Ўзбекистон | 09:00
1371
14 дақиқада ўқилади

Светга уланган “квартплата” ва ҳомийсиз қолган клублар — ҳафта дайжести

Коммунал соҳа бўйича янги қарор: “квартплата”дан қарзи борлар светга пул тўлолмайди. Коррупция рейтингида Ўзбекистоннинг ўрни ёмонлашяпти: Акмал Бурҳонов халқаро ташкилотдан норози. Жамоатчилик нигоҳи яна суд тизимида: Li 9 ва BYD тўқнашувининг ҳукми бекор қилинди. Сертификатлаш соҳасида ислоҳот: маҳсулот сифатини давлат эмас, бозор назорат қилади.

Ортда қолаётган ҳафтанинг Ўзбекистон ҳаётига оид шу ва бошқа асосий янгиликлари – Kun.uz дайжестида.

Кўп қаватли уйлар бошқарувида янги тизим

“Қарзинг бўлса, чироқсиз қоласан” деган қоиданинг қўлланиш доирасида кенгайяпти. 2026 йил 1 июлдан эътиборан, кўп квартирали уйларни бошқарувчи ширкатлар ёки бошқарув компанияларига мажбурий тўловни – халқ тилида айтганда “квартплата”ни ҳар ойнинг 15-санасигача тўламаган мулкдорлар, то қарзини узмагунича, электр энергиясига тўлов қилолмай қолади. Бундай тартиб 5 феврал кунги президент қарорида кўрсатилган.

Шу тариқа, “квартплата” – электр энергиясининг биллинг тизимига уланаётган учинчи мажбурий тўлов бўляпти. Ўтган йилдан бошлаб чиқиндидан қарздорлик учун шундай тартиб ўрнатилган, кейинроқ 2026 йил 1 январдан Наманган вилоятида мол-мулк ва ер солиғидан қарзи 1 млн сўмдан ошган жисмоний шахслар учун ҳам бу чекловни қўллаб кўришга қарор қилинган эди.

Тармоқларда: “Кейинчалик ичимлик суви ва иссиқ сувдан қарздорлик учун ҳам электр тўлови чеклаб қўйилса керак”, деган тахминлар янграяпти. Фаоллар чиқиндини олиб кетиш хизмати бўйича ҳам, бошқарув-сервис компаниялари бўйича ҳам қатор эътирозлар борлигини таъкидламоқда. Бу эътирозлар ҳақли эканини расмийлар ҳам тасдиқлайди. Пайшанба куни Рақобат қўмитаси Чиқиндиларни бошқариш агентлигига сўров юборганини маълум қилди. Қўмитага кўра, кўплаб ҳудудларда чиқиндиларни ўз вақтида олиб кетмаслик, шартнома шартларига амал қилмаслик, аҳоли зиммасига асоссиз қарздорлик ҳисоблаш ва бунинг оқибатида электр энергияси тўловини ноҳақ чеклаб қўйиш ҳолатлари кузатиляпти. Сўровда истеъмолчилар ҳуқуқини бузаётган бундай тизимли камчиликларга барҳам бериш талаб қилинган.

Уй-жойларни бошқаришдаги муаммолар эса икки ой аввал Сенатда муҳокама қилинган ва ҳукуматга сўров юборилган эди. Сенаторларга кўра, кўплаб ҳолатларда бошқарув-сервис компаниясини танлашда мулкдорларнинг иштироки четга суриб қўйилган, уйни бошқарув компаниясига бириктиришда очиқ танловлар ўтказилмаган, бир қатор компаниялар бир вақтнинг ўзида юзлаб уйларни бошқариш ҳуқуқини қўлга киритган. Шунингдек, аслида бажарилмаган ишлар учун мажбурий бадаллар ҳисобланган ҳолатлар ҳам оз эмас. Мулкдорлардан ундирилган маблағларнинг талон-торож қилиниши билан боғлиқ ўнлаб жиноят ишлари очилган.

