Ўзбекистон | 07:47 / 27.08.2018
2870
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда “Меценатлик фаолияти ва маданий ҳомийлик тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилади

Фото: iStock

Ўзбекистонда “Меценатлик фаолияти ва маданий ҳомийлик тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни лойиҳаси ишлаб чиқилади. Бу ҳақда президентнинг “Ўзбекистон Республикасида маданият ва санъат соҳасини инновацион ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида айтилган.

Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги Жамғарма ва бошқа манфаатдор идоралар, шунингдек, маданият ва санъат соҳасидаги етакчи халқаро ташкилотлар билан биргаликда икки ой муддатда “Меценатлик фаолияти ва маданий ҳомийлик тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни лойиҳасини ишлаб чиқади ва киритади. Қонун лойиҳасида бошқалар қаторида қуйидагилар назарда тутилади:

маданият ва санъат муассасаларига, шу жумладан жисмоний шахсларга ёрдам кўрсатувчи меценатлар ва ҳомийларга солиқ имтиёзлари (чегирмалар) тақдим этиш учун ҳуқуқий асослар яратиш;

солиқ имтиёзлари (чегирмалар) олиш ҳуқуқини сақлаб қолган ҳолда маданият ва санъат муассасаларини қўллаб-қувватлаш шаклларини ва услубларини кенгайтириш (муайян ишларни бажариш, хизматлар кўрсатиш, мол-мулк ҳуқуқини бериш ва ҳоказо);

маданият ва санъат муассасаларини жамоатчилик томонидан қўллаб-қувватлашнинг замонавий услубларини жорий этиш;

меценатлик ва ҳомийлик ёрдамини олаётганларнинг ҳисоб бериш тизимини, шунингдек, улардан мақсадли фойдаланилиши устидан назоратни такомиллаштириш.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид