Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Трампчи Карлсон Трампнинг ашаддий танқидчисига айланди
Трамп президентликка қайтишидан олдин Такер Карлсон деган консерватив журналист ҳақида тез-тез гапирардик. Унинг Трампни фавқулодда қўллаши, Москвада Путин билан интервю олишга бориб, Украинадаги уруш ҳақида асоссиз гаплар айтгани учун танқид қилганимиз эсимда. Буни қарангки, ўшанда Трампни оғзидан бол томиб мақтаган Карлсон бугун Трампнинг сайланишига ёрдам берганидан афсусланиб юрибди.
АҚШнинг Эронда бошлаган уруши, Исроилнинг Америкага таъсири кўпчилик тасаввур қилганидан ҳам катта эканини кўрган Карлсон Трампни қўллагани нотўғри бўлганини тушуниб етибди. Карлсон жуда катта одам, республикачилар партиясининг Трампдан кейинги энг машҳур вакили деса ҳам бўлади. Шу сабаб бу мавзуга алоҳида видео тўхталсак, арзийди.
«Афсусдаман...»
«Трамп сайланишига ҳисса қўшганим учун ҳали узоқ вақт виждон азобида юрсам керак. Бу ҳолатда шунчаки фикримни ўзгартирдим, дейиш камлик қилади. Одамларни чалғитганим учун пушаймонман», деди журналист навбатдаги эфирларидан бирида.
Такер Карлсон Трампни сайлов олдидан қанақа қўллаб юрганини эсласангиз керак. Журналист республикачилар орасида машҳур, шу сабаб Трамп кампанияси вакиллари ундан унумли фойдаланиб қолишганди. Такер Байденни мазах қилар, Трампни қутқарувчидек кўрсатишга уринарди. Айниқса Украинадаги уруш масаласида Жо Байден маъмуриятини кескин танқид қиларди.
Карлсон уруш кетаётган бир вақтда Москвага бориб, Путин билан интервю қилиб келган. Катта эҳтимол тайёрланган саволларга тайёрланган жавобларни қулоғини қимирлатмай эшитиб келган Карлсон Путинга бир дона ҳам келишувдан ташқари савол беролмаганди. Бу интервю амалда Путинни оқлаш учун хизмат қилган, Кремл уни бажонидил барча саҳифаларида улашганди.
Карлсон Трамп сайланганидан кейин ҳам унинг тарғиботида фаол бўлди. Лекин Америка Эронда уруш бошлагач, унинг президентга нисбатан позицияси кескин ўзгарди. Ҳар қанча ғалати бўлмасин, Такер Карлсон Доналд Трампнинг Америкадаги энг ашаддий танқидчисига айланиб қолди. Демократлар орасида ҳам бунақа машҳур танқидчи тополмайсиз.
Карлсон Америка Эронга қарши Исроилнинг сўрови билан уруш бошлади деб ҳисоблаб, айнан шундан қаттиқ ғазабланишини яшира олмаяпти. Охирги бир неча ой давомида унинг интервюлари асосан Исроилнинг Америкага таъсири, яҳудийлар, мусулмонлар, насронийлар, Эрондаги уруш ҳақида бўлмоқда.
Феврал ўрталарида Карлсон Исроилга бориб, Американинг бу давлатдаги элчиси Майк Хакаби билан интервю уюштирди. Бу суҳбатни бутун дунёда кенг муҳокама қилишди, давлатлар унда айтилган гаплар бўйича изоҳ талаб қилди, норозилик билдирди.
Бу интервю нимаси билан муҳимлигини тушунтириш учун суҳбатдош ҳақида икки оғиз. Майк Хаккаби – сионист, яъни насроний сионист. Бундай эътиқоддаги насронийлар Исроил Яқин Шарқдаги гўёки «Худо томонидан берилган ерларга» эгалик қилишга ҳақли деб ҳисоблайди. Уларнинг иддаосича, Исроил гўёки Инжилда кўрсатилган чегараларда мавжуд бўлиши керак. Хаккаби «Фаластин давлати тузилмаслиги керак», «Исроилни қўллаш Американинг диний вазифаси» деб ҳисоблайди.
Карлсон ана шу элчининг олдига борди-да, «айтинг-чи, жаноб элчи, Худо ваъда қилган ерлар деган даъво қаердан пайдо бўлди?» деб сўради. Элчи жавобни Инжилдан бошлаб, учта урушни, икки интифодани, Ливан билан урушларни ҳам тилга олишни унутмади. Лекин Карлсон уни сиқувга олди: «Исроил мавжуд бўлишга ҳақли деяпсиз, бу бўйича муаммо йўқ, лекин яна қайси давлатда Исроил каби мавжуд бўлиш ҳуқуқи бор?» Элчи яна гапни Инжилга тақашга интилганда Карлсон уни қўшимча саволлар билан шошириб қўйди.
Бутун суҳбат давомида Карлсон ҳозирги Исроил ҳукумати қилаётган ишлар нега Америка раҳбарияти томонидан қўлланаётгани ҳақида савол берди, лекин элчи яна жавобни диний асосга олиб бориб тақайверди. Бир сўз билан айтганда, дебат шаклида ўтган уч соатга яқин интервюни Такер Карлсон ютди.
Журналист бу интервю билан чекланмади, Исроил Америкага қанчалик таъсир кўрсатаётгани ҳақида кўплаб эфирлар қилди. Ғазода черков ёпилгани, замонавий холокост кетаётгани ҳақида суҳбатлар чиқарди. Ҳатто Трамп ўзининг ашаддий тарафдори бўлган Карлсонни ахмоқ деб атаб бир нечта пост ёзди, Карлсон MAGA жамоасидан кетказилганини айтди. Трампгача етиб бордими, билиб олаверинг Карлсон қанчалик чуқурлашиб кетганини.
Унинг позицияси нега муҳим?
Энди Такер Карлсоннинг позицияси нега муҳим экани ҳақида. Америкада сўз эркинлиги борасида муаммо йўқ гўёки. Ахир уларда сўз эркинлиги Конституцияда Биринчи тузатиши билан мустаҳкамлаб қўйилган, ҳукумат сўз эркинлигини чеклашга оид ҳеч қандай қарор қабул қилолмайди, журналистларни таъқиб қилиш катта жиноят ҳисобланади.
Лекин мана шу Америкада ҳам матбуот масаласида ҳаммаси жойида эмас. Америкада одамлар фикрига таъсир қила оладиган барча йирик нашрлар қайсидир миллиардерга, бирор компанияга тегишли. Партиялар нашрларни очиқчасига қўллайди, молиялаштиради. Шу учун Америкада журналистлар спортчилар даражасида, жуда катта маош олади. Ўйламанг, америкалик журналистлар, телеканаллар реклама орқасидан «пул тагида қолиб кетган» деб, ҳаммасининг ортида қандайдир сиёсий куч ва иқтисодий бақувват «Сэм амаки» турган бўлади.
Масалан, Washington Post Жефф Безосга тегишли. Ўзбекчасига мослайдиган бўлсак, агар Amazon бирор америкалик фермернинг ерини тортиб олса ёки дўкон қураман деб одамларнинг уйларини снос қилса, бу ҳақда ҳамма ёзса ҳам, Washington Post ёзмайди, ишонаверинг. NYT ва CNN демократларга оғишади, FOX News республикачиларники. Бойлар матбуот кучига эга бўлиш учун шунақа катта пул тўкадики, оқибатда Америкада мустақил нашрларни топиш қийин. Борлари ҳам оммавий фикрга таъсир қиладиган даражада эмас. Бундай кучга эгалар ё республикачилар, ё демократларга оғишади.
Такер Карлсон ана шу медиамаконда жуда ноодатий шахс. FOX Newsʼдан кетганидан кейин у шундоғам мустақил журналистга айланиб кетганди, лекин барибир республикачилар пиарида қатнашарди, жуда фаол қатнашарди. Охирги бир неча ой ичида эса Такер Карлсон кўз ўнгимизда Америкадаги энг йирик мустақил нашрга айланиб бормоқда. Уни YouTubeʼнинг ўзида 5,5 миллиондан ортиқ одам кузатади, видеоларини миллионлаб одамлар томоша қилади, айнан бошқаларга ўхшамагани учун. Республикачи Карлсон республикачи президентнинг энг ашаддий танқидчисига айланиши жараёнини кузатиш жуда қизиқарли.
Мавзуга оид
21:32 / 25.04.2026
Уиткофф ва Кушнернинг Эрон билан музокаралар учун Покистонга сафари бекор қилинди
20:02 / 25.04.2026
Politico Рубиони 2028 йилда АҚШ президентлигига номзод деб ҳисобламоқда
19:53 / 23.04.2026
Яқин Шарқдаги уруш: Трамп «яхши янгиликлар» ваъда қилмоқда, Эрон бўғоздаги кемаларга ҳужум қилмоқда
23:12 / 21.04.2026