5 феврал кунги қарорни ҳукумат Сенатнинг ана шу сўровига жавоб сифатида кўрсатса, ажаб эмас. Қарорга асосан, 1 июлдан бошлаб Тошкент шаҳридаги кўп квартирали уйлар бошқаруви “Менинг уйим” тизими орқали рақамлаштирилади. Бунда: мулкдорларнинг умумий йиғилишини чақириш, ўтказиш ва қарор қабул қилиш, шартномалар тузиш, бошқарувчининг ҳисобдорлиги, мурожаатларни қабул қилиш ва уларни кўриб чиқиш фақат “Менинг уйим” тизими амалга оширилади. 2027 йилдан бошлаб бу тартиб бутун республикага татбиқ этилади.

Агар мулкдорлар бошқарув компаниясидан норози бўлса, ўзаро келишган ҳолда уни жавобгарликка тортиши мумкин. Бунинг учун мулкдорларнинг 50 фоиздан ортиғи 1 ой ичида “Mening uyim” иловаси ёки сайтига кириб, “Бошқарувчининг фаолиятидан норозиман” тугмасини босиши керак. Шунда коммунал соҳага масъул ҳудудий бош муҳандис келиб, ҳолатни ўрганади ва бошқарувчига нисбатан чора кўради.

Қарорда бошқарувчи компанияларнинг ҳисобдорлигини оширувчи механизм ҳам кўзда тутилган: улар ҳар чоракда қилинган харажатлар ҳақида “Менинг уйим” платформасига ҳисобот киритиб бориши керак. Акс ҳолда, мажбурий бадал тўловларини ҳисоблаш тўхтатиб қўйилади. Бошқарувчи ҳисоботни кечикиб киритган тақдирда ҳам, тўловлар ҳисобланмаган давр учун қайта ҳисоб-китоб қилинмайди.

Коррупция рейтингида пасайиш

Коррупция даражаси бўйича халқаро рейтингда Ўзбекистоннинг ўрни яна ёмонлашди. Transparency International эълон қилган индексга кўра, Ўзбекистон 2025 йил якунлари бўйича 182 та давлат орасида 3 поғонага пасайиб, 124-ўринга тушди. Халқаро кузатувчилар ўзбек расмийларининг коррупцияга қарши саъй-ҳаракатларига 100 балдан 31 балл беришган. Бу кўрсаткич кетма-кет икки йилдан буён пасаяётгани эътиборли.

Transparency International тузадиган бу нуфузли рейтинг – Ўзбекистон ўзи учун муҳим деб белгилаган халқаро индекслар қаторига киради. Лекин бу дегани, ҳукумат уни сўзсиз эътироф этади дегани эмас. Ўтган ҳафта Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурҳонов Transparency International'га эътирозлари борлигини айтганди.

“Мен Transparency International ташкилотининг раҳбариятига, вакилларига ҳам кўп маротаба айтганман: кўрсатиб беринглар методологияни, қайси асосга кўра бизники паст, қайси асосга кўра бу давлатдан бизники ёмон? Кўп савол бераман, лекин афсуски, қайси мезон асосида улар баҳолашини биз билмаймиз. [...] Бизнинг таҳлилларимиз асосида айтишим мумкинки, ўша биздан юқорида турган давлатлардан кўра кўпроқ аксилкоррупция ислоҳотлари Ўзбекистонда ўтказилди”, – деганди у.

Бурҳоновга кўра, 2025 йилда Ўзбекистонда 5222 та коррупцион жиноят аниқланган. Бу – 2024 йилга нисбатан салкам 500 тага кам. Ўтган йили 12 та туман ҳокими, 300 дан ортиқ ҳоким ёрдамчилари коррупцияга қўл урган.

Аксилкоррупция агентлиги раҳбари давлат хизматчиларининг мол-мулки ва даромадларини декларациялашга доир қонун ҳақидаги саволни Адлия вазирлигига буриб юборди.

“Биз қонун лойиҳасини такомилига етказишни тугатдик. Ҳозир жамоатчилик муҳокамасига қўйиш жараёнидан ўтмоқда. Жамоатчилик муҳокамасига қўядиган идора бор, мен улар учун жавоб беролмайман”, – деди у.

Бурҳонов коррупционерлар реестри ҳам кечикаётганига изоҳ бераркан, агентликда қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи йўқлигини айтди, ва яна қонун “такомиллаштирилаётгани”, унга тўсиқ бўлувчи “сиёсий масала” йўқлигини қўшимча қилди.

Судялар декларация топширади

Давлат хизматчиларининг активларини декларациялаш талаби биринчилардан бўлиб судяларга нисбатан жорий этилиши мумкин. Бу масала пайшанба куни Судялар олий кенгаши раиси Холмўмин Ёдгоров ва Президент администрацияси раҳбари ўринбосари Нодира Ҳакимованинг давлат раҳбари ҳузуридаги тақдимотида муҳокама қилинди.

Расмий релизда айтилишича, судялар ва уларнинг оила аъзолари мол-мулкини декларация қилиш, комплаенс назорат ўрнатиш, суд аппарати ходимларини ишга олишнинг очиқ тартибини яратиш каби ташаббуслар илгари сурилган. Нодира Ҳакимованинг сўзларига кўра, декларациялаш 2027 йилдан бошланади ва суд тизимининг ички тартиби сифатида жорий этилади. Судялар топширган декларациялар кенг жамоатчиликка очиқланадими-йўқми, бунга ҳали аниқлик киритилмади.

Ҳафта давомида суд тизимидаги яна бир шов-шувли воқеанинг давомига гувоҳ бўлдик. Ўтган йили сентябр ойида Тошкент шаҳри марказидаги Мустақиллик шоҳкўчасида BYD ва Li 9 автомобиллари тўқнашган, Li 9 ағанаб кетган эди. Ҳодиса видеоларидан кўриш мумкинки, 60-62 км/соат тезликда ҳаракатланаётган BYD огоҳлантириш ишорасини берган ҳолда чапки бўлакка ўтаётган пайтда, ортидан катта тезликда келган Li 9 келиб урилган. Воқеани кўриб чиққан Мирзо Улуғбек туман суди декабр ойидаги қарори билан, BYD ҳайдовчисининг зиммасига салкам 800 млн сўм зарарни тўлаш мажбурияти юкланган.

Суднинг таъкидлашича, Йўл ҳаракати қоидаларининг 53-бандига биноан, BYD ҳайдовчиси қайта тизилаётган пайтда бошқа ҳайдовчиларнинг ҳаракатига хавф туғдирмаслиги керак эди. Экспертиза хулосасига кўра, ЙТҲ пайтида Li 9нинг тезлиги қанча бўлганини аниқлаш имконсиз, лекин унинг тезлиги рухсат этилган 60 км/соат бўлган тақдирда ҳам, авариянинг олдини олиб бўлмас эди. Экспертизанинг бундай баҳсли хулосаси ва суднинг шу хулосага таяниб қарор чиқариши яқинда ижтимоий тармоқларда кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлганди.

Жума куни Тошкент шаҳар судлари бу борада баёнот билан чиқди. Маълум бўлишича, BYD ҳайдовчисининг шикоятини кўриб чиққан апелляция суди ҳолат бўйича “суриштирув ишлари тўлиқ ўтказилмаган” деган хулосага келган ва бирламчи суд қарорини бекор қилиб, ишни суриштирув органига қайтарган. Айни пайтда Li 9 ҳайдовчиси бу қарор устидан тафтиш инстанциясига арз қилиш ҳуқуқига эга.

