Ўзбекистон | 15:37 / 17.02.2021
12261
2 дақиқада ўқилади

«Ўзбекистон темир йўллари» янги йўналишларда поездлар қатновини амалга оширишни бошлади

15-16 феврал кунлари бир неча янги йўналишларда йўловчи поездлар қатнови илк бор амалга оширилди. Бу ҳақда «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ матбуот хизмати Kun.uz’га хабар берди.

«Ўзбекистон темир йўллари» АЖ томонидан бир қатор янги йўналишларга поездлар қатнови йўлга қўйилмоқда. Жумладан, 2021 йил 15 феврал куни Тошкент марказий вокзалидан «Андижон-Нукус-Андижон» йўналишида йўловчи поезди қатнови илк бор амалга оширилди.

16 февралдан эса «Тошкент-Наманган-Андижон» ва «Андижон-Наманган-Тошкент» йўналишидаги 64/63-сонли йўловчи поезди ўз ҳаракатини бошлади.

Ушбу поезд йўналиши давомида Поп вокзали, Чуст, Тўрақўрғон, Раустон станциялари ҳамда Наманган вокзали, шунингдек, Чортоқ, Уйчи, Ҳаққулобод, Пойтуғ станцияларидан ўтиб, Андижон вокзалига кириб боради.

Бугунги кунгача, «Қўқон-Наманган-Қўқон» ва «Қўқон-Марғилон-Андижон» йўналишларида шаҳарлараро поездлар қатнови йўлга қўйилган бўлса, Фарғона водийси ҳалқа темир йўли бўйлаб электропоезд қатнови ҳам йўлга қўйилди.

Ҳозирги кунга қадар Андижон, Марғилон, Қўқон ва Поп вокзаллари орқали Тошкент, Бухоро, Хива ҳамда Термиз шаҳарларига йўловчи поездлар қатнови амалга оширилиб келинаётган эди.

«Тошкент-Наманган-Андижон» ва «Андижон-Наманган-Тошкент» йўналишидаги 64/63-сонли йўловчи поездининг Наманган вокзали орқали қатнаши Наманган, Андижон, Фарғона вилоятларини ўзаро боғлайди ҳамда аҳолига республиканинг бошқа вилоятларига темир йўл орқали бориб келишларида жуда катта қулайлик яратади», дейилади хабарда.

Мавзуга оид