Жаҳон | 15:45 / 30.04.2026
4432
8 дақиқада ўқилади

Россиянинг оташкесим таклифи, Эрондаги уруш нархи ва Қодировни қўллаган Путин – кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

Эрондаги уруш нархи

Чоршанба куни Пентагон мулозими АҚШнинг Эрондаги уруши ҳозиргача 25 миллиард долларга тушганини маълум қилди. Бу ҳарбий можаронинг нархи бўйича берилган биринчи расмий ҳисоб-китобдир.

Назоратчи вазифасини бажарувчи Жюл Ҳерст Вакиллар палатаси қонун чиқарувчиларига ушбу маблағларнинг катта қисми ўқ-дорилар учун сарфланганини айтди. 25 миллиард долларлик харажат – NASAʼнинг жорий йилги бутун бюджетига тенгдир.

Бироқ Пентагон 25 миллиард долларлик рақамни қандай ҳисоблаб чиққани ноаниқлигича қолмоқда. Чунки ўтган ойда Трамп маъмурияти расмийси урушнинг дастлабки олти кунининг ўзиёқ — АҚШга камида 11,3 миллиард долларга тушганини тахмин қилганди.

Мудофаа вазири Пит Ҳегсет қонун чиқарувчиларга Эронда ядро қуроли бўлмаслигини ҳисобга олган ҳолда, бу харажатлар ўзини оқлашини айтди.

АҚШ 28 февралдан бошлаб Исроил билан ҳамкорликда Эронга зарбалар беришни бошлаганди. Ҳозирда икки томон мўрт сулҳни сақлаб турибди. Пентагон Яқин Шарққа ўн минглаб қўшимча кучларни, жумладан, минтақада учта авиаташувчи кемани жойлаштирди. Ушбу можарода АҚШнинг 13 нафар ҳарбийси ҳалок бўлди, юзлаб киши яраланди.

Уруш бошланганидан бери нефт ва табиий газ етказиб беришдаги узилишлар, истеъмол нархларининг юқорилигига қўшимча равишда, АҚШда бензин ва ўғит каби қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари нархи кескин ошган.

Доналд Трампнинг ўзи эса кеча нефт компаниялари раҳбарлари билан учрашиб, «блокадани керак бўлса ойлаб давом эттириш ва бу жараёнда Америка истеъмолчиларига таъсирни минималлаштириш қадамларини» муҳокама қилган.

«Улар ядровий қуролдан холи бўлиш тўғрисидаги келишувни қандай имзолашни билишмайди. Яқин орада ақлларини йиғиб олишса яхши бўларди!» деди Трамп ижтимоий тармоқдаги постида. Аммо бундай келишув нимани кўзда тутишига аниқлик киритмади.

Ушбу постда унинг қора кўзойнак тақиб, пулемёт ушлаган ҳолда: «Энди яхши йигит бўлиш даври тугади» сарлавҳаси остидаги сурати жойлаштирилган.

Эрон эса, модомики унга таҳдид қилинаётган экан, бўғоздаги ҳаракатни тўсишда давом этишга ваъда бермоқда.

Путин ва Трамп суҳбати

Владимир Путин 9 май – Ғалаба куни муносабати билан Украина урушида вақтинчалик оташкесим режимини жорий этишга тайёр. Путин бу ҳақида чоршанба куни Доналд Трамп билан телефон мулоқоти чоғида айтган.

Трамп билан музокаралар Россия ташаббуси билан бўлиб ўтди ва бир ярим соатдан кўпроқ давом этди. Путин ёрдамчиси Юрий Ушаковнинг сўзларига кўра, суҳбат «дўстона руҳда, очиқ ва ишчанлик кайфиятида» ўтди.

Доналд Трамп Овал кабинетда журналистларга Путин билан гаплашганини тасдиқлади. «Биз яхши гаплашиб олдик, мен уни анчадан бери танийман», деди у. Америка президенти сўзларига кўра, айнан у Россия етакчисига Украинадаги урушда «кичик сулҳ» тузишни таклиф қилган. «Ўйлашимча, у бунга рози бўлиши мумкин», дея қўшимча қилди Трамп. Унинг сўзларига кўра, суҳбат асосан Украина можаросига қаратилган.

Трамп, шунингдек, Путин Эрон ядро дастури атрофидаги вазиятни ҳал қилишда ёрдам беришга тайёрлигини билдирганини, бироқ унга жавобан шундай деганини маълум қилди: «Мен сизнинг Украина урушини тугатиш билан шуғулланишингизни афзал кўрган бўлардим».

9 май учун ўт очишни тўхтатиш таклифи «Пасха сулҳи» схемасини такрорлайди: бироқ ўшанда ҳар икки томон бир-бирини минглаб қонунбузарликларда айблаганди.

Аввалроқ Кремл жорий йил Москвада 9 май куни ўтказиладиган парад — Украинадан келаётган «террорчилик таҳдиди» туфайли қисқартирилган шаклда ўтишини маълум қилган.

Хусусан, парадда ҳарбий техника колоннаси, танклар ва ракеталар бўлмайди, курсантлар ҳам қатнашмайди. Аммо Россия қуролли кучларининг барча турдаги ҳарбийлари ва авиация парвозлари намойиш этилади.

Сеулда собиқ президентнинг жазо муддати узайтирилди

Чоршанба куни Жанубий Корея апелляция суди мамлакатнинг собиқ президенти Юн Сок Ёлга нисбатан одил судловга тўсқинлик қилиш иши бўйича чиқарилган ҳукмни 5 йилдан 7 йилга оширди.

Шу йилнинг январ ойида қуйи суд Юн Сок Ёлни мансаб ваколатини суиистеъмол қилганлик ва бошқа айбловлар билан 5 йилга озодликдан маҳрум этган эди.

Алоҳида ўтказилган суд жараёнида эса Юн 2024 йилда кутилмаганда ҳарбий ҳолат жорий этгани учун «исён кўтариш» жиноятида айбдор деб топилиб, умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

Юнга қўйилган айбловлар унинг 2024 йилдаги қисқа муддатли ҳарбий ҳолат ҳаракати билан боғлиқ.

Шунингдек, Юннинг рафиқаси, собиқ биринчи хоним ҳам ҳафта бошида коррупцияга оид бошқа жиноятлари учун узоқроқ муддатга қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

Ҳозирда Юн президентлик даври билан боғлиқ жами саккизта суд жараёнига дуч келмоқда. У барча айбловларни рад этиб келади.

Украина зарбалари масофасини оширмоқда

29 апрелга ўтар кечаси Украина Россия ичкарисига — 1500 км масофадаги Урал тоғлари яқинида жойлашган нефт ҳайдаш станциясига дронлар билан зарба берди. Президент Володимир Зеленский Киев ўз зарбалари масофасини оширишда давом этишини таъкидлади.

«Тўғри чизиқ бўйлаб масофа 1500 километрдан ошади. Биз бу масофаларни янада узайтиришда давом этамиз», деди Зеленский.

У буни «Россиянинг уруш салоҳиятини чеклашда Украина қуролларидан фойдаланишнинг янги босқичи» деб атади. Шунингдек, у Россия ичкарисидаги объектга берилган зарба оқибатлари акс этган видеони жойлаштирди.

Кейинчалик Украина Хавфсизлик хизмати тунда Перм шаҳри яқинидаги нефт ҳайдаш станциясига зарба берилганини аниқлаштирди. Перм губернатори ҳам саноат объектида ёнғин чиққанини маълум қилди.

«Транснефт» компаниясига тегишли ушбу станция Россия нефт транспорти учун «стратегик муҳим» тугундир.

Зеленскийнинг сўзларига кўра, Украинанинг Россия ғарбидаги асосий портларига берган узоқ масофали зарбалари натижасида Москва экспортидаги йўқотишлар янги даражага етган.

Феврал ойида Украина дронлари чегара пунктидан тахминан 1750 км узоқликдаги Коми республикасида жойлашган Ухта нефтни қайта ишлаш заводига ҳам зарба берганди.

Қодиров яна лавозимида қолади

Россия президенти Владимир Путин Кремлда Чеченистон етакчиси билан учрашиб, Қодировнинг минтақа раҳбари сифатидаги навбатдаги муддатга номзодини қўллаб-қувватлашини билдирди.

«Умид қиламанки, республика аҳолиси сизни қўллаб-қувватлайди — сизнинг раҳбарлигингиз остида республикада жуда кўп ишлар амалга оширилди ва у сўнгги йилларда тубдан ўзгарди», деган Путин.

Қодиров феврал ойидаёқ, агар Путин уни қўллаб-қувватласа, бўлажак сайловларда иштирок этишини айтган эди. «Новая Газета Европа» манбаларига кўра, Россия президенти администрацияси Қодировнинг янги муддатини ўтган куздаёқ маъқуллаган, бироқ ўша пайтда Путин ҳали якуний қарорга келмаганди.

Оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда Қодировнинг оғир касаллиги ҳақидаги миш-мишлар йиллардан бери давом этиб келмоқда. Тасдиқланмаган хабарларга кўра, унга 2019 йилдаёқ панкреонекроз — «ошқозон ости бези тўқималарининг нобуд бўлиши» ташхиси қўйилган.

Чеченистон раҳбари сайлови жорий йил сентябр ойида бўлиб ўтади. Қодиров минтақани 2007 йилдан бери бошқариб келмоқда.

Фаррух Абсаттаров
Муаллиф Фаррух Абсаттаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид