Жамият | 14:25 / 05.03.2021
33982
4 дақиқада ўқилади

Бувайдадаги қотиллик: оиладаги нотинчлик куёв қайнотани ўлдиришига олиб келди

Фарғона вилояти Бувайда туманида куёв ўз қайнотасини чопқи билан ўлдирган. Шунингдек, уйига кетиб қолган ҳомиладор рафиқасига ҳам оғир тан жароҳати етказган. Воқеага оиладаги ўзаро келишмовчилик сабаб бўлган.

Қотиллик 2 мартдан 3 мартга ўтар кечаси Бувайда туманининг «Оқтепа» МФЙда содир бўлган. Янги қишлоқ маҳалласида туғилган 19 ёшли куёв К.И. қўшни қишлоқ — «Оқтепа» маҳалласида истиқомат қилувчи қайнотаси А.И. ҳамда ўзининг ҳомиладор рафиқаси С.И.ни ўзаро оилавий келишмовчилик сабаб чопқи (дасткалла) билан чопиб ташлаган. Оқибатда қайнота А.И. оғир тан жароҳати олиб, кўрсатилган тез тиббий ёрдамга қарамасдан, вафот этган. Унинг қизи С.И. эса шифохонанинг жонлантириш бўлимига ётқизилган.

Воқеа маҳалланинг ўзида Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги, вилоят ва туман масъуллари ҳамда маҳалла аҳли иштирокида муҳокама қилинди.

Йиғилишда бош прокурорнинг биринчи ўринбосари Баҳриддин Валиев, ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Шуҳрат Собиров вилоят ва туман ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбарлари иштирок этишди. 

Бош прокурорнинг биринчи ўринбосари Баҳриддин Валиев
Ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Шуҳрат Собиров

Учрашувда ушбу жиноят содир этилишига оиладаги доимий равишдаги турли келишмовчиликлар сабаб бўлгани қайд этилган. Фуқаро К.И. аёли С.И. билан шаърий никоҳдан ўтиб яшаб келган. Маҳалла аҳлининг маълум қилишича, келин ҳозирда Фарғона вилояти марказий шифохонасининг жонлантириш бўлимида ҳушсиз ҳолда қолмоқда. Аҳволи оғир. 

Воқеа гувоҳларидан бири — марҳум А.И.нинг акаси Анваржон Исмоилов бўлган воқеани Kun.uz мухбирига қуйидагича ҳикоя қилиб берди.

Анваржон Исмоилов

«Укамники билан уйимиз ўртасида бир девор бор, холос. Хабар топишим билан югуриб кирдим. Кирсам — «тез ёрдам» келган экан. Улар ҳам шошилинчда ишлашди. Замбилни олиб киришга қарашдим. Уй ичига кирсам — ҳаммаёқ қон. Укам ҳушсиз полда ётибди. Шифокорлар бошини боғлаган бўлишига қарамай, тинимсиз қон оқарди. Олиб чиқдик ва «тез ёрдам» машинасига ортиб, шифохонага олиб кетдик.

Олиб кетишимизда машина ичида укамнинг қўли осилиб қолди. Кейин билсак, қўли ҳам синган экан. Шифохонада ёрдам кўрсатилишига қарамай, укамнинг жони узилди. Уни шу даражада ваҳшийларча ўлдирганки, бундай воқеани фақат киноларда кўрганман. Кўрганларимни сўз билан таърифлаб беришим қийин. Укам бундай ўлимга лойиқ эмас эди», дейди марҳумнинг акаси.

Саидбек Қазақов

Бувайда тумани ИИБ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлими, профилактика катта инспектори, подполковник Саидбек Қазақов Kun.uz мухбирига берган интервьюсида бу ҳодисага профилактика инспекторлари билан яхши иш олиб борилмагани ҳам сабаб эканини айтиб ўтди.

«Ушбу воқеа бизга жуда катта сабоқ бўлди. Профилактика инспекторлари билан ишни тўғри йўлга қўя олмаганимиз — бизнинг айбимиз. Келгусида бундай ҳолатларнинг олдини оламиз. Ҳудудлардаги нотинч оилалар билан янада кўпроқ ишлаймиз», деган у.

Олия Акбаровна

Бувайда тумани Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи Олия Акбаровнанинг маълум қилишича, Оқтепа қишлоғи туман марказидан 9 км узоқликда жойлашган. Қишлоқ «қизил ҳудуд»га тушган. Шаръий никоҳда бўлган фуқаролар К.И. ҳамда С.И. маҳаллада нотинч оилалар рўйхатида турган.

«Биз маҳалла вакиллари иштирокида оила аъзолари билан бир неча марта суҳбатлашганмиз. Яраштириш ишларини олиб борганмиз. Оила шаръий никоҳда яшаб келган. Уларга бир неча бор оилаларини қонунийлаштириш бўйича маслаҳатлар берганмиз. Бу воқеа бизнинг туманга, шу қишлоққа катта доғ бўлди», деди ҳоким ўринбосари.  

Айни пайтда мазкур воқеа юзасидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Жиноят иши вилоят прокурори назоратига олинган.

Файзулло Султонов, Kun.uz мухбири

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид