Иқтисодиёт | 19:52 / 14.07.2020
10938
2 дақиқада ўқилади

«Ҳар бир оила – тадбиркор» дастурига яна салкам 100 млн доллар ажратилди

Икки ой аввал ҳам ушбу дастур учун 100 млн доллар йўналтирилган эди.

Фото: KUN.UZ

«Ҳар бир оила – тадбиркор» дастурини ҳамда Наманган вилоятидаги кичик саноат зоналарини ривожлантиришни молиялаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» Президент қарори (ПҚ–4782-сон, 14.07.2020 й.) қабул қилинди.

Адлия вазирлиги хабарига кўра, қарорга асосан пандемия шароитида ижтимоий аҳволи ва турмуш шароити оғирлашган оилаларнинг бандлигини таъминлаш орқали уларга даромад манбайини яратиш мақсадида Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан «Ҳар бир оила – тадбиркор» дастури учун қўшимча равишда 98 млн доллар:

  • «Агробанк» АТБга – 40 млн доллар;
  • АТ Халқ банкига – 30 млн доллар;
  • «Микрокредитбанк» АТБга – 28 млн доллар эквивалентида маблағлар ажратилади.

Маълумот учун, ушбу дастурга шу йилнинг май ойида ҳам 100 млн доллар йўналтирилган эди.

14 июлдаги қарор билан, Наманган вилояти ҳокимлигига 50 млн доллар ажратиладиган бўлди. Маблағлар вилоятдаги кичик саноат зоналари фаолиятини ривожлантиришга йўналтирилади.

Шунингдек, микромолиявий хизматлар кўрсатувчи ташкилотлар ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотларига ёшлар ва хотин-қизларни кичик тадбиркорликка жалб қилиш лойиҳаларини қўллаб-қувватлашга 2 млн доллар ажратилмоқда.

Мавзуга оид