йил якунлари бўйича Ўзбекистондаги коррупцияга қарши курашиш даражасини 100 балдан 31 балга баҳолаган. Бу – бир йил олдингига қараганда 3 балга юқорироқ.

Ўзбекистон бу индекснинг 2016 йилги ҳисоботида 21 балл билан 156-ўринда эди.

Коррупцияни қабул қилиш индекси 1995 йилдан буён эълон қилиб келинади. Бу – давлат тизимида коррупциянинг қабул қилиниш даражасини акс этувчи ҳамда экспертлар ва ишбилармонлар сўрови асосида шаклланувчи 13 та манбадан ташкил топган ҳар йиллик индекс ҳисобланади.

Ўзбекистон мазкур манбаларнинг 7 таси бўйича баҳоланади. Бунда 0 балл – коррупцияни қабул қилишда энг юқори кўрсаткич, 100 балл – энг паст шкала ҳисобланади.

Коррупцияни қабул қилиш индекси 2022 / Transparency International

Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг эътибор қаратишича, Ўзбекистон мазкур индексда сўнгги 6 йил давомида ўсиш суръатларини қайд этаётган (2017 йилда 22 баллдан 2022 йилда 31 баллгача) давлат сифатида Шарқий Европа ва Марказий Осиё минтақаси аксилкоррупция ислоҳотларини тизимли равишда амалга ошираётган давлатлар қаторида қайд этилган.

2022 йил якунлари бўйича рейтингда коррупция даражаси энг паст мамлакатлар сифатида қуйидагилар кўрсатилган:

1. Дания – 90 балл
2. Финландия – 87
2. Янги Зеландия – 87
4. Норвегия – 84
5. Сингапур – 83
5. Швеция – 83
7. Швейцария – 82
8. Нидерландия – 80
9. Германия – 79
10. Ирландия – 77
10. Люксембург – 77

Собиқ СССР мамлакатлари орасида коррупция даражаси энг паст давлат – Эстония (рейтингда 14-ўрин). Литва 33-, Латвия 39-, Грузия 41-ўринни эгаллаган. Беларус 91-, Украина 116-, Россия 137-ўринда қайд этилган.

Марказий Осиё давлатларидан Қозоғистонда 101-, Қирғизистон 140-, Тожикистон 150-, Туркманистон 167-ўринда.

Япония ва Буюк Британия 18-, АҚШ 24-, БАА 27-, Саудия Арабистони 54-, Хитой 65-, Ҳиндистон 85-, Туркия 101-ўринда кўрсатилган.

Рейтингни 12 балл билан Сомали (180-ўрин) якунлаб берган. Энг охирги ўринларда Сурия, Жанубий Судан, Венесуэла, Яман, Ливия ва КХДР ҳам бор.

“Дунё миқёсидаги ўртача балл 100 дан 43 ҳолатида ўн йилдан ортиқроқ вақтдан бери ўзгармай турибди. Мамлакатларнинг учдан икки қисмидан кўпроғи 50 дан камроқ балл тўплади, 26 таси эса ўз тарихидаги энг паст кўрсаткичларни қайд этди. 2012 йилдан кейинги даврда айрим мамлакатлар биргаликдаги саъй-ҳаракатлар ёрдамида, қийинчилик билан ўз натижаларини яхшилаган бўлса-да, 155 та давлат коррупцияга қарши курашда ё жиддий ютуққа эришмади, ёки янада ёмонроқ натижаларни қайд этди”, – дейилади Transparency International ҳисоботида

Мавзуга оид