Ўзбекистон | 09:58 / 21.09.2022
7709
2 дақиқада ўқилади

Хусусий ташкилот ходимларига ҳомиладорлик нафақасини давлат томонидан тўлаш тартиби белгиланди

Ҳукумат қарори билан давлат ижтимоий суғуртаси бўйича ҳомиладорлик ва туғиш нафақасини тайинлаш ҳамда тўлаш тартиби тўғрисида низом тасдиқланди.

Бюджет ташкилотларидан бошқа барча юридик шахсларда 6 ой узлуксиз ишлаётган аёлларга ҳомиладорлик ва туғиш нафақасини тўлаш тартиби белгиланди.

Нафақа Ижтимоий суғурта жамғармаси ҳисобидан фарзанд туғилгунигача минимал истеъмол харажатлари 4 баравари - 1 млн 992 минг сўм миқдорида берилади.

Шунга кўра, юридик шахслар нафақа тўлаш мажбурияти жамғарма ҳисобидан тўланган нафақа миқдорига камайтирилади.

Меҳнатга лаёқатсизлик варақаси нафақани тайинлаш ва тўлаш учун асос бўлади. Меҳнатга лаёқатсизлик варақаси расмийлаштирилгандан 5 иш кунида маълумотлар масъул тиббиёт ходими томонидан “Тиббиёт” ахборот тизимига киритилади ва маълумотлар “Ягона реестр” тизимига юборилади.

“Ягона реестр” тизими томонидан нафақа тайинлаш ёки рад этиш ҳақида қарор қабул қилиниб асослантирилган ҳолда нафақа олувчи телефонига СМС-хабар юборилади. 

Нафақа ой 10-санасигача нафақа олувчи пластик картасига ўтказиб берилади. Пластик карта бўлмаганида эса ой 27-санасигача нақд кўринишда берилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид