Қирол Чарлз III га расман тож кийдирилди
Вестминстер аббатлигидаги Чарлз III га тож кийдириш маросимига 203 та давлатдан 2300 меҳмон, жумладан, 100 га яқин давлат раҳбарлари таклиф этилган.
6 май, шанба куни Вестминстер аббатлигида Чарлз III га Буюк Британия ва Ҳамдўстликнинг бошқа давлатлари қироли сифатида тож кийдириш маросими бўлиб ўтяпти. Натижада, 2022 йил 8 сентябрда расман тахтга ўтирган Чарлз III давлат бошлиғи бўлади ҳамда мамлакат қонунларини ва ўзи олий ҳукмдори саналувчи Англикан черковини ҳимоя қилишга қасамёд келтиради.
Яқинлашиб келаётган ёмғирга қарамай, Лондонда минглаб одамлар кўчаларда тўпланишди, улар бўйлаб монарх ва унинг рафиқаси, қиролича-консорт унвонига эга бўлган Корнуолл ҳерцогиняси Камилла ўтиши керак.
Маросим хавфсизлиги ҳарбийлар томонидан таъминланади. Британиянинг BBC медиа-компанияси хабарига кўра, Лондоннинг Ватерлоо вокзалига бутун қироллик гарнизонларидан Вестминстер кўпригига жўнатилган 5000 нафар қуролли аскар етиб келган. Бу 1965 йилда бош вазир Уинстон Черчиллнинг дафн маросимидан бери Британия темирйўлларида ҳарбий хизматчиларнинг энг йирик ҳаракатидир, дея хабар беради Network Rail темирйўл компанияси.
Тож кийиш маросими тахминан икки соат давом этиши кутилмоқда. Унга 203 мамлакатдан 2300 нафар меҳмон, жумладан, Британия қироллик оиласи аъзолари ва 100 га яқин давлат раҳбарлари таклиф этилган. Таклиф қилинганлар орасида Германия президенти Франк-Валтер Штайнмайер, Европа комиссияси раиси Урсула фон дер Ляйен, Франция президенти Эммануэл Макрон, Испания қироли Филипп VI ва қиролича Летиция, Япония валиаҳд шаҳзодаси Акишино ва Япония валиаҳд маликаси Кико, АҚШнинг биринчи хоними Жил Байден бор. Американинг ABC телеканали эслатишича, Америка давлати мустақилликка эришганидан бери Британия монархининг тож кийиш маросимида АҚШнинг биронта ҳам президенти қатнашмаган.
Россия президенти Владимир Путин ва Беларус раҳбари Александр Лукашенко Украинада давом этаётган уруш фонида тож кийдириш маросимига таклифнома олмаган. Айни пайтда меҳмонлар орасида 5 май куни АҚШдан тижорий рейс билан Лондонга келган Сассекс ҳерцоги Чарлз III нинг ўғли Ҳарри ҳам бор.
Маросим якунида Чарлз III ва ҳерцогиня Камилла Букинҳэм саройига боради.
Чарлз III нинг тож кийиш маросими 1066 йилдан бери Вестминстер аббатлигидаги 40-тадбир. Илгари Уэлс шаҳзодаси Чарлз унвонига эга бўлган Чарлз III 2022 йил сентябрида онаси қиролича Елизавета II 70 йил тахтда ўтирганидан сўнг вафот этганида Буюк Британия ва бошқа 14 та ҳудуд қироли бўлди.
Мавзуга оид
16:29
Узоқ кутилган ҳуқуқми ёки қалтис йўл? Британиядагилар эвтаназия масаласида баҳслашмоқда
20:19 / 26.11.2024
Британияда дунёдаги энг кекса эркак вафот этди
19:07 / 26.11.2024
Украина армиясига ёлланган британиялик Россияда асирликка тушди
17:39 / 26.11.2024