Ўзбекистон | 19:28 / 08.08.2024
6040
2 дақиқада ўқилади

«Омонқўтон» миллий боғида ноқонуний хатти-ҳаракатлар билан табиатга зарар етказилди

Экология вазирлиги тасарруфидаги «Омонқўтон» миллий табиат боғида экскаватор ва булдозерлар киритилиб, йўллар ва иншоотлар қурилиши оқибатида дарахтлар ва ўсимликларга зарар етказилган.

Фото: Экология вазирлиги матбуот хизмати

Бу ҳақда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги матбуот котиби Лола Раҳмонбоева ўз Тelegram-каналида маълум қилган.

У Ургут туманига қилган сафари чоғида маҳаллий мутахассислардан ҳолатга изоҳ сўраганида, Миллий боғ ҳудудига ноқонуний кирилгани, бир нечта дарахт ва ўсимликларга жиддий шикаст етказилганини айтган.

Маълум бўлишича, 5 нафар фуқаро Миллий боғга «Йўлсой» бўлимида жойлашган собиқ оромгоҳ ҳудуди орқали рухсатсиз ва ҳеч қандай ҳужжатсиз экскаватор ва булдозерлар билан кириб борган. Боғ раҳбарияти табиат боғи муҳофаза этиладиган табиий ҳудуд экани, бу ерга рухсатсиз кириш, қурилиш ва қазиш ишларини олиб бориш мумкин эмаслиги ҳақида огоҳлантирган ҳамда ҳудуддан чиқиб кетишни талаб қилган.

Шунга қарамасдан, фуқаролар ноқонуний тарзда боғ ҳудудига киришда давом этган ва бир неча дарахтлар ҳамда ўсимликларга жиддий зарар етказишган.

2 август куни кеч соат 18:00 ларда Миллий табиат боғи ходимлари томонидан қонунбузарлик ҳолати тўлиқ тўхтатилган.

Л.Раҳмонбоевнинг маълум қилишича, мазкур ҳолат юзасидан Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги томонидан тегишли ҳужжатлар Бош прокуратурага йўлланди.

Бугун, 8 август куни Самарқанд вилоят прокуратураси ва кадастрлар палатаси вилоят бўлими ходимлари бориб вазиятни жойида ўргангани, Миллий боғ ҳудудида ноқонуний қурилган иншоотлар ҳам борлигини аниқлашган.

Таъкидлаш лозимки, «Омонқўтон» миллий табиат боғи табиатни асраш, биохилмахилликни сақлаш, ҳайвонот ва ўсимлик дунёсини муҳофаза қилишда энг муҳим аҳамиятга эга объектлардан бири ҳисобланади.

Бу ерда 1300 турдан ортиқ ўсимлик, ноёб, қимматбаҳо дарахтлар, 126 турдан ортиқ умуртқали ҳайвон, 100 турдан ортиқ қуш учрайди. Ўсимликларнинг 101 тури муҳофазага муҳтож ҳисобланади. Ноёб ҳайвонлар ва қушларнинг 9 тури эса Табиатни муҳофаза қилиш халқаро иттифоқи (IUCN) Қизил рўйхати ва Ўзбекистон Қизил китобига киритилган.

Мавзуга оид