Метан-шохобча қуришга “ҳеч қандай рухсат йўқ”

2025 йилдан бошлаб, Ўзбекистонда метан-шохобча қуриш тақиқланган. 6 феврал куни қорақалпоғистонлик тадбиркорлар билан учрашувда расмийлар буни очиқчасига тан олди. Бош вазир ўринбосари Жамшид Хўжаев тадбиркорнинг мурожаатига жавобан “ҳозир метан-шохобча қуришга рухсат йўқ”лигини, соҳа масъуллари ҳозирги мавжуд шохобчаларга ҳам газ етказиб беролмаётганини айтди.

“Ҳозир метан-заправка қуришга рухсат йўқ. Бор метан-заправкаларга булар газ етказиб беролмаяпти. Фарҳод Ўрозбоевич, буни тадбиркорларга айтмаганмисизлар? […] Қурганингиз билан пулингиз шундай ётади. Сизга метан бермайди. Қурилишни бошламаслик керак. Нега буни ҳокимият айтмайди?” – дея эътироз билдирди бош вазир ўринбосари.

Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши раиси Фарҳод Эрманов тақиқ ҳақида тадбиркорлар хабардор қилинганини айтди:

“Ҳокимларнинг ҳам, муовинларининг ҳам хабарлари бор. Тадбиркорларга ҳам бу масала бўйича айтганмиз. Ўтган йилдан бошлаб метан заправка қурилишига тақиқ қўйилган. Ҳеч қандай рухсат йўқ”.

Айни пайтда, газ таъминоти учун энг асосий масъул идора бўлмиш “Ўзбекнефтгаз”да раҳбар алмашганидан кейинги ўзгаришлар давом этяпти. Kun.uz манбасига кўра, компания Суперлиганинг янги мавсуми олдидан ЎФАга хат юбориб, “Насаф”, “Бунёдкор” ва “Бухоро” клубларини молиялаштиришни тўхтатишини маълум қилган.

Бу қарор – “Ўзбекнефтгаз”нинг янги раҳбарияти олдига компанияни молиявий соғломлаштириш вазифаси қўйилгани билан боғлиқ. Компаниянинг янги раиси Абдуғани Сангинов 30 январ куни президент ҳузуридаги тақдимотда соҳага оид бўлмаган активлардан воз кечиш ва ҳомийлик тўловларини тўхтатиш режалари ҳақида ахборот берган эди. Аввалроқ “Ўзбекнефтгаз”нинг собиқ раҳбари даврида катта талон-торожликка йўл қўйилгани маълум бўлганди.

Футболдан тежалган маблағлар ҳисобига, нефт-газ соҳасидаги ойликларни оширишга қарор қилинган кўринади. Компаниянинг сешанба кунги хабарига кўра, 1 апрелдан бошлаб “Ўзбекнефтгаз” тизимидаги корхоналарда ишловчи 32 мингдан ортиқ ходимнинг маоши 10 фоизга оширилади. Бундан ташқари, яна 7 мингта ходимни компания ҳисобидан иссиқ овқат билан таъминлаш йўлга қўйилади.

Аҳолини газ ва нефт маҳсулотлари билан таъминлаш асосий вазифаси бўлган давлат компанияси футболга пул ажратишни ниҳоят бас қилгани – эътирофга лойиқ. Аслини олганда, мактабларининг 88 фоизи канализацияга уланмаган, ҳар иккита мактабнинг бирида ичимлик суви мавжуд бўлмаган мамлакатда давлат ташкилотлари, солиқ тўловчиларга тегишли компаниялар ва айниқса ҳокимликлар 35 йилдан бери профессионал футболни молиялаштириб юриши – ачинарли ҳол.

Бу ҳафта яна нималар рўй берди?

Тошкент шаҳри кўчаларига панжаралар қайтяпти. Пойтахтнинг қатор кўчаларида пиёдалар йўлни белгиланмаган жойдан кесиб ўтмаслиги учун панжаралар ўрнатилмоқда. Кўпчиликнинг ёдида бўлса керак, бу тўсиқлар 7 йил олдин олиб ташланган, ўшанда бундай панжаралар ҳайдовчилар учун ҳам, пиёдалар учун ҳам йўл сатҳини кўришни ёмонлаштириб, аварияларга олиб келишини расмийларнинг ўзи ҳам тан олган эди. Танқидлардан кейин Тошкент шаҳар ҳокимлиги баёнот билан чиқиб, пиёдалар ўтиш жойларига 10-15 метр қолганда, шунингдек, қайрилиш ва бурилиш жойларида панжараларнинг баландлиги пасайтирилишини маълум қилди. Ҳафта давомида бу мавзунинг роса муҳокама бўлишига Мирзо Улуғбек кўчасидаги ҳолат ҳам туртки берди. Бу кўчадаги янги панжаралар ўрнатилганидан 1 ҳафта ўтиб олиб ташланган. Бунга, панжаранинг бўйи пастроқ бўлиб қолгани сабаблиги айтиляпти. Тез орада бу ерга бошқатдан, энди баландроқ панжаралар ўрнатилади.

Рақамлаштириш вазири Шерзод Шерматов электрон ҳукумат тизимлари киберҳужумга учраганига изоҳ берди. У 15 миллионта ватандошнинг маълумотлари тарқаб кетганини рад этиб, 3 та идорага қилинган киберҳужум натижасида ўзбекистонликларнинг 60 мингга яқин датаси ўғирланганини маълум қилди. “15 млн уникал одамнинг интернетда сотувда турган маълумоти йўқ. Агар бўлса, топинглар, олинглар, кўринглар. Унақа маълумот йўқ”, деди вазир. Шерматовга кўра, фирибгарлар тарқалиб кетган паспорт маълумотларини қўлга киритгани билан, фуқаронинг иштирокисиз ҳеч нарса қилолмайди, лекин барибир бу маълумотлардан алдов қуроли сифатида фойдаланиши мумкин.

Сертификатлаш соҳасида ислоҳот бўлиши кутиляпти. Пайшанба куни президент ҳузуридаги йиғилишда техник тартибга солиш соҳасини халқаро талаблар асосида тубдан янгилашга қарор қилинди. Асосий ўзгариш – бозор назорати тизимига ўтилиши билан боғлиқ. Бу тизимда маҳсулот сифати ва хавфсизлигини кафолатлаш ишлаб чиқарувчининг зиммасида бўлади; давлат назоратидан босқичма-босқич воз кечилиб, бозор назорати тамойилларига ўтилади. Йиғилишда иштирок этган таниқли тадбиркор Зафар Ҳошимов маҳаллий саноат учун бу янгиликнинг аҳамиятини валюта конвертациясининг очилишига тенглаштирди.

Ҳуқуқ-тартибот идораларида узоқ йиллар ишлаган айрим ходимлар пенсияга кузатиляпти. Бу ҳақда давлат раҳбари январ ойидаги селекторда топшириқ берган, ҳуқуқ-тартибот соҳасига ёш ва талабчан раҳбарлар корпуси кераклигини айтганди. Шундан кейин аввалига прокуратура тизимида кўп йиллар ишлаган ходимлардан бир гуруҳи пенсияга кузатилди. Жорий ҳафтада эса Тошкент шаҳри ва Самарқанд вилояти божхона бошқармалари бошлиқлари, Сирдарё вилояти божхона бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари пенсияга чиқарилди. Шунингдек, Миллий гвардияда ҳам ёши катта офицерларнинг бир гуруҳи тантанали тарзда нафақага кузатиб қўйилди.

Муаллиф – Комрон Чегабоев
Бошловчи – Умаршоҳ Сайдалиев
Тасвир устаси – Шоҳруз Абдурайимов
Сурдотаржимон – Эъзоза Аҳмедова

Комрон Чегабоев
Муаллиф Комрон Чегабоев

Мавзуга оид