Ўзбекистон | 13:58 / 20.12.2024
7833
2 дақиқада ўқилади

1 январдан бошлаб ер ёки давлат мулки ҚҚСсиз сотилади

Ҳаётий зарур харажатларни молиялаш учун бюджет тушумлари қанчалик зарур бўлмасин, асосий солиқлар бўйича ставкалар ўзгармайди, деди президент.

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича жорий йил якунлари ва 2025 йилга асосий режалар юзасидан видеоселектор йиғилиши ҳамда етакчи тадбиркорлар билан мулоқот бошланди.

Президент минтақадаги энг қулай ва жозибадор бизнес муҳитини сақлаб қолиш учун барқарор солиқ сиёсати давом эттирилишини таъкидлади.

Жумладан, ҳаётий зарур харажатларни молиялаш учун бюджет тушумлари қанчалик зарур бўлмасин, асосий солиқлар бўйича ставкалар ўзгармайди.

Шунингдек, 1 январдан бошлаб ер ёки давлат мулки ҚҚСсиз сотилади, мобил алоқа учун акциз солиғи (10 фоиз) бекор қилинади.

Шаҳар чегарасидаги қишлоқ ерларига 2 карра ер солиғини ҳисоблаш тўхтатилади. Нашриёт корхоналари фойда солиғини тўлашдан 5 йилга озод этилади.

Бундан ташқари, IT-park резидентларига барча турдаги солиқларни тўлашдан озод этиш бўйича имтиёзлар 2040 йилгача узайтирилади.

Хусусий мактаб ва боғчалар, хорижий ўқитувчи ва мутахассислар учун берилган барча солиқ имтиёзлари 2030 йилгача амал қилади.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид