21:55 / 28.03.2024
28211

2,78 сонияда 100 км тезлик, кутилганидан арзон нарх: Xiaomi илк электромобилини тақдим этди

Хитойнинг Xiaomi компанияси ўзининг биринчи электромобили — Xiaomi Speed Ultra 7 тақдимотини ўтказди. 

Фото: Xiaomi

SU7 седани 3 хил версияда 9 хил рангда ишлаб чиқарилади. Нархи эса комплектациясига қараб 29900 дан 41500 долларгача. Қайд этиш жоиз, тақдимотдан аввал машинанинг нархи 41—69 минг доллар атрофида бўлиши айтиб келинаётган эди. 

Электромобилнинг базавий версияси 100 км тезликка 5,28 сонияда чиқади, унинг максимал тезлиги соатига 210 км. Бир марталик тўла қувват билан CLTC сикли бўйича 700 км масофа босиб ўтади. 

Икккинчи версия SU7 Pro деб номланиб, унинг аккумулятор сиғими каттароқ. Бу машинага бир марталик қувват билан 830 км масофа босиб ўтиш имконини беради. 

Энг топ версия SU7 Мax деб номланади. 100 км тезликка чиқиши учун атиги 2,78 сония кифоя қилади. Максимал тезлиги ҳам аввалгиларидан юқори — соатига 265 км. Икки электромотор жами 673 от кучини беради. Бир марталик тўла қувватланиш билан 800 км масофа босиб ўтиш мумкин. 

Электромобилнинг Pro ҳамда Max версияларини тезкор қувватлаш функциясига эга. Бу орқали 15 дақиқада 510 км масофага етадиган қувватга эга бўлинади. Стандарт версия эса 15 дақиқада 350 км масофага етадиган қувват билан таъминланади.

SU7 салонида 4,7 литр ҳажмли музлатгич мавжуд. Унда ичимликларни музлатилган ҳолда сақлаш мумкин.

Электромобилнинг ҳажми шундай: узунлиги 4997 мм, эни 1963 мм, бўйи эса 1455 мм. Ғилдираклар базаси 3000 мм. Автомобилнинг юкхона сиғими ҳажми ортида 517 литрни, олдида эса 105 литрни ташкил қилади. 

Хитойнинг 29 та шаҳрида бугундан сотувларга старт берилди. Сотувлар бошлангандан 4 дақиқа ўтиб, Xiaomi SU7 сотуви 10 минг донадан ошиб кетди. Бу ҳар сонияда 40 тадан кўпроқ машина сотилганини англатади. 

SU7 илк харидорларига етказиб бериш апрел ойининг сўнгидан бошланади.

Top