Ўзбекистон | 13:20 / 05.04.2022
129029
3 дақиқада ўқилади

Май ойи бошида ўзбекистонликлар неча кун дам олади?

Бюджет ташкилотларида ҳафтасига 6 кун ишлайдиган ходимлар учун май ойининг дастлабки 9 кунидан 6 куни дам олиш кунлари бўлади. Улар 1–9 май оралиғида фақат уч кун ишга чиқадилар.

Ҳафтасига 6 кун ишлайдиганлар учун дам олиш кунлари

Ўзбекистонда май ойи бошида иккита байрам – Рамазон ҳайити ҳамда Хотира ва қадрлаш кунлари нишонланади. Шу боис ой бошида дам олиш кунлари сезиларли кўп бўлади.

2021 йилдан бошлаб ўрнатилган тартибга биноан, қатор байрамлар, хусусан Рамазон ҳайитида ҳам ходимлар камида 3 кун дам олиши белгиланган.

Декабр ойида имзоланган президент фармонига асосан, 2022 йилда ҳафтасига 6 кун ишлайдиган ходимлар учун 4 ва 5 май қўшимча дам олиш кунлари деб белгиланган. Бунда Рамазон ойи 3 апрелдан бошланиши ва 30 кун давом этиб, ҳайит 3 майга тўғри келиши тахмин қилинган.

Рамазон ойи 2 апрел куни бошлангани ҳисобга олинса, ҳайит байрами 2 майга тўғри келиши, шу боис қўшимча дам олиш кунлари олдинга сурилиши мумкин. Шу билан бирга, Ой кўринишига қараб, ҳайит 1 майга тўғри келиши эҳтимоли ҳам бор.

2022 йил май ойи бошидаги дам олиш кунлари – ҳафтасига 6 кун ишлайдиганлар учун*:

  • 1 май, якшанба – одатий дам олиш куни
  • 2 май, душанба – Рамазон ҳайити – ишланмайдиган байрам куни*
  • 3 май, сешанба – қўшимча дам олиш куни*
  • 4 май, чоршанба – қўшимча дам олиш куни*
  • 8 май, якшанба – одатий дам олиш куни
  • 9 май, душанба – Хотира ва қадрлаш куни – ишланмайдиган байрам куни

* Рамазон ҳайити Ой чиқишига қараб 1 май ёки 2 май куни нишонланади. Қўшимча дам олиш кунлари шунга мувофиқ сурилиши мумкин.

Ҳафтасига 5 кун ишловчилар учун май ойида қўшимча дам олиш куни белгиланмаган. Бироқ улар ҳам 3–4 май (душанба–чоршанба) кунлари дам олишади. Аниқроғи, 5 кун ишловчиларнинг 7 май (шанба) ва 14 май (шанба)даги дам олиш кунлари Ҳайит байрамидан кейинги кунларга кўчирилади.

2022 йил май ойи бошидаги дам олиш кунлари – ҳафтасига 5 кун ишлайдиганлар учун*:

  • (30 апрел, шанба – одатий дам олиш куни)
  • 1 май, якшанба – одатий дам олиш куни
  • 2 май, душанба – Рамазон ҳайити – ишланмайдиган байрам куни*
  • 3 май, сешанба – 7 май, шанбадан кўчирилган дам олиш куни*
  • 4 май, чоршанба – 14 май, шанбадан кўчирилган дам олиш куни*
  • 8 май, якшанба – одатий дам олиш куни
  • 9 май, душанба – Хотира ва қадрлаш куни – ишланмайдиган байрам куни

* Рамазон ҳайити Ой чиқишига қараб 1 май ёки 2 май куни нишонланади. 7 ва 14 майдан кўчирилган дам олиш кунлари шунга мувофиқ сурилиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, бюджет ташкилотларида қўшимча дам олиш кунлари ҳар йилги меҳнат таътилининг давомийлигини қисқартириш ҳисобига қопланади.

Мавзуга оид