Жамият | 12:32 / 06.12.2020
22224
5 дақиқада ўқилади

Насл олдидаги масъулият: болалар нега ногиронлик билан туғилади?

Инсон ҳаёти давомида қабул қиладиган нотўғри қарорларнинг айримлари учун нафақат ўзи, балки авлодлари ҳам товон тўлашига тўғри келиши мумкин. Бундай хатоларга йўл қўймаслик учун нималарни билиш лозим?

«Умримнинг катта қисмини ногиронлар аравачасида ўтказдим. Аммо бу порлоқ карьерага эга бўлишим, оилавий бахтга эришишим учун тўсқинлик қилмади. Бунга сабаб эса ҳар доим биринчи даражали тиббий хизматдан фойдаланиш имконияти, зарурат бўлганда ёрдам кўрсатадиган ижтимоий хизматчиларнинг борлигида эди.

Бу борада менга омад кулиб боққанини тушунаман. Бутун дунёда одамлар наинки ўз соҳаларида катта натижаларни кўрсатиш, балки кунлик ҳаёт кечиришида ҳам улкан машаққатларга дуч келишади. Ногиронлик муваффақиятга эришиш йўлида тўсиқ бўлмаслиги керак».

Машҳур астрофизик олим Стивен Ҳокинг ногиронлиги бор инсонларнинг муносиб турмуш тарзига эга бўлишлари ва бунинг учун етарли тиббий шароитнинг бўлиши заруратини шу сўзлар билан ифода этган.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, бутун дунёда ногиронлиги бўлган инсонлар таълимда ва иқтисодий фаоллик борасида бошқаларга қараганда паст кўрсаткичларни кўрсатишади, камбағаллик эса бошқаларга нисбатан айнан ногиронлиги борлар орасида кўпроқ кузатилади.

Ва бунга асосий сабаб – соғлом инсонлар учун одатий хизматлар – тиббиёт, таълим, транспорт, бандлик кабиларда ногиронлиги борларнинг имкониятлари ҳаддан ортиқ чекланганидадир.

Аҳамиятли жиҳати, ҳозир ер юзида инсоният тарихидаги ҳар қачонгидан ҳам кўра кўпроқ ногиронлик ҳолатлари мавжуд. 1970 йилда ўтказилган глобал тадқиқот натижаларига кўра, сайёра аҳолисининг 10 фоизида ногиронлик ҳолатлари борлиги аниқланган, бугун эса бу кўрсаткич 15 фоиз, яъни 1 млрд.дан зиёд киши.

Ҳеч ким ногиронликдан тўла кафолатланмаган. У ҳаёти давомида сурункали касалликлар ёки бахтсиз ҳодиса боис ногиронлик орттириши, ҳали тиббиётга ҳам маълум бўлмаган сабаблар билан ногирон бўлиб дунёга келиши мумкин.

Бу аксиома – атрофимизда ҳар доим бўлган ва бундан кейин ҳам бўлиб келадиган, аммо биз ўзимизни эшитмаган, кўрмаганга соладиган, ўзимиздек тенг ҳуқуққа эга бўлган инсонлар тақдири ҳақида жиддий ўйлаб кўришга ундайди.

Ҳаёт давомида орттириладиган ногиронликдан тўла ҳимояланиш имконсиз. Аммо туғма ногиронликнинг юзага келишида аксар ҳолларда ота-онанинг таъсири ҳам бўлади. Натижадан эса ҳамма, айниқса бегуноҳ гўдак қийналади.

Шу боис ҳар бир инсон келажак авлод олдида масъулиятни ҳис қилган ҳолда насл занжирини давом эттиришда хатоликларга йўл қўймасликка ҳаракат қилиши, бунда нималарга амал этиши кераклигини билиши лозим.

Туғма ногиронлик туфайли бир йилда 303 мингдан зиёд бола ҳаётининг биринчи тўрт ҳафталигида вафот этади.

50 фоиз ҳолатда туғма ногиронлик сабабларини билиб бўлмайди. Аммо тиббиёт бундай аномалияларнинг пайдо бўлиши эҳтимолини оширувчи қатор омилларни аниқлаган.

Ижтимоий-иқтисодий омиллар

Тўлақонли яшаш учун ресурслар етишмайдиган мамлакатлар ва оилаларда туғма ногиронлик ҳолатларининг юқорилиги аниқланган.

Оғир кўринишдаги туғма ногиронликнинг 94 фоизи аҳоли даромади ўртача ёки ўртачадан паст бўлган давлатларда кузатилади. Чунки бундай шароитда аёлларнинг сифатли ва тўйимли овқатланиш, сифатли тиббий хизматдан фойдаланиш имконияти пасаяди. Доимий депрессив кайфият ҳукм суради.

Генетик омиллар

Қоннинг аралашуви (яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳ) туғма ногиронликнинг асосий ва энг кўп кузатилган сабабларидандир.

Шунингдек, яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳдан бўлган ҳомиладорликда ҳомиланинг нобуд бўлиши, чақалоқнинг илк ойлардаги ўлими, ақлий заифлик эҳтимоли икки бараваргача ошади.

Эрта ёки кеч туғуруқ

Эрта ёшдаги ҳомиладорлик боланинг жисмоний етишмовчилик билан туғилиш эҳтимолини пайдо қилади. Кеч туғуруқ эса Даун синдроми каби хромосома аномалиялари бўлган боланинг пайдо бўлишига олиб келиши мумкин.

Инфекциялар

Сифилис, қизамиқ сингари инфекцияларни бошдан кечирган оналарда ҳомиланинг ривожланишида ўзгаришлар бўлиш эҳтимоли ортади.

Онанинг тўйиб овқатланмаслиги

Онадаги йод, фолий кислотаси ва бошқа витаминлар етишмовчилиги, семизлик, қандли диабет ҳолатлари ҳам носоғлом ҳомилага олиб келиши мумкин.

Ота ёки онадаги алкоголизм ва тамаки чекиш эса туғма ногиронликнинг асосий айбдорлари ҳисобланади.

Экологик омиллар

Радиоактив нурланиш, ҳавода кимёвий зарарли моддалар нисбатининг юқори бўлиши, кон, чиқинди полигони, кимёвий заводлар ҳудудида яшаш ҳам туғма ногиронликка сабаб бўлиши мумкин.

Инсон ҳаёти давомида қабул қиладиган нотўғри қарорларнинг айримлари учун нафақат ўзи, балки авлодлари ҳам товон тўлашига тўғри келиши мумкин. Бунинг олдини олиш учун эса келажак олдидаги масъулиятни ҳис қилиш, ногиронларни ҳимоя қилишгина эмас, ногиронликни пайдо қилувчи сабаблар билан курашиш керак. Ҳар бир гўдакнинг тўлақонли ҳаёт кечиришга ҳаққи бор.

Саодат Абдураҳмонова тайёрлади.

Мавзуга оид