Ўзбекистон | 16:43 / 23.09.2019
23747
14 дақиқада ўқилади

«2+3» назарияси. Ўзбекистон ОТМлари қачон топ-1000таликка киради?

10-12 сентябрь кунлари Швейцариянинг Цюрих шаҳрида бўлиб ўтган Бутунжаҳон таълим саммитида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси бошлиғи Улуғбек Ташкенбаев Ўзбекистон вакили сифатида иштирок этди.

Саммит доирасида жаҳоннинг етакчи университетларидан халқаро экспертлар иштирок этган ва унда «Дунё университетлари рейтинги - 2020» эълон қилинган.

Kun.uz мухбири мамлакатимиз ОТМларида таълим сифатини ошириш, халқаро миқёсда талабгир бўлган мутахассислар тайёрлаш ҳамда мамлакатимиздаги олий таълим муассасаларини дунёнинг кучли университетлари рейтингига киритиш бўйича олиб борилаётган ҳамкорлик алоқалари ҳақида Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси бошлиғи Улуғбек Ташкенбаев билан суҳбатлашди.

Улуғбек Ташкенбаев

Бутунжаҳон таълим саммити Ўзбекистон учун қайси жиҳатлари билан аҳамиятли бўлди, деб ҳисоблайсиз?

— Айни пайтда давлат раҳбари томонидан Ўзбекистон олий таълим муассасаларининг халқаро даражадаги нуфузини оширишда етакчи халқаро рейтинг агентликлари билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш вазифаси топширилган бўлиб, делегациямиз томонидан ташриф давомида мазкур саммитни ташкил қилган Халқаро олий таълим муассалари рейтинги агентлиги – THE (Times Higher Education) билан ҳамкорлик шартномаларини имзолаш бўйича музокаралар олиб борилди.

Шунингдек, Швейцария федератив республикасининг таълим тизимидаги илғор тажрибаларини ўрганиш, таълим муассасалари ва таълим сифатини таъминлаш сoҳасида фаолият юритадиган ташкилoтлар ўртасида ўзарo манфаатли алoқалар ўрнатишга эришилди.

Саммит доирасида «Дунё университетлари рейтинги - 2020»нинг расман эълон қилингани ҳақида таъкидладингиз. Рейтингдан ўрин олиш учун қанақа талаблар қўйилади? Ўзбекистон ОТМлари бугунги кунда мазкур талабларнинг қайсиларига жавоб бера олади?

— Мазкур рейтингда 92 мамлакатнинг 1400га яқин университетлари қатнашди.

Натижаларига кўра, иккинчи йил ҳисобида ҳам биринчи ўринни Oksford университети эгаллаб турибди.

ТОП-1000 рейтингига, шунингдек, МДҲ мамлакатларининг университетлари ҳам киритилган бўлиб, Россиянинг 39та университети, Украинанинг 6та, Қозоғистоннинг 2та, Грузиянинг ва Беларуснинг биттадан университетлари кирган.

Дунё университетлари Топ–1000таликка киришлари учун Scopus базасидаги мақолалари салмоғи, хорижлик профессор-ўқитувчилар билан ҳаммуаллифликдаги мақолалар сони, хорижий талабалар ва хорижий профессор-ўқитувчилар салмоғи, илмий-тадқиқот ишларининг обрўлилик даражаси халқаро даражада юқори бўлиши, илмий салоҳият, ОТМнинг топадиган даромади юқори бўлиши, талабаларни профессор-ўқитувчилар билан қамраб олиниши ва бошқа жиҳатлар инобатга олинади.

Ҳозирги пайтда маҳаллий олий таълим муассасаларимиздан бирортаси ушбу талабларнинг барчасига тўлиқ жавоб бермайди. Масалан, чегарадош ҳудудлардаги ОТМларда хорижлик талабалар салмоғи юқори бўлса-да, бироқ бошқа улар бошқа мезонлар бўйича ортда.  

Ёки, аксинча, марказда жойлашган университетларимизда илмий салоҳият юқори бўлса-да, хорижий талабалар сони камчиликни ташкил этади.

Бу вазиятда Ўзбекистон ОТМларининг топ–1000таликка кириши учун нималарни амалга ошириш лозим бўлади?

— Албатта, олий таълим муассасаларимизни ушбу рейтинг тизимидан ўрин олишларини қисқа муддатда таъминлаб бўлмайди. Давлат раҳбари томонидан ушбу йўналишда аниқ кўрсатмалар берилган бўлиб, ҳозир миллий ОТМларимизни дунёнинг кучли университетлари рейтингидан ўрин олишлари бўйича режали ишлар бошлаб юборилган.

Хусусан, ушбу рейтингни шакллантириб борадиган THE халқаро агентлиги билан ҳамкорлик қилинмоқда. Саммитга қадар юртимизда агентлик вакиллари билан учрашувлар ўтказилган бўлса, ташриф доирасида THE маълумотлар базасини яратиш бўйича раҳбар жаноб Дункан Росс билан расмий учрашув ўтказдик. Унда Ўзбекистонда ОТМларнинг глобал рейтинг рўйхатидан ўрин эгаллашига кўмаклашиш борасида 10/1000 лойиҳасининг амалга оширилиши, бунда «Дунё университетлари рейтинги-2020» рўйхатининг энг юқори 100талик - «TOP 100» университетлари билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш масаласини муҳокама қилдик.

Шунингдек, Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ва Олий таълим вазирлиги томонидан миллий рейтингимизда юқори ўрин олган олий таълим муассасаларимизни QS ва THE каби халқаро рейтинг агентликларининг рўйхатига киритиш бўйича йўл харитаси ишлаб чиқилмоқда.

Миллий олий таълим муассасаларимизнинг хорижий рейтингдан ўрин олишлари учун биринчи навбатда хорижий талабалар ва хорижий профессор-ўқитувчилар салмоғини ошириб бориш лозим.

ОТМларнинг Elsevier Scopus базасида ўз профилларини очиб, Scopus базасида хорижлик профессор-ўқитувчилар билан ҳаммуаллифликда мақолалар чиқариш бўйича ишлар бошлаб юборилган. Илмий фаолият билан шуғулланаётган ва Scopus базасидаги мақола чиқарган ҳар бир профессор-ўқитувчилар ОТМ ички маблағлари ҳисобидан мақсадли рағбатлантириб борилади. Шу орқали THE халқаро ташкилотининг рейтинг рўйхатига тушиш учун ҳар бир ОТМ бир йилда камида 200та илмий мақолани Scopus базасида чоп этишига эришиш режалаштирилган.

Шунингдек, олий таълим муассасаларимиздаги илмий изланишларнинг обрўлилик даражаси бўйича сўровнома ўтказиб борилади. Бунда  QS ва THE халқаро рейтинг агентликларига, соҳалар бўйича етакчи илмий тадқиқот марказларига ва ишлаб чиқарувчиларга анкета сўрови юборилади ва унинг натижалари халқаро экспертлар иштирокида таҳлил қилинади.

Бундан ташқари, университетнинг жами даромадларини ҳамда иқтисодиётнинг реал секторидан олинган маблағларни ошириш ҳам муҳим масала. Профессор-ўқитувчилар илмий фаолиятини қўллаб-қувватлаш, уларни доимий рағбатлантириб бориш учун халқаро грантлар ва давлат бюджети маблағлари мақсадли равишда ажратилиши керак. Натижада, олий таълим муассасасининг илмий фаолиятдан оладиган даромадини йилига ўртача 5-10 фоизгача ошириш лозим бўлади.

Яна бир муҳим жиҳат: талабаларнинг профессор-ўқитувчилар билан қамраб олинишини ҳам амалдаги 1/11 дан 1/6 нисбатга кўтаришга ҳаракат қилиш зарур. Бунинг учун илмий салоҳият йилига ўртача 3-5 фоиздан ошириб борилган ҳолда даражани 80-85 фоизга етказиш, йил якунида номзодлик олганлар миқдорини (ҳимоялар) кўпайтириш чоралари кўрилмоқда. Бу ўз навбатида, таълим сифатига ижобий таъсир кўрсатади, ОТМларнинг илмий салоҳияти кўтарилади ва илмий фаолият билан шуғулланувчилар салмоғини оширади.

ОТМларнинг интернет сайтларини такомиллаштириш ҳам олдимизда турган муҳим вазифалардан бири. Улардаги маълумотлар ўзбек ва рус тилидан ташқари инглиз тилида ҳам тўлиқ бериб борилиши орқали муассаса ҳақидаги маълумотлар билан хорижий ҳамкор ташкилотлар, шу жумладан, халқаро рейтинг агентликларининг ҳам танишиб чиқиш имконини яратиш зарур.

Айни пайтда самарадорликни ошириш учун халқаро ҳамкорлик даражасида қандай ишлар амалга оширилмоқда?

— Таъкидлаганимдек, халқаро рейтингдан ўрин олишда ОТМ педагогларининг халқаро нашрларда эълон қилган мақолалари муҳим ўрин тутади. Шу сабабли саммит доирасида ушбу йўналишда дунёнинг илғор халқаро ташкилотларидан бири бўлган Elsevier компанияси Таҳлил хизматлари бўйича катта вице-президенти Мария де Клейн хоним ва компаниянинг Глобал стратегик тармоқлар бўйича вице-президенти жаноб Макс Воглер билан учрашув ўтказилди.

Мазкур компания билан келгусида Ўзбекистон илмий журналларининг халқаро нуфузини ошириш, маҳаллий нашрларнинг Scopus маълумотлар базасидан ўрин эгаллаши учун йўл харитаси ишлаб чиқилиши ва бошқа белгиланган вазифаларнинг ижросини босқичма-босқич амалга оширишда ҳамкорлик қилиш борасида келишиб олдик.

Ушбу келишувнинг дастлабки босқичи сифатида Ўзбекистонда Elsevier компанияси вакиллари иштирокида 2019 йилнинг 8 октябрь куни илмий-амалий семинар ўтказишни режалаштирилганмиз.

Бундан ташқари, Ўзбекистон дeлeгациясини Олий таълимда сифатни таъминлаш бўйича Европа сифат кафолати ассоциацияси (ENQA) президенти Кристоф Гролимунд қабул қилди. Музокаралар якунига кўра, Ўзбекистон Республикасининг ENQA ташкилотига кузатувчи аъзо сифатида қўшилиш масаласи, Ўзбекистонда ENIC/NARIC тизимини йўлга қўйиш, шунингдек босқичма-босқич Европа таълим тармоғига кириб бориш бўйича ҳамкорлик қилишга келишиб олинди.

Таъкидлаш жоизки, ENQA 2000 йилда олий таълимда сифатни таъминлаш бўйича Европа тармоғи сифатида ташкил этилган бўлиб, олий таълимда сифатни таъминлаш соҳасида (QA) Европа ҳамкорлигини ривожлантириш мақсадида ташкил этилган. ENQAга ҳозирги кунда 30та мамлакат аъзо ҳисобланади.

Бутунжаҳон таълим саммити давомида Швейцария Федератив Республикасининг таълим тизимидаги илғор тажрибаларини ўрганиш ишлари олиб борилгани ҳақида ҳам гапирдингиз. Ушбу давлатнинг қайси тажрибаси биз учун фойдали бўлиши мумкин?

— Ташриф давомида делегациямизни Швейцариянинг таълим, тадқиқот ва инновациялар бўйича давлат секретариати (SERI) раҳбарлари қабул қилишди.

Ушбу ташкилот вакиллари билан учрашув биз учун аҳамиятли эканлигини бир нечта мисоллар орқали ифодалаш мумкин. 

Масалан, Швейцарияда фаолият юритувчиларнинг 20 фоизини хорижлик фуқаролар ташкил этади. Шу сабаб мамлакат хорижий таълим муассасалари дипломини тан олиш тартибига катта эътибор қаратади. Бундан ташқари, Швейцария Конфедерацияси PISA - ўқувчилар билимини баҳолаш халқаро дастурида 2000 йилдан буён муваффақиятли иштирок этиб келади.

Юқоридагилардан келиб чиқиб,  Швейцария таълим тизими хусусиятлари, таълим дастурларини аккредитация қилиш тартиби (ҳар бир олий таълим муассасаси 7 йилда бир марта аттестация-аккредитация қилинади), хорижий таълим муассасалари дипломини тан олиш қонун-қоидалари ҳамда PISA каби халқаро баҳолаш дастурларида иштирок этиш кабиларни ўрганиш Ўзбекистон учун фойдадан холи бўлмайди.

Бундан ташқари, делегациямиз ташриф давомида Швейцариянинг бир қатор таълим муассасалари фаолияти билан ҳам яқиндан танишди. Жумладан, Цюрих педагогика институтида бўлиб, бу ердаги педагог кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизими билан танишдик. Унга кўра, Швейцария олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари камида 2 йиллик, раҳбарияти 10 йил мактаб ўқитувчиси сифатида фаолият юритган бўлиши шарт этиб белгиланган.

Педагогика ОТМлари талабалари ўқишнинг биринчи йилиданоқ ҳафтанинг икки куни давомида умумтаълим фанлари бўйича назарий билим олишса, қолган 3 куни мактабларда бириктирилган ўқитувчилар билан биргаликда амалий кўникма ҳосил қилишади.

Бунда ОТМ ҳамда умумтаълим муассасалари ўртасида ҳамкорлик алоқалари ўрнатилган бўлиб, энг тажрибали ўқитувчилар билан шартнома тузилади.

Ушбу тажрибани, яъни назария+амалиёт услубини Ўзбекистон ОТМларида ҳам жорий қилиш мумкинми?

— Мамлакат келажагини белгилаб берадиган ёшларни тарбиялашга жуда жиддий масала сифатида қаралади.  Бу соҳада ислоҳот қилишда шошма-шошарликка йўл қўйиб бўлмайди. Саммит давомида жаҳоннинг етакчи экспертлари ҳам ўз маърузаларида таълимда ислоҳотлар қилишда ўта эҳтиёткорлик билан ёндашиш, яъни янгилик қиламан деб мавжуд тизимнинг яхши тажрибаларини йўққа чиқариб қўймаслик лозимлигини қайта-қайта такрорлашди.

Лекин бизнинг ОТМларимиз ҳам бевосита иш берувчилар билан ҳамкорликда ишлаб, амалиёт жараёнининг самарали ишлаш механизмини йўлга қўйишини давр талаб қилмоқда. Жаҳоннинг етакчи университетларида бу жараён кундан кунга такомиллашиб бормоқда. Шунинг учун биз ҳам мавжуд шароитдан келиб чиқиб ҳозирча  «5+1» кўринишда юртимиздаги умумтаълим мактабларида педагогика таълим муассасалари талабалари тизимини йўлга қўйишни таклиф этмоқдамиз. Бунда 5 кун ОТМда дарслар олиб борилади ва ҳафтанинг бир куни талабалар мактаб ўқитувчисига бириктирилиб, болаларга таълим бериш бўйича амалиёт жараёнида бўлишади.

Чунки, ҳозирги пайтда мактабларда мавжуд шароит, яъни қўшимча аудиториялар, лаборатория жиҳозлари ва ОТМлардаги ўқув дастурлари бу жараённи бирданига «2+3» кўринишда ташкил қилиш имконини бермайди.

Лекин бу нарса вақтинча. Ушбу тажриба босқичма-босқич жорий этилиб, келгусида мактабларни қуриш ёки таъмирлашда бу жиҳат ҳам инобатга олинади ва талабаларнинг кўпроқ амалий таълим олишларига имконият яратилади. Бу тизимни йўлга қўйишда Цюрих Педагогика институти билан ҳамкорлик қилишни режалаштирганмиз.

Шунинг учун Цюрих Федерал технология институтида таълим-фан-ишлаб чиқариш интеграциясини ташкиллаштириш тажрибаси билан танишдик. У ерда касб-ҳунар таълимини ривожлантириш мақсадида касблар бўйича таълим дастурларини «2+3» тамойили бўйича ташкил этиш орқали ўқувчиларга ҳафтанинг икки куни давомида назарий билим (коллежларда) ҳамда 3 куни давомида жойларда амалиёт ўташ имкони берилади.

Касб-ҳунар таълим тизимида иш берувчиларнинг фикрини инобатга олиш уларнинг таълим жараёнида бевосита иштирокини таъминлаш бўйича алоҳида иш берувчилар кенгашини ташкил этишни таклифини киритяпмиз.

Бундан ташқари, Швейцария тажрибасини ўрганиш асосида узлуксиз таълим тизимида ўқув дастурлари ишлаб чиқиш, таълимга оид муаммоли масалаларни ўрганиш ҳамда уларнинг ечими юзасидан мақсадли режаларни ва йўл хариталарни тузиш билан шуғулланадиган «Таълим тадқиқотлари институти»ни ташкил этиш таклиф этилмоқда. Институтнинг мақсади мавжуд муаммоларни ўрганиш ва илмий ечимини топиш, олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонлари материалларини жаҳон стандартларига мос ҳолда ишлаб чиқиш кабиларни қамраб олади. Ушбу институтда келгусида янги ўқув дастурлар ва интерфаол ўқитиш методикаси ҳамда замонавий ахборот-коммуникацион технологиялар асосида билим бериш усулларини ишлаб чиқиш таклифи киритилиши ҳам режалаштирилган.

Яна бир нарсани унутмаслик керакки, ОТМларимизнинг топ-100таликка кириши жараёни тезлик билан амалга ошадиган иш эмас. Хориж тажрибасини ўрганиш ва амалиётга татбиқ қилиш орқали бу борада яхши натижага эришишга умид қилиш мумкин.  

Зилола Ғайбуллаева суҳбатлашди. 

Мавзуга оид