Ўзбекистон | 15:00 / 17.02.2026
1392
4 дақиқада ўқилади

Миср ва Ўзбекистоннинг қишлоқ хўжалиги йўналишидаги ҳамкорлигининг янги босқичи сари қадам

"Uzagrostar Xolding" томонидан ҳамкор ташкилотлар билан бирга Миср қишлоқ хўжалиги тажрибаси Ўзбекистонда татбиқ этилади. Картошка уруғчилигини ривожлантириш, резавор мевалар етиштириш, илмий-ҳамда амалий тажриба алмашиш Миср қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда йирик ташкилотлари билан ҳамкорликда амалга оширилади. Ўзбекистон делегациясининг Мисрга хизмат сафари давомида манфаатли келишувларга эришилди.

3-5 феврал кунлари Томорқа ер эгалари ва деҳқон хўжаликлари фаолиятини ривожлантириш ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кенгайтириш бўйича кенгаш раиси С. Аннакличев, “Туронбанк” АТБ раиси Ч. Мирзаев, “Uzagrostar Xolding” директори Ф. Муҳиддинов ҳамда “Bulung‘ur – Agro Star” директори М. Бозорбоев иштирокида Мисрга хизмат сафари ташкил этилди.

Ўзбекистон делегацияси мамлакатимизнинг Қоҳирадаги элчиси Мансур Қиличев билан биргаликда Мисрда қишлоқ хўжалиги йўналишида амалга оширилаётган йирик лойиҳалар билан танишди, тизимли ва доимий ҳамкорликни йўлга қўйиш борасида бир нечта манфаатли ҳужжатлар имзоланди.

Дастлаб, “EFC Plants Tissue Culture S.A.E.” компанияси ижрочи директори М. Салама билан ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Унга кўра, Ўзбекистонда картошка уруғчилиги ва маҳсулот етиштиришни ривожлантириш бўйича турли йўналишларда ҳамкорлик қилиш назарда тутилган.

Кейинги босқичда “Bulung‘ur Agro-Star” ихтисослашган компанияси, “EFC Plants Tissue Culture S.A.E.” компанияси, Ўзбекистоннинг Мисрдаги элчихонаси ҳамда Миср Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ўртасида картошка мини-туганакларини етказиб бериш ва етиштириш бўйича Ўзаро ҳамкорлик шартномаси имзоланди.

Мазкур ҳужжатга мувофиқ, Миср компанияси “Hermes” навли G0 авлодига мансуб 250 минг дона картошка мини-туганакларини Ўзбекистонга олиб келади.

Шунингдек, лойиҳага масъул сифатида Миср компаниясининг илғор мутахассислари Ўзбекистонга юборилади. Улар Самарқандда уруғ етиштириш, ер тайёрлаш, экиш ва ҳосилни йиғиш жараёнларида бевосита иштирок этиб, ўз таклиф ва тавсияларини бериб боради. Шунингдек, суғориш ва ўғитлаш дастурларини ишлаб чиқади.

Маълумот учун, G0 авлоди — лаборатория шароитида вируслардан холи ҳолда етиштириладиган энг тоза уруғ авлоди ҳисобланади.

Миср қишлоқ хўжалиги тадқиқотлари маркази директори А. Абделазеем билан ўзаро англашув меморандуми ҳам имзоланди.

У қуйидаги йўналишларда ҳамкорликни кўзда тутади:

— Картошка ишлаб чиқариш ва уруғчилигини ривожлантириш;

— Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ва органик ўғитлардан фойдаланишни кенгайтириш;

— Ноёб экин навларини ишлаб чиқиш, рўйхатдан ўтказиш ва тарқатиш;

— Хурмо дарахти етиштириш ва хурмо ишлаб чиқариш бўйича Миср тажрибасини Ўзбекистонда қўллаш;

— Чорвачиликда наслни яхшилаш ва илмий-амалий тажриба алмашиш.

Ташриф мобайнида Ўзбекистон делегацияси Мисрда амалга оширилаётган йирик агро-саноат лойиҳаси “Mustaqbal Misr” (Egypt’s Future) компанияси фаолияти билан танишди.

Қоҳирадаги учрашувда ерости сувларидан самарали фойдаланиш ва замонавий агролойиҳаларни амалга ошириш тажрибалари намойиш этилди. Делегация “Янги Дельта” ҳудудидаги йирик лойиҳалар билан танишиб, амалга оширилаётган ишлар кўлами, режалаштириш даражаси ва уларнинг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашдаги аҳамиятини юқори баҳолади.

MAFA (Magrabi Agriculture) компанияси билан олиб борилган музокаралар ҳам муваффақиятли якунланди. Учрашув давомида “Toshkent – Agro Star” базасида қулупнай плантациясини ташкил этиш, хорижий компаниянинг илғор агрономларини Ўзбекистонга олиб келиш ва тажриба алмашиш борасида келишувга эришилди.

MAFA — Мисрнинг йирик қишлоқ хўжалик компаниясидир. Унинг асосий фаолияти мевалар ва сабзавотлар етиштириш, қайта ишлаш ва экспорт қилиш. Компания маҳсулотларини 55 дан ортиқ мамлакатга экспорт қилади.

Реклама ҳуқуқи асосида

 
 
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш