Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Бандлик ва меҳнатни муҳофаза қилиш илмий-тадқиқот институти ташкил этилади
Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг Республика аҳоли бандлиги ва меҳнатни муҳофаза қилиш илмий марказини Бандлик ва меҳнатни муҳофаза қилиш илмий-тадқиқот институти этиб қайта ташкил қилиш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг Республика аҳоли бандлиги ва меҳнатни муҳофаза қилиш илмий маркази Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг Бандлик ва меҳнатни муҳофаза қилиш илмий-тадқиқот институти этиб қайта ташкил қилинади.
Қуйидагилар институтнинг асосий вазифалари этиб белгиланади:
меҳнат, бандлик ва меҳнатни муҳофаза қилиш соҳаларидаги қонунчилик ҳужжатларини янада такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш;
иқтисодий ривожланишнинг устуворликларини ҳисобга олган ҳолда, меҳнат бозори, аҳоли бандлиги ва меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича илмий асосланган таклифлар ишлаб чиқиш;
ҳудудларни демографик ва иқтисодий ривожлантириш прогнозларини ўрганиш ва шу асосида аҳоли бандлигини таъминлаш юзасидан илмий таклифлар ишлаб чиқиш;
ёшлар ва банд бўлмаган аҳолини маъқул кўраётган касб-ҳунарлари ва меҳнат соҳасидаги қизиқишларини аниқлаш мақсадида ижтимоий тадқиқотлар олиб бориш;
республика ва маъмурий-ҳудудий тузилмаларнинг меҳнат ресурслари сони ҳамда таркибини ўрганиш ва уни такомиллаштиришга доир илмий асосланган таклифлар ишлаб чиқиш;
меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида ходимларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш;
бандлик, меҳнат муҳофазаси ҳамда меҳнат муносабатлари масалалари юзасидан махсус социологик тадқиқотларни ташкил этиш ва ўтказиш;
халқаро ташкилотлар ва хорижий мамлакатлар билан меҳнат муҳофазаси ва бандлик соҳаларида самарали ҳамкорлик механизмларини ривожлантириш;
юқори малакали илмий ходимлар, шу жумладан, иқтисодиёт, техника, тиббиёт соҳалари бўйича фалсафа (PhD) ва фан докторлари (DSc) илмий даражасига эга бўлган ёш ходимларни ишга жалб қилиш, меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида мутахассисларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш йўналишида маҳаллий ҳамда хорижий таълим муассасалари, илмий-тадқиқот институтлари, соҳага ихтисослашган хорижий ташкилотлар ва ишлаб чиқарувчилар билан ҳамкорлик қилиш.
Белгиланишича:
а) Институт:
Ўзбекистон Республикаси Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари;
Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан ўтказиладиган илмий лойиҳалар танловлари натижалари бўйича ажратиладиган грантлар;
вазирликлар, идоралар ва мулкчилик шаклидан қатъий назар барча корхона ва ташкилотларнинг буюртмалари бўйича тадқиқотлар ўтказиш учун улар томонидан ажратиладиган маблағлар;
халқаро молия институтлари ва донор ташкилотларнинг грантлари;
иш ўринларини меҳнат шароитлари бўйича аттестациядан ўтказиш сифатини дастлабки баҳолаш юзасидан тўланадиган маблағлар;
шартнома асосида пуллик хизматлар кўрсатишдан тушадиган маблағлар;
юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик (беғараз) хайриялари;
қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади.
б) Институтнинг даромадлари солиққа тортиш объекти ҳисобланмайди.
в) Институт ўз фаолияти бўйича Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига ҳисобот беради.
Институт директори Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади. Институт директори мақоми ва меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари, тиббий ва транспорт таъминоти шароитлари бўйича вазирнинг ўринбосарига тенглаштирилади.
Институт директори ўринбосарлари институт директорининг тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади.
г) Бандлик ва меҳнатни муҳофаза қилиш илмий-тадқиқот институти шартномалар ва мажбуриятлар бўйича тугатилаётган Республика аҳоли бандлиги ва меҳнатни муҳофаза қилиш илмий марказининг ҳуқуқий вориси ҳисобланади.
Институтга қуйидаги ҳуқуқлар берилади:
тадқиқотларга миллий экспертлар сифатида контракт асосида давлат бошқарув органлари, идоралар, банклар, тадқиқот марказлари ходимларини, олимлар ва олий ўқув юртлари ўқитувчиларини, шу жумладан хорижий мутахассисларни жалб этиш;
қўшма тадқиқотлар ўтказиш учун бошқа илмий-тадқиқот ташкилотлари, фондлар, университетлар билан, жумладан, халқаро ва хорижий муассасалар билан шартномалар тузиш;
ноширлик фаолиятини амалга ошириш, бандлик, миграция ва меҳнатни муҳофаза қилиш муаммолари бўйича ахборот-таҳлилий шарҳ ва маърузалар чоп этиш;
Институтга юклатилган вазифалар доирасида марказий иқтисодий органлар, вазирликлар, идоралар, банклар ва бошқа ташкилотлардан зарур бўлган барча норматив, статистик ва таҳлилий ахборотларни сўраш ҳамда бепул олиш.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан биргаликда Бандлик ва меҳнатни муҳофаза қилиш илмий-тадқиқот институти ҳузурида “Меҳнат иқтисодиёти” мутахассислиги бўйича фалсафа (PhD) ва фан докторлари (DSc) илмий даражаларини бериш юзасидан ихтисослаштирилган Кенгаш ташкил этади.
Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги мутасадди вазирлик ва идоралар билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг буюртмасига асосан ҳар йили институт томонидан амалга ошириладиган илмий-амалий лойиҳалар учун мақсадли грантлар ажратилишини таъминлайди.
Мавзуга оид
18:43 / 09.12.2025
Ҳар бир камбағал оила бўйича индивидуал режа ишлаб чиқиш таклиф этилди
19:45 / 07.11.2025
СИ умидларни оқламади: компаниялар ишдан бўшатилган ходимларни қайтармоқда
10:23 / 24.10.2025
Медиация институтини такомиллаштириш бошланяпти
14:25 / 22.10.2025