Англияда эвтаназияни жорий этишга биринчи уриниш 2014 йилда амалга оширилган, аммо ўшанда қонун лойиҳаси парламентдан ўтмаган. Ўтган ўн йил ичида жамиятнинг бунга муносабати ўзгарди. Октябр ойида ўтказилган ижтимоий сўровда британияликларнинг 67 фоизи эвтаназияни жорий этишни ёқлаган, атиги 13 фоизи бунга қарши, деб ёзади BBC.

Муносиб ўлим ҳуқуқи

Ҳозирда Буюк Британияда ўз жонига қасд қилишга ёрдам сўраб мурожаат этиш тақиқланган. Тиббий кўрсатмаларга асосланган бўлса ҳам, кимнидир ўз жонига қасд қилишга ундаш 14 йилгача қамоқ жазосига сабаб бўлиши мумкин. Агар шифокор бедаво касалликка чалинган беморнинг ҳаётдан кўз юмишига кўмаклашса, унинг ҳаракатлари умрбод озодликдан маҳрум этиш билан жазоланиши мумкин бўлган қотиллик сифатида баҳоланади.

Қонун лойиҳасининг муаллифи, лейбористлар партиясидан депутат Ким Ледбитер, ушбу лойиҳа эвтаназияни суиистеъмол қилиш ва унга мажбурлашга қарши дунёдаги энг кучли кафолатларни назарда тутишини таъкидлади. У Financial Times газетасига берган интервюсида тиббиёт мутахассислари ва ҳуқуқшунослар билан узоқ маслаҳатлашганини, шунингдек, эвтаназия жорий этилган мамлакатлар ва ҳудудлардаги тажрибани синчковлик билан ўрганиб чиққанини маълум қилди.

Унинг фикрича, қонун лойиҳаси нафақат ўлимга олиб келадиган беморларга ёрдам беришни, балки уларни максимал ҳимоя қилишни ҳам кўзда тутади.

Худди шундай қонун лойиҳалари ҳозир Шотландияда ҳамда Британияга тегишли бўлган Ла-Манш бўғозидаги Жерси оролида тайёрланмоқда.

Эвтаназия либерал сиёсатчилар ва фаоллар томонидан кенг қўллаб-қувватланмоқда. Британия гуманистик ассоциацияси раҳбари Эндрю Копсоннинг фикрича, ҳаётдан кўз юмаётган беморлар учун паллиатив парвариш уларни азоб-уқубатлардан тўлиқ ҳимоя қилолмайди. Шу сабабли, айрим британияликлар эвтаназияга рухсат берилган мамлакатларга боришга мажбур бўлмоқда. Копсоннинг ташкилоти секуляризм, атеизм ва биоэтика соҳасидаги ислоҳотларни тарғиб қилади.

Копсон узоқ ва азобли тарзда ҳаётдан кўз юмган, эвтаназия ҳақида орзу қилган инсонларни мисол қилиб келтиради. “Инсоннинг эркинлигини кенгайтирувчи барча либерал ижтимоий ислоҳотлар ўз даврида баҳсларга сабаб бўлган, аммо улар тўғри бўлиб чиққан”, — деб ёзади фаол.

Қонун лойиҳасини қўллаб-қувватловчи жамоат кампаниясининг юзи сифатида телебошловчи Эстер Рансен хоним ва 38 ёшли мусиқа ўқитувчиси Натаниэл Дай каби давоси йўқ саратон касаллигига чалинган машҳур шахслар танланди. Уларнинг таъкидлашича, касаллик уларга ҳаётни қадрлашни ўргатган, шу билан бирга муносиб ва оғриқсиз вафот этиш ҳуқуқининг муҳимлигини ҳам кўрсатган.