Ўзбекистон | 15:02 / 21.09.2021
20943
2 дақиқада ўқилади

Туркманистон президентининг Ўзбекистонга ташрифи кутиляпти

Туркманистон билан бирга “Туямўйин” гидроузелининг “Султон Санжар” дамбасини мустаҳкамлаш ҳисобига 1 миллиард куб метр қўшимча сув захираси яратилади.

“Раҳматли Муса Камалович [Ерниязов] билан вертолётда учиб кўрардик, мен шолидаги сув сарфидан норози бўлардим. Ҳозир ҳам 5 баробар кўп сарфлаяпсизлар, кимга керак бунақа деҳқончилик?!

Шунинг учун, кўчат тайёрлашдан бошлаб, қайта ишлашгача бўлган жараённи тўлиқ қамраб олган кластер тизими жорий қилинади. Ушбу кластерлар лазер асосида текислайдиган техника билан ерни тайёрлаб, шолини тўлиқ кўчат усулида экиш орқали бир йилда 2 марта ҳосил олишни йўлга қўяди. Бунинг учун, техника ва замонавий сеялкаларни лизинг орқали бериш, бунга субсидия ажратиш ва имтиёзли кредитлар беришни кўпайтирамиз. Бунинг натижасида, 650-700 миллион куб метр сув иқтисод қилинади. 

Шу билан бирга, Нукус, Кегейли, Чимбой, Қораўзак, Бўзатов, Мўйноқ туманларидан ўтадиган “Кегейли” ҳамда Шуманай, Қонликўл, Қўнғирот, Мўйноқ, Хўжайли туманларидан ўтувчи “Параллельний” каналларини бетонлаш, 16 та насос станциясини модернизация қилишга 100 миллион доллар ажратилади. Бунинг ҳисобига, 80 минг гектар ерларнинг сув таъминоти ва мелиоратив ҳолати яхшиланади. Бу ишлар яқин кунларда бошланади. 

Яқинда дўстимиз, ҳурматли Гурбангули Бердимуҳамедов Ўзбекистонга ташриф буюради. Туркманистонлик дўстларимиз билан бирга “Туямўйин” гидроузелининг “Султон Санжар” дамбасини мустаҳкамлаш ҳисобига 1 миллиард куб метр қўшимча сув захираси яратилади.

Умуман, Қорақалпоғистонда сувдан фойдаланиш самарадорлигини ошириш орқали йилига 2 миллиард куб метр сув тежалади. Бу бизга ҳаводек зарур”, – дея президент сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид