Автозавод ишламаса, Ўзбекистон аҳолиси нима йўқотади? UzAuto Motors вакили жавоб берди
11 март куни депутат ва сенаторлар ҳамда «Ўзавтосаноат» ва UzAuto Motors вакиллари ўртасида мулоқот бўлиб ўтди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.
Депутат Расул Кушербаев автомобилсозлик соҳаси раҳбарларига саволлар билан юзланди.
«Балки мен нотўғри ўйлаётгандирман, сизлар мутахассиссизлар. Тасаввур қилиб кўрайлик, айни пайтда Ўзбекистонда автомобиль ишлаб чиқарувчи завод ишламаса, 34 миллионлик Ўзбекистон аҳолиси нимани йўқотади?» – сўради Кушербаев.
Саволга UzAuto Motors`нинг молиявий масалалар бўйича бошқаруви директори Александр Сахапов жавоб берди.
«Камида 18 мингта иш ўрнини йўқотамиз. Бир нафар ишчи оиласида уч киши бўлса, бу рақамни учга кўпайтиришимиз керак.
Иккинчидан, биз ҚҚС бўйича тўловларнинг ўзидангина 4 триллион сўм миқдоридаги бюджет тушумларини йўқотамиз», – деди Александр Сахапов.
Маҳаллий бозордаги автомобиллар заводдан айрим дефектлар билан чиқиши рад этилди
Расул Кушербаевнинг бошқа бир саволи ортидан муҳокама қизғин кечди, бу савол учун депутат популизмда айбланди.
«Экспорт учун ва маҳаллий аҳоли учун ишлаб чиқилаётган автомобиллар сифатида фарқ бор. Экспорт намунаси жуда яхши дейишади. Мен кўрмаганман. Афсуски, биз экспорт учун мўлжалланган автомобилларни харид қилишдан маҳруммиз.
Ўзимизнинг маҳаллий аҳоли учун ишлаб чиқилаётган автомобиллар эса дефектлар билан чиқарилмоқда. Ҳар бир олинган автомобилни, Сергели бозорига олиб бориб, 400-500 минг сўмдан 1 млн сўмгача янги машинага қўшимча харажат қилиб, резиналарини ўрнатиш керак. Гўёки, тасаввур пайдо бўляпти, завод билан Сергели бозори маъмурияти келишиб олгандек. Боришингиз билан қаерда нима камчилиги борлигини топиб беришади. Янги машинада камчиликлар борлигини кўриб ҳайрон қоласиз.
Савол: экспорт учун сифатли чиқарилаётган автомобиллар нега ўзимизнинг фуқароларимиз учун ҳам шунақа сифатли чиқарилмайди?»
Кушербаевнинг саволига «Ўзавтосаноат» стратегик режалаштириш, таҳлил ва ривожлантириш бошқармаси раҳбари Рустам Қодиров жавоб берди.
«Сифатлар орасидаги тафовут ҳақида. Биринчидан, сифат ва комплектация (жиҳозланиш тўплами) тушунчаларини алоҳида тасаввур қилишларингизни хоҳлар эдим. Негаки, экспорт бозорлари, жумладан Россияда автомобиль комплектациясига ўзига хос талаблар борки, у талаблар Ўзбекистонда йўқ. Масалан, у ёқда иқлим совуқроқ бўлгани учун ўриндиқлар иситиладиган бўлиши керак.
Буни биз ички бозордаги автомобилларга ҳам қўйишимиз мумкин, аммо бу нархнинг кўтарилишига олиб келади. Биз яқинда 500 минг сўм эвазига экспорт учун чиқарилаётган автомобиллардаги мавжуд опцияларни қўйиб бериш бўйича акция эълон қилдик, бу – ўриндиқлар ёки рулни иситиш мосламалари ва ҳоказо.
Ўшанда ҳам ОАВда автомобиль нархи қимматлашгани ҳақида ёзилди. Айни опцияни Сергели бозоридан харид қилиб ўрнатса, 3-4 млн сўмга айланади.
Бизда ўриндиқни иситувчи мослама керак эмас. Россияда, импорт талаби бўйича ўрнатишга мажбурмиз. Кундузги юриш чироқлари масаласида ҳам шундай эди. Ўтган йили Ўзбекистонда ҳам шу талаб киритилди. Биз ҳам ушбу чироқларни ўрнатиб чиқаришни бошладик. Шундай бўлса-да, унинг нархи автомобиль қийматига қўшилмади. Ваҳоланки, ҳар бир деталь 300 минг атрофида бўлганидан кейин, катта суммага айланади. Бунинг барчасини инобатга олишимиз лозим», – деди Рустам Қодиров.
«Ўзавтосаноат» вакилининг айтишича, сифат нуқтайи назаридан ҳеч қандай савол бўлиши мумкин эмас, чунки экспортга ва маҳаллий бозорга етказиб берилаётган автомобилларнинг барчаси бир конвейердан чиқади ҳамда бир хил бутловчи қисмлар ишлатилади.
«Сифат масаласини оладиган бўлсак, экспортга юбориладиган, балки маҳаллий бозорга кетадиган машина ҳам бир конвейердан чиқади. «Брак»лар хусусида тан олиб айтишимиз керак. Қолаверса, буни дунёнинг барча автомобиль ишлаб чиқарувчилари ҳам тан олади, қандайдир камчиликларга йўл қўйилиши бор. Инсон омили бор», – деди Рустам Қодиров.
Депутат Кушербаев, ўз навбатида, нима учун барча автомобилларда бир хил «брак» кузатилади, деган саволни ўртага ташлади.
Бу нафақат «Ўзавтосаноат» вакиллари, балки айрим депутатлар, хусусан, ушбу тадбир ташкилотчиси бўлган «Миллий тикланиш» партияси етакчиси Алишер Қодировнинг ҳам эътирозларига сабаб бўлди.
«Расулжон ака, илтимос қилмоқчи эдимки, «барчаси шундай чиқади» дейишингиз... Сиз депутатсиз. Халқ биздан кўра, сизга кўпроқ ишонади.
Ҳаммаси дефект билан чиқади, деган гапингиз, менимча, озгина популистик гап бўлиб қолади», – деди Рустам Қодиров.
«Расулжон, биз миллий ишлаб чиқарувчимизни бунақа таҳқирламаслигимиз керак. Ҳаммаси шунақа чиқади, деган гапга мен қўшилмайман», – деди Алишер Қодиров.
Шундан сўнг, депутат Кушербаев бошқачароқ ёндашув билан, UzAuto Motors автомобилларининг 10 фоизи нуқсон билан заводдан чиқади, деган фикрни илгари сурди.
«10 фоиз дейишингиз ҳам нотўғри. Рақамлар бўлса, келтиринг», – дея жавоб қилди Рустам Қодиров.
«Ўзавтосаноат» АЖ раисининг иқтисодий масалалар бўйича ўринбосари Рустам Юсупов тортишувга ечим вариантини илгари сурди: у масалага ишонч ҳосил қилиш учун депутатларни UzAuto Motors компаниясининг Асакадаги заводига таклиф қилди.
UzAuto Motors`нинг молиявий масалалар бўйича бошқаруви директори Александр Сахапов айни масалага қўшимча қилар экан, битта конвейердан чиқадиган автомобилларга турли хил эҳтиёт қисмлар ва бутловчи қисмлар қўйишнинг умуман имкони йўқлигини таъкидлади.
«Бугунги кунда компания GM компаниясининг BIQ-3 сифат сертификатига эга, бу дегани «брак» автомобиль ишлаб чиқариш участкасидан чиқмайди. Бундай заводлар дунёда кам. Кореядаги завод ҳам BIQ-4 сертификатига эга.
Экспорт қилинадиган ва маҳаллий бозор учун чиқариладиган автомобилларга бир хил бутловчи қисмлар қўйилади. Кенгроқ тушуниш учун, ҳар 3 дақиқада 1та автомобиль конвейердан чиқади. Экспорт ва маҳаллий автомобиллар учун бошқа-бошқа жиҳозлардан фойдаланиш имконсиз», – деди Сахапов.
Мавзуга оид
15:34 / 20.10.2024
Россиялик депутат Ўзбекистон фуқароларига виза режимини жорий этишга чақирди. Жамоатчилик бунга жавоб қайтарди
15:26 / 10.07.2024
“Ўзавтосаноат” раҳбари президентга: Хитойликлар билан бюджет моделлар ишлаб чиқариш бўйича келишувга эришдик
17:48 / 26.04.2024
12 та йирик корхонадаги давлат улушининг бир қисми оммавий савдога чиқарилади
15:05 / 15.04.2024