Ўзбекистон | 22:49 / 22.02.2024
16379
3 дақиқада ўқилади

Тошкент шаҳрида 1 мартдан тиғиз вақт оралиқларида юк машиналари ҳаракати тақиқланади 

Шунингдек, атмосфера ҳавосида майда дисперс заррачалари белгиланган нормадан юқори бўлгани аниқланганда аҳолини доимий хабардор қилиш амалиёти йўлга қўйилади. 

Фото: Kun.uz

«Ўзбекистон–2030» стратегиясини «Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили»да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисидаги президент фармони қабул қилинди. 

Унда чанг бўронларига қарши курашиш ва уларнинг салбий оқибатларини юмшатиш чора тадбирлари ҳам белгиланган. 

Жумладан, 2024 йил 1 мартдан бошлаб: 

- Тошкент шаҳрида юк ташиш учун мўлжалланган, рухсат этилган тўла вазни 10 тоннадан юқори бўлган N2, N3, О4 тоифага кирувчи автотранспорт воситаларининг ҳаракати тиғиз вақт оралиқларида тақиқланади. Бунда, ушбу чекловлар махсус хизмат, шу жумладан, коммунал хўжалиги, ободонлаштириш ва Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг юк транспорти воситаларига татбиқ этилмайди; 

- ҳудудларда чанг бўрони содир бўлаётганда ва атмосфера ҳавосида майда дисперс заррачалари белгиланган нормадан юқори бўлгани аниқланганда аҳолини огоҳлантириш, юрак-қон томир ва нафас йўллари касалликларига чалинган ҳамда соғлиғи ҳавонинг ифлосланишига таъсирчанлиги юқори бўлган бошқа фуқароларни зарур профилактик чоралар тўғрисида доимий хабардор қилиш амалиёти йўлга қўйилади; 

- ўлчами 500 метр квадрат ва ундан ортиқ бўлган қурилиш майдонларида, унга кириб-чиқиш йўлларида чанг ва қум заррачаларининг ҳавога кўтарилишини бартараф этиш бўйича мажбурий талаблар жорий этилади. 

2030 йилга қадар Тошкент ва Нукус шаҳарлари, вилоятлар марказларида «ЕВРО–5» ва ундан юқори стандартларига мувофиқ бўлмаган автомашиналар эксплуатацияси босқичма-босқич чекланади. 

Кенг жамоатчилик вакиллари ва экофаолларнинг экологияга автомобиллар чиқинди газларининг зарарли таъсирини камайтириш учун Тошкент шаҳрида ҳар ойнинг бир иш куни давомида автомобиллар ҳаракатланишини (жамоат транспортлари, махсус ва шошилинч ёрдам хизматларидан ташқари) қисқартиришга қаратилган «Автомобилсиз кун» жамоатчилик лойиҳаси амалга оширилади. 

Бунда, биноси Тошкент шаҳрида жойлашган барча республика ва ҳудудий ижро этувчи ҳокимият органларининг раҳбар ва бошқа ходимлари жамоат транспортида иш жойига келиши орқали намуна кўрсатади.

Мавзуга оид