Жамият | 12:03 / 09.04.2022
49073
12 дақиқада ўқилади

Оиладаги камситишдан – Туркиядаги уқубатларгача. Икки марта сотиб юборилган қиз ҳикояси

“Ҳамидбейнинг уйидаги кўргиликларим олдида ҳаммаси ҳолва экан. Қул каби эзилдим бу уйда, ит каби хор бўлдим, инсон тасаввурига сиғмас даражада қўлларим занжирбанд сақландим ҳатто. Умримда эшитмаган ҳолатларга тушдим, хўрландим, зўрландим...”

Фото: Kun.uz

Kun.uz'нинг “Ҳаётий ҳикоялар” рукни хорижда ўз ватандошлари томонидан икки марта сотилган ватандош қиз тақдири ҳақида ҳикоя қилади.

“Уч кун аввал Туркиядан қайтиб келдим. 22 кун у ерда бўлган бўлсам-да бошимдан шунчалик кўп нарса ўтдики, буларни айтиб бермасам бўлмайди”. Электрон манзилга йўлланган бу мактуб эгасининг ҳикояси қизиқиш ва ҳайрат уйғотиб, у билан кўришишга қарор қилдик.

Ҳикоя қаҳрамони ва яна бир нечта қиз суҳбатимиздан бир неча кун аввал “Ўзбек хотин-қизларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти” орқали Туркиядан Ўзбекистонга олиб келинган эди.

***

Оёғимдаги нуқсон сабаб ўзимни тўлақонли инсонлар сафида кўра олмаганман

Ёшим 22 да. Оилада уч фарзанднинг тўнғичиман, мендан кейинги синглимни узатганмиз, укам бор. Оилавий шароитимизни унчалик яхши деб бўлмайди. Отам устачилик билан шуғулланади, онам уй бекаси, ўзим 350 минг ногиронлик нафақаси оламан.

Ёшликдан соғлигимда озгина айбим бор – бир оёғимда бироз оқсаш бўлгани учун 2-гуруҳ ногирониман. Шу сабабли болалигимдан нуқсонимдан уяламан. Оиламизда ҳам бу камчилигим билан турмушга чиқа олмаслигим ҳақида гапирилади. Шунинг учунми, ўзимни бошқалар каби эркин ҳис қила олмайман. Орзуларим жуда кўп эди: ўқишни, ишлашни, ўз ҳаётимни қуришни ва ўз ўрнимга эга бўлишни истардим. Лекин орзуларнинг амалга ошиши ишончга, қатъиятга ҳам боғлиқ экан.

Бизда шундай қадрият борки, опасидан аввал сингил турмушга узатилса, бўлди тамом, шу билан опанинг қандайдир “айби” борлигига ҳукм чиқарилади.

Изтиробларимдан фойдаланган йигитга ишониб, алдандим

Ўзимни шундай санаб юрган вақтда ҳаётимда бир йигит пайдо бўлди: уйланган, аммо ажрашган эди. Мендай ногирон, устига устак “ўтириб қолган” қизга бошқа ким ҳам тенг бўлишини ўйлаб у билан гаплашдим. Оқибатда бошимга тушажак савдоларни билсам эди, бугун бу ҳолга тушмасмидим...

Ҳамма изтиробларим ҳақида билган йигит бундан унумли фойдаланди – мен унинг сўзларига ишониб алдандим. Энди бир ташвишим устига минг ташвиш қўшилди. Бу ҳақда хабар топган яқинларим ғалва кўтаришди, мени бузуқдан олиб, бузуққа солишди. Менга нисбатан ҳамманинг муносабати шу қадар ёмон эдики, ўз ота-онам ҳам менга нафрат кўзи билан қарашарди.

Уйдаям, кўчадаям ҳаловатим йўқолди. Соғлигимда етишмовчилик бўлса-да, беташвиш, бехавотир яшаган кунларимнинг қадрига етмаган эканман. Ўзимни ҳеч кимга кераксиз, ортиқча одамдай ҳис қилардим. Бош олиб кетишни истардим ва шундай қилдим.

Кулфатларимнинг бошланиши...

Шу орада йигит мени холаси Бону опа билан таништирди ва уникида маълум муддат яшаб турдим. Чалғиш мақсадида иш қидирдим, қўлимдан келадигани – чеварчилик эди. Аммо бундаям кўп ишлолмадим. Мен ишлаётган цех айрим муаммолар сабаб фаолиятдан тўхтатилди. Яна иш қидира бошладим.

Бону опанинг қўшниси Туркияга турмушга чиқишни ёки ишлашни истаган қизларга кетишлари учун ёрдам бераркан. У менга бир нечта турли ёш ва кўринишдаги эркаклар суратларини кўрсатди, айтишича улар ўзбекистонлик қизларга уйланиш ниятини билдиришган экан. Турмуш қуриш истагим йўқлигини, иш бўлса жон деб ишлашга боришимни айтдим. Шундан сўнг ҳаммаси жадаллашиб кетди – Туркияга кетиш учун ҳаракат бошладим.

Шу орада қўшни аёлнинг Бону опага пул берганини кўрдим. Қарзи бордир ёки бошқа сабаб деган ўйда эътибор бермадим. Кейин билсам, у ҳар бир топилган қиз учун опага қизнинг ёшига, ҳуснига қараб маълум миқдорда пул берар экан. Яъни белгиланган “ставка” – 20 ёшдан ошмаган қизларга 200 АҚШ доллари, ундан юқорисига 50–100 доллардан беришар экан.

Озгина меҳр сабаб кетгим келмай қолди. Аммо...

Кетиш олди уйдагиларни хабардор қилиш учун уйга бордим. Онамнинг менга муносабати яхши тарафга ўзгарганини сездим. Озгина бўлса-да меҳрни ҳис қилган юрагим энди узоқ бегона юртга кетишни истамай қолди. Фикримдан қайтганимни билдирганимда “опа”лар бунинг иложи йўқлигини, акс ҳолда уйимга келиб тўполон қилишлари мумкинлигини айтишди. Агар шундай бўладиган бўлса, оиламдагиларнинг олдида ҳолим нима бўлиши аён эди. Англадимки, кетишдан бошқа илож йўқ.

Мендан ташқари яна икки қиз ва бизни ишга жойлаш учун олиб бораётган опа билан Ўш орқали Истанбулга учдик. У ерда нарсаларимизни олишни кутар эканмиз, опа менга катта хушхабари борлигини айтди. Унинг шу ерда яшайдиган ва нуфузли лавозимда ишлайдиган таниши менга ёрдам беришини, оёғимни шифокорларга кўрсатишини айтибди. Бундан шу қадар хурсанд бўлдимки, ишончсизлик билан берилган саволларимга унинг савоб учун қилаётгани маълум бўлди.

Опа бошқа қизларни ишга жойлаши кераклигини, бир ўзим кетишимни айтгач ноилож бир ўзим Анқарага учдим. У ерда мени 60 ёшлар атрофидаги киши кутиб олди ва олиб бориб бир уйга жойлаштирди.

1000 долларга сотилган эканман

Исмини Ҳамидбей деб таништирган кишининг мен тушимда ҳам кўрмаган жойда жойлашган уйидаги кўргиликларим олдида ҳаммаси ҳолва экан. Қул каби эзилдим бу уйда, ит каби хор бўлдим, инсон тасаввурига сиғмас даражада қўлларим занжирбанд сақландим ҳатто.

Умримда эшитмаган ҳолатларга тушдим: хўрландим, зўрландим. Қочиш учун ҳам уриниб кўрдим, уддасидан чиқолмадим. Ҳамидбей мени 1000 долларга сотиб олганини, менга уйланмоқчилигини айтди. У билан яшолмаслигимни, мени ўзим билан келган қизларнинг ёнига қайтаришни сўраб ялиниб-ёлвордим. Қаттиқ жаҳли чиқиб кетди, аммо кетишимга қаршилик қилмай телефон ва ҳужжатларимни қайтариб берди. Фақат менга тўлаган пулини қайтармасам, ернинг тагидан бўлсаям топишини айтди. Қаҳратон қишда, айни қалин қор ёғган кунларда кўчада қолсам-да, ундан қутулганимга шукур қилиб чиқиб кетдим.

Ватандош қизларни Telegram орқали аранг топиб бордим. Етиб бориб биринчи қилган ишим интернет орқали Telegram'да ҳамма танишларимга битта смсни юбордим: “Мени сотиб юборишди. Ёрдам беринг, мени бу ердан қутқаринг”. Ишқилиб ҳаракатларим самарасиз қолмади: тақдир мени ўз қишлоғимдан келиб шу ерда ишлайдиган аёл Рухсора опага рўпара қилди.

“Бу қиз сенга. Менга 1000 доллар бериб, кейин пулингни икки ҳисса қилиб чиқариб оласан”

Рухсора опа бу ерда оиласи билан яшар экан. Шунгами, опага нисбатан ишончим бор эди. Аммо бир ҳафталар ўтиб у ҳам мени бир жойга етаклаб борди ва ўзбекистонлик қизлар билан таништирди. Гап орасида уларнинг ичида ёши каттароғига: “Бу қиз сенга. Менга 1000 АҚШ доллари бериб, кейин пулингни икки ҳисса қилиб чиқариб оласан. Ундан кейин бунга билет олиб бериб жўнатворасан”, деди.

Қаерга келганимни ва улар нима иш билан шуғулланишини тушундим. Мен ўз ватандошим томонидан иккинчи марта сотилган эдим. Борар жойим, додимни эшитадиган одам йўқ эди.

Кечга томон қизлар ясаниб кўчага чиқишар эди. Борган жойимизнинг номини билмайман, лекин эски, хароба бир ер эди. Ўша ерда улар “мижоз” кутишар экан. Билардимки, улар билан “ҳамкасб” бўлишим ёки қутулиш чорасини топишим керак эди. Ҳужжатларим уларнинг қўлида, айтганларини қилмасам қаттиқ калтакланардим.

Улар мен учун сарфлаган пулни қандай бўлмасин чиқармагунча кетолмаслигимни билиб, Ўзбекистондаги холамга Telegram орқали боғланишга рухсат сўрадим. Мен учун пул жўнатишини, кейин бу ердан кетишим ва ҳеч кимга чурқ этмасликка ваъда бердим. Телефонимни сўраб олиб холамга вазиятни ётиғи билан тушунтирдим ва у тез орада пул юборишини айтди. Шундан сўнг пулни кутиб улар мени бошқа бу “ишга” мажбурлашмади.

Афсуски, ўзи ҳам қўл учида кун кўрадиган холамнинг ҳам бунча пули йўқ эди. Лекин бир амаллаб Туркиядаги “Ўзбек хотин-қизларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти”нинг телефон рақамларини топиб мурожаат қилган экан. Бир неча кун ўтиб мен яшаётган манзилга полиция билан биргаликда жамият раҳбари Озода опа келди.

Аввалига уларга ҳам ишонишим қийин бўлди. Холамга телефон қилиб беришгандан кейингина ишондим. Шу жамият ёрдамида юртимга, оилам бағрига қайтдим.

Мени полиция қўлига топширишдан олдин улар ҳақида чурқ этмаслигимни тайинлашди. Лекин ўзаро гапларини бехос эшитганим учун бундай қилолмайман. Ҳозир Андижондан бир оиланинг уч қизи уларнинг олдига “ишлагани” бориш учун тайёргарлик кўришяпти. Уларнинг ҳам бошига менинг куним тушиши аниқ. Таниганимда эди, уйларига бориб хабардор қилган бўлардим.

Шу ўринда бир нарсани таъкидлашни истайман, фарзандларингизнинг бирор камчилиги учун зинҳор ишончини сўндирманг. Айниқса қизларингизни. Ўзимни оқламоқчи эмасман, лекин кўзи кўрмайдиган, оёғи юрмайдиганлар ҳам дунёга татигулик ишлар қилаётганини кўрдим. Бунга эса аввало оиладаги билдирилган ишонч, қўллаб-қувватлаш сабаб деб ўйлайман. Болангизни пул билан қўллаш шарт эмас, унга энг яхши ва энг керакли эканини англатишингиз кифоя. Шунда у адашмайди, ўз ўрнини қаерлардандир ахтармайди, бировлардан меҳр кутмайди.

Шу ўтган 22 кун мобайнида кўрган-кечирганларим кўз олдимдан кетмаяпти. Ўша қўрқув, хавотир, пушаймон мени тарк этмайди. Уйда ота-онам олдида ҳам бошим эгик. Бу ёғига қандай яшашни билмайман.

***

Хорижда сотилган ўзбек қизларининг кетишига фақат моддият сабаб бўлмаган

Қизни ватанга қайтаришда кўмак берган “Ўзбек хотин-қизларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти” психологи Гулираъно Эролованинг айтишича, унда кучли руҳий стресслар таъсири сақланиб қолган.

“Қиз оғир руҳий ҳолатни бошидан кечиряпти. Ҳозир уни реабилитация марказига жойлаштириш чораларини кўряпмиз. Чунки оиласида ҳам у ўзини яхши ҳис қила олмайди. Оилавий муносабатлар бузилган.

Туркияда шундай вазиятга тушиб қолган хотин-қизларга ёрдам беришда бир нарсага амин бўлдимки, уларнинг юртидан кетишларига фақат моддий шароит сабаб бўлмаган. Жуда кўпчилик қизлар психологик зарбалар оқибатида кетишни хоҳлаб қолишади. Улар учун ишлаб пул топиш иккинчи даражали масала. Биринчи навбатда атрофидаги одамлардан, муҳитдан узоққа кетишни, бошқача яшашни ўйлашади. Яъни оилада ўзининг ўрни йўқ, ҳаётга муҳаббати, қизиқиши йўқ, оиладаги аёлларнинг бир-бирига (онанинг қизига, опанинг синглисига) муносабати яхши эмас, нисбатан якдиллик, ўзаро тушуниш йўқ.

Қиз болани, аёл кишини ўз жинсдоши, онаси, опаси, синглиси тушунмас экан, хато қилмасликка, хатодан хулоса қилмасликка, ўз ўрнини топишга қандай ўргансин? Оилавий муносабатларда қиз бола тарбияси юзасидан жуда жиддий камчиликларимиз бор. Буни тузатмас эканмиз, қизларимиз шундай аҳволга тушмаслигига ҳеч ким кафолат бера олмайди”, дейди у.

Суҳбатимизни якунлаб хайрлашар эканмиз, қизнинг оёғига сездирмай разм солдим. Оқсоқланиши у даражада сезилмайди, агар ўзи айтмаса жуда билинарли ҳам эмас. Аммо унга ёшликдан уқтирилган ногиронлик тамғаси фикрига мутлақ ўрнашиб бўлган. У ич-ичидан ўзини ногирон ва “паст тоифали одам” деб ҳисоблайди...

Гулмира Тошниёзова ёзиб олди.

Мавзуга оид