Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ҳар бир камбағал оила бўйича индивидуал режа ишлаб чиқиш таклиф этилди
Президент Шавкат Мирзиёев 9 декабр куни маҳаллаларни ишсизлик ва камбағалликдан холи ҳудудларга айлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан ахборот билан танишди.
Танқидий руҳда ўтган йиғилишда ишга солинмаётган имкониятлар, бу борадаги сусткашликлар кўрсатиб ўтилди. Йиғилишда “маҳалла еттилиги” аъзоларининг иш самарадорлигини баҳолаш учун аниқ мезонлар мавжуд эмаслиги, уларнинг асосий вазифаси бўлган ишсизлик ва камбағалликни қисқартиришда масъулиятини янада ошириш зарурлиги таъкидланди. “Еттилик” фаолияти аҳоли бандлиги ва даромадлари ортишида бевосита акс этиши шартлиги, мазкур йўналишда манзилли ва натижага йўналтирилган ишларни кучайтириш зарурлиги қайд этилди.
Маҳаллаларда камбағаллик ва ишсизликни қисқартиришда, аввало, уларнинг муаммолари ва “ўсиш нуқталари”ни аниқлаб, тизимли чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш топширилди. Шунингдек, аҳоли мурожаатларини бевосита маҳалланинг ўзида ҳал этишга эътиборни кучайтириш вазифаси қўйилди.
Оғир тоифадаги маҳаллалар бўйича амалга оширилаётган ишлар кўриб чиқилди. Ушбу ҳудудларга алоҳида эътибор қаратиб, инфратузилма, электр таъминоти, интернет тармоғи, томорқадан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш топширилди.

Таъкидланишича, жорий йилда камбағаллик даражаси 8,9 фоиздан 6 фоизга тушиши кутилмоқда. Келгуси йилда бу кўрсаткични 4,5 фоизгача қисқартириш мақсад қилинган. Бунинг учун маҳаллаларда ишларни ташкил қилишга комплекс ёндашиш, барқарор бандлик йўналишидаги хизматлар қамровини кенгайтириш, даромад манбаларини яратиш, аҳолини касб-ҳунарга ўқитиш ва тадбиркорликка жалб қилиш бўйича вазифалар белгилаб берилди.
Ҳар бир камбағал оила бўйича унинг реал имкониятлари ва хоҳиш-истакларини инобатга олган индивидуал режаларни ишлаб чиқиш муҳим экани таъкидланди.
Лойиҳавий ёндашув доирасида “Бандлик органлари – иш берувчилар ҳамкори”, “Тенг имкон – инклюзив бандлик”, “Барқарор келажак сари”, “20 та маҳаллий бренд”, “Бир контур – бир маҳсулот”, “Маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш”, “Ижара ер ва томорқада сув таъминотини яхшилаш”, “Эски боғларни янгилаш”, “1 минг гектар мевали боғ”, “Экспортчи кооперативлар” каби дастурлар билан 1 миллион нафар камбағал аҳолини қамраб олиш режалаштирилган.
Камбағаллик ва ишсизликни камайтиришда маҳаллаларда кичик ва ўрта лойиҳаларни амалга ошириш, жумладан, чегара ва анклав ҳудудларда инфратузилмани яхшилаш, туну кун ишлайдиган кўчалар, туристик маҳаллалар, микросаноат марказларини ташкил этиш, соҳил ва йўл бўйи инфратузилмани ривожлантириш чора-тадбирлари тақдимот қилинди.
Бандлик дастурининг 2025 йилдаги ижроси ва 2026 йилги дастурни шакллантириш, норасмий бандликни қисқартириш масалалари ҳам кўриб чиқилди.
Президент мутасаддиларга маҳаллалардаги масалаларни манзилли ҳал қилиш, аҳоли эҳтиёжлари асосида амалий ишлар самарадорлигини ошириш, бандлик ва камбағалликни қисқартириш борасидаги вазифаларнинг юксак масъулият билан ижросини таъминлаш юзасидан топшириқлар берди.
Мавзуга оид
17:58
2026 йилда 200 миллион долларга 800 та пахта териш машинаси харид қилинади
17:55
Президент Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни муносабати билан соҳа вакилларидан бир гуруҳини мукофотлади
18:30 / 08.12.2025
Ўзбекистон Қирғизистоннинг «Қамбар Ота-1» ГЭС қурилишини молиялаштиради
18:57 / 07.12.2025