Ўзбекистон | 17:23 / 28.07.2023
31800
2 дақиқада ўқилади

Учта вилоят ЙҲХБ бошлиқлари лавозимидан озод қилинди

48 фоиз аварияларнинг сабаби йўл инфратузилмасидаги камчиликлар ҳисобланади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш борасидаги ишлар аҳволидан халқ мутлақо норозилигини таъкидлади.

Масалан, ўтган олти ойнинг ўзида 4 мингга яқин авто-авариялар содир этилиб, 873 нафар шахс вафот этган, 3,5 мингдан ортиғи жароҳат олган.

«Эътибор беринг, 48 фоиз аварияларнинг сабаби йўл инфратузилмасидаги камчиликлар ҳисобланади.

Вазиятни яхшилаш бўйича «Ўзавтойўл» ва ҳокимликларнинг масъулияти умуман сезилмаяпти. Улар фақат асфалт ётқизиш билан овора, ҳаракат хавфсизлиги эса эътибордан четда қолиб кетган», - деди давлат раҳбари.

Шу муносабат билан Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги раҳбари Олим Саидовга ҳайфсан берилди. Шунингдек, Жиззах (2017 йилдан буён Ҳусан Холқўзиев), Сурхондарё (2020 йилдан Илҳом Соипов) ва Хоразм вилоятлари ЙҲХБ бошлиқлари лавозимидан озод қилинди.

Йиғилишда «Йўл ҳаракати хавфсизлиги – жамоатчилик назоратида» тамойили асосида йилига камида икки марта ижтимоий сўров ўтказиш йўлга қўйилиши таъкидланди.

Энди йўлдаги дислокация тушунчасидан воз кечилиб, барча йўл-патрул хизмати ходимлари учун маҳаллаларни қамраб олувчи жавобгарлик ҳудуди белгилаб қўйилади.

Энг хавфли йўл ва чорраҳалар харитасини шакллантириб, уларни тартибга солиш учун:

  • нечта светофор ёки қанча узунликдаги йўл тўсиқлари керак;
  • қайси ҳудудларга ер усти ва ер ости пиёда йўлаклари зарур;
  • ҳаракат хавфсизлиги учун жиддий хавф туғдираётган «яма» ва «гармошкалар»ни таъмирлаш учун қанча маблағ зарур, деган саволларга аниқ ҳисоб-китобларини бериш топширилди.

Мутасаддилар ва барча вилоятлар ҳокимларига бир ой муддатда консултантларни жалб қилиб, ҳудудидаги энг хавфли йўл ва чорраҳаларда тартиб ўрнатиш лойиҳасини бошлашга кўрсатма берилди.

Мавзуга